Сайлов – демократик жамиятнинг асоси ҳисобланади. У ҳар қандай давлатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистонда ҳам 2024 йил 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайлови бўлиб ўтади. Мазкур сайловларнинг демократик, очиқ, ошкоралик, қонун устуворлиги тамойиллари асосида ўтиши кўп жиҳатдан мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий вазият ҳамда мукаммал сайлов ҳуқуқи асосларининг мавжудлигига боғлиқ.
Мамлакатимизда эса давлат ҳокимияти органлари ва институтларини сайловлар йўли билан ташкил этиш борасида халқаро нормалар ва андозаларга тўла мос келадиган тажриба шаклланган. Шу ўринда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишнинг муҳим кафолати сифатида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини эътироф этиш мумкин. Конституцияда белгилаб берилган сайловга оид конституциявий тамойиллар асосида Сайлов кодекси қабул қилинган.
Ислоҳотлар, халқаро ташаббуслар томон илдам қадам ташлаётган Ўзбекистон “Ҳар бир сайловчининг овози замирида мамлакатнинг эртанги куни, келажак авлодларнинг ҳаёти ва фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ҳуқуқлари мужассам”, деган шиорга қатъий амал қилмоқда.
Бу Тошкентда ўтказилаётган халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталигининг “Сайловлар демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва янгиланган конституцияни амалда татбиқ этишнинг янги босқичи сифатида” номли сессияда яна бир бор эътироф этилди.
Ҳафталик жорий йилнинг 26 октябрь кунига қадар давом этади. Унда 350 дан зиёд хорижий ҳамкорлар, яъни халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек, йирик бизнес вакиллари, экспертлар иштирок этмоқда. Тадбир доирасида 50 дан зиёд конференция, давра суҳбатлари ва амалий мулоқотлар ташкил этиш режалаштирилган.
Тадбирларда хорижий ва маҳаллий экспертлар, таҳлилчилар Янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар, уларнинг моҳияти, эришилган ютуқлар, мамлакатда вужудга келаётган мутлақо янги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий макон, ташқи ва ички сиёсатнинг устувор вазифалари юзасидан фикр алмашади.
Хорижлик мутахассислар мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тизимли ҳамда босқичма-босқич шаклда имплементация қилинаётганини алоҳида эътироф этмоқда.
Жумладан, Латвиянинг Туриба университети профессори Раймундас Колесникас Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, жумладан, сайловлар ва унга тайёргарлик жараёнини юқори баҳолади.
– Ўзбекистон бугун қийинчиликларни енгиб ўтишга муваффақ бўлаётганини кўриб турибмиз, –деди Раймундас Колесникас. – Бу ислоҳотларнинг муваффақияти бевосита сиёсий иродага боғлиқ. Кузатувчи мутахассис сифатида қайд этишим мумкинки, Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотлар қилишда жуда катта сиёсий ирода кўрсатяпти. Мамлакатингизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишларни хорижлик мутахассислар, жаҳон ҳамжамиятига етказиш жуда муҳимдир. Бу борада мазкур ҳафталик каби халқаро тадбирларни кўпроқ ўтказиш даркор.
Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги давомида “Баркамол ва соғлом авлод – Янги Ўзбекистон келажагининг пойдевори”, “Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва ОАВ, ижтимоий тармоқларнинг кенг ривожланиши – демократик қадриятларни кенгайтириш йўлида”, “Ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва камбағалликни қисқартириш, аҳоли саломатлигини кафолатлаш, гендер тенгликни таъминлаш”, “Эркин фуқаролик жамияти ва нодавлат нотижорат ташкилотларни ривожлантириш” каби бир қатор мавзуларда панел мунозаралар олиб борилмоқда.
Жаҳон банки катта иқтисодчиси Пинар Яшар фуқароларни муносиб иш билан таъминлаш ва уларнинг яшаш шароитини яхшилаш Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланишини таъкидлади. У аниқ натижалардан бири сифатида ишсизлик даражаси йилдан йилга камаяётганига эътибор қаратди.
“Глобал ҳамкорлик орқали барқарор иқтисодий ўсишни рағбатлантириш: инсон капитали ва тадбиркорлик имкониятини кенгайтиришда инновациянинг роли” мавзусидаги давра суҳбатида Жаҳон банкининг Марказий Осиё минтақасида инсон капиталини ривожлантириш масалалари бўйича глобал амалиёт раҳбари Тазин Фосиҳ Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида камбағалликни қисқартиришда энг яхши натижа кўрсатганини эълон қилди.
– Эътироф этишим керак, юртингизда таълим ислоҳоти жадал тус олган, – деди Тазин Фосиҳ. – Иқтисодиётни рақамлаштириш ва ахборот-коммуникация технологиялари кўникмасига алоҳида эътибор берилмоқда. Сессияда ҳамкасбларим макроиқтисодий масалаларга ҳам жиддий эътибор қаратиб, иқтисодиётни ўзгартириш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни ҳақида батафсил маълумот берди. Бу жараён мамлакат иқтисодиёти тобора дунёга очилиб бораётганидан дарак берувчи улкан қадамлардан биридир.
“Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати ва спорт соҳаларида эришилган ютуқлар ва истиқболдаги вазифалар” деб номланган сессияда эса мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати самаралари, спорт соҳасида эришилаётган натижалар ҳақида сўз борди. Унда 2025 йил Тошкент шаҳрида ёшлар ўртасида III Осиё ва V Параосиё ўйинлари ўтказилиши маълум қилинди. Бунинг учун қарийб 100 гектар майдонда Олимпия шаҳарчаси барпо этилаётгани қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳафталик доирасида нафақат Ўзбекистон учун, балки дунё ҳамжамияти учун ҳам муҳим ва глобал мавзуга айланган яшил тараққиёт, хавфсиз туризм, озиқ-овқат хавфсизлиги, замонавий агротехнологиялар ва кичик бизнес соҳаларини ривожлантириш, ташқи сиёсат: тинчлик, очиқлик ва тараққиёт йўлидаги келишувлар бўйича экспертлар таҳлил ва таклифлари ҳам муҳокама қилинмоқда.
Ҳафталик давомида хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган битимлар имзолаш, қўшма лойиҳаларни самарали амалга ошириш борасида келишувларга эришиш кутилмоқда.