Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев бугун, 13 октябрь куни Навоий вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказмоқда.
Учрашувни номзоднинг Навоий вилояти бўйича ишончли вакили, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов очди.
Ишончли вакил кейинги йилларда Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимиз, шу жумладан, Навоий вилоятида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, йирик ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар, уларнинг ҳудуд ривожи ва одамлар турмуши фаровонлигини яхшилашдаги аҳамияти ҳақида тўхталди.
Жорий йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган муҳим ижтимоий-сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига вилоятда пухта тайёргарлик кўрилаётгани қайд этилди.
Шундан сўнг сўз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевга берилди.
Айни пайтда Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилмоқда.