Бугун Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Жумладан, жорий йилнинг 16 август куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан ва Ўзбекистон Экологик партиясидан, 17 август куни эса Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан ва Ўзбекистон «Адолат» социал демократик партиясидан сайловда иштирок этишга ижозат бериш тўғрисидаги аризалар «E-saylov» ахборот тизими орқали Марказий сайлов комиссиясига келиб тушди.
Сиёсий партияларнинг аризалари тақдим этилган куннинг ўзида уларнинг ваколатли вакиллари ўз партияларининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоси қўйилган имзо варақаларини Марказий сайлов комиссиясига топширдилар.
Марказий сайлов комиссияси томонидан имзо варақаларини текшириш бўйича Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази малакали мутахассислари, ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази ва қуйи тизимлари экспертлари, Тошкент давлат юридик университетининг профессор-ўқитувчилари ва фуқаролик жамияти институти вакилларидан таркиб топган жами 33 нафардан иборат экспертлар гуруҳлари тузилиб, улар тақдим этилган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини сайлов қонунчилигига мувофиқ текшириб чиқдилар.
Текширув натижаларига кўра ҳар бир сиёсий партия 40 мингдан ортиқ ҳақиқий имзо тўплашга муваффақ бўлганлиги аниқланди.
Сайлов кодексининг 69-моддасига мувофиқ сайловда иштирок этувчи партиялар рўйхати аризаларнинг келиб тушиши навбати тартибида марказий матбуотда эълон қилинади. Шунга кўра, сиёсий партиялардан ҳужжатларнинг келиб тушиши навбатига асосан қуйидаги кетма-кетликда сиёсий партиялар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этишга ижозат бериш тўғрисида қарор қабул қилинди:
биринчи – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига;
иккинчи – Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясига;
учинчи – Ўзбекистон Экологик партиясига;
тўртинчи – Ўзбекистон Халқ демократик партиясига;
бешинчи – Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясига.
Маълумки, Сайлов кодексининг 31-моддасига асосан Қонунчилик палатаси депутатларининг ягона сайлов округи бўйича сайловида сайлов бюллетенига унда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг номи, рамзий белгиси уларнинг сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбатига мувофиқ кетма-кетликда киритилади.