Маънавий-маърифий юксалиш стратегияси

“Мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, бу борада амалга оширилаётган чоратадбирларнинг самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялаш — бизнинг олий мақсадимиздир.”

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг партия X съездидаги “Янги Ўзбекистон — инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлатдир” деб номланган дастурий маърузасидан олинган ушбу чўнг ундовда мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти ва мақсад-муддаолари яққол акс этган.

Хоссатан, мазкур маърузада беш йил олдинги сайловолди дастурида эълон қилинган эзгу мақсадларни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш йўлида қандай ишлар амалга оширилгани ва улар қандай улкан натижаларга олиб келгани, пировард истиқболдаги тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишлари аниқ-тиниқ кўрсатиб берилди.

* * *

Кейинги йилларда Президентимиз раҳнамолигида барқарор ривожланишни таъминлаш, халқимиз маънавиятини янги босқичга кўтариш, маънавий баркамол авлодни вояга етказиш ва ҳар томонлама қўллаб­қувватлашга қаратилган кенг кўламли вазифаларни назарда тутувчи кўплаб дастурлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда эса Янги Ўзбекистон стратегиясини юртимизда яшаётган барча миллат ва элатлар, ижтимоий тоифа вакиллари ўртасида кенг тарғиб этиш, унинг бунёдкорлик руҳини ялпи ижтимоий ҳаракатга айлантириш, эртанги кунга ишонч туйғуларини кучайтириш маънавият соҳасидаги ишларимизнинг бош мезонига айланмоқда.

Ушбу тарихий ва объектив ижтимоий­сиёсий жараён, Ўзбекистоннинг маънавий­маърифий йўналишдаги бугунги тараққиёти ҳамда истиқболини белгилайдиган стратегик тамойиллар, амалий фаолият дастурларини яратиш, уларни амалга ошириш учун ниҳоятда муҳим ва зарурий асослар яратмоқда.

АМАЛИЙ ВА САМАРАЛИ ИШЛАР ТАДРИЖИ

Айниқса, жорий йилда бу борадаги ўзгаришлар ва янгиланишлар натижаларига катта таъсир кўрсатаётган, мазкур йўналишдаги ишларнинг мазмун­мундарижасини тубдан яхшилаётган, ушбу соҳанинг мақсади ва моҳиятини белгилайдиган тизимли тадбирлар, амалий ва самарали ишлар бўй кўрсатаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Республика Маънавият кенгаши раиси эканлиги белгилаб қўйилди ва бу айни тизимда энг асосий масъулиятни ўз зиммасига олишнинг яққол натижаси бўлди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Республика маънавият кенгашининг ишчи органи сифатида қайта ташкил этилди, унинг фаолият мезонлари ва бу борадаги устувор вазифалари аниқ­тиниқ белгиланди.

Маънавий­-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, аҳолининг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашга доир чора­тадбирлар дастури тасдиқланди ва бу бўйича самарали фаолият юритилмоқда.

Ҳаракатдаги ижтимоийиқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат дастурларининг мазмун ва моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказишга қаратилган маърифий тарғибот ишлари изчил давом этмоқда.

Иккинчидан, мамлакатимиз миқёсида маънавий­маърифий ишларнинг кўлами ва миқёсини кенгайтириш, унинг янги ва замонавий тизимини шакллантириш, ушбу тизимда фаолият кўрсатаётган соҳа ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг барқарор тизимини йўлга қўйиш, муассаса ва ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш ҳамда самарадорликни оширишга қаратилган устувор йўналишлар белгилаб олинди.

“Тафаккур” ва “Маънавий ҳаёт” журналлари ҳамда “Маънавият” нашриёти Республика Маънавият ва маърифат маркази тасарруфига ўтказилди.

Эътибор беринг: жами 121 миллиард сўм, хусусан Республика Маънавият ва маърифат марказига 10 миллиард сўм, унинг жойлардаги бўлимларига 90 миллиард сўм, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига 20 миллиард сўм, “Маънавият” нашриётига 1 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Учинчидан, жамиятимизнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган ички таҳдидлар — эл­юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ­аймоқчилик, оилавий қадриятлар ва ёшлар тарбиясига эътиборсизлик каби ҳолатларга барҳам беришга қаратилган комплекс тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва у ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Бу борада кенг жамоатчилик, олимлар, мутахассислар, ижодкор зиёлилардан иборат “Маърифат” тарғиботчилар жамияти шакллантирилиб, унинг фаолияти тизимли ва доимий асосда йўлга қўйилди.

Тўртинчидан, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида Ижтимоий­маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилди.

Институт қошида “Маънавият тарихи ва назарияси”, “Маънавий тарбия”, “Маънавий жараёнлар ва технологиялар” каби йўналишларда докторлик диссертацияси ҳимояси учун ихтисослашган кенгаш иш бошлади.

Маънавий­-маърифий тарғибот ишлари самарадорлигининг илмий асосланган мониторингини таъминлашга қаратилган социологик тадқиқотлар ўтказиш, қўлга киритилган натижалар асосида амалиёт учун таклифлар ва тавсия лар ишлаб чиқиш жараёнини тизимли барпо этиш чоралари кўрилди.

Бешинчидан, 2021–2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизими таълим йўналишлари ўқув режаларига бакалавриат босқичида “Маънавиятшунослик”, магистратура босқичида “Касбий маънавият” фанлари киритилди, “PR­менежер” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланишини йўлга қўйиши белгилаб берилди.

“Маънавият тарихи ва назарияси”, “Маънавий тарбия”, “Маънавий жараёнлар ва технологиялар” каби фанлар илм-­фан ихтисосликлари классификаторига киритилди.

Олтинчидан, маънавий­маърифий ва ижтимоий­сиёсий мавзуларда долзарб мақолалар, жамоатчилик вакилларининг илғор фикрлари, шунингдек, мафкуравий жараёнлар таҳлили, соҳага оид янгиликларни тўплаш, тайёрлаш ва тарқатиш мақсадида “oyina.uz” электрон портали фаолият бошлади.

“Madaniyat va ma’rifat” телеканали, Халқаро пресс-клуб ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан биргаликда аҳолининг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтиришга, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашга, баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган мақолалар, ток­шоулар, ижтимоий роликлар, кўрсатувлар, публицистик чиқишлар ва эшиттиришлар тайёрланмоқда.

Еттинчидан, таълим муассасаларида маданий­маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича мутахассис, ҳар бир умумтаълим муассасасида ижодий­маданий масалалар бў йича тарғиботчи лавозими жорий этилди ва ойлик маоши давлат бюджети маблағлари ҳисобидан олий маълумотли ўқитувчи учун ўрнатилган базавий тариф ставкаси миқдорида белгиланди.

Давлат олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида, талабалар сонидан қатъи назар, ёшлар масалалари ва маънавий­маърифий ишлар бўйича проректор (ректор ўринбосари) лавозими жорий этилди.

Саккизинчидан, ҳудудларда ижтимоий­маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли, чунончи, ёшлар онги ва қалбида маънавий фазилатларни юксалтириш, оила ва маҳаллаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида барча туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат масканлари ташкил этилмоқда.

Барча ҳудудлар, давлат органлари ва фуқаролик институтлари раҳбарларининг ўз ҳудуди ва ташкилотида маънавият кенгаши раиси сифатидаги мақоми тасдиқланди, уларнинг чора­тадбирлар дастурлари ҳамда “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий қилинмоқда.

Тўққизинчидан, миллий ғоя тарғиботи ва маънавий­маърифий ишлар йўналишида илмий­тадқиқот ишларига давлат буюртмаси доирасида мақсадли фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни шакллантириш ҳамда белгиланган тартибда молиялаштириш тартиби жорий қилинди.

Маънавий-­маърифий ишларни юқори савияда амалга ошириш, юксак ижтимоий­маънавий муҳитни шакллантиришдаги самарали меҳнати ҳамда ибратли фаолияти учун давлат органлари ва ташкилотлар ходимларига топшириладиган “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони таъсис этилди.

Буларнинг барчаси жамиятимиз маънавий тараққиётида муҳим аҳамиятга эга долзарб масалалар ва ўз ечимини кутиб турган муаммоларни қамраб олган серқирра фаолият олиб борилаётганидан далолат беради.

Бу эса, ўз навбатида, бўлажак сайловларда нафақат маънавият, шунингдек, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан натижаларга сабаб бўлган туб ўзгаришлар ва ислоҳотларни амалга оширган, янгиланишларнинг мустаҳкам пойдевори — тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиб, ҳаётга самарали жорий этаётган O‘zLiDeP номзодининг халқимиз томонидан муқаррар равишда қўллаб­қувватланишини шак­шубҳасиз натижага айлантиради.

МАЪНАВИЙ -МАЪРИФИЙ ТАРАҚҚИЁТ ИСТИҚБОЛЛАРИ

O‘zLiDeP X съездидаги маъруза ва унга асос бўлган “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида бу борадаги саволларга жавоблар муфассал баён қилинган.

Бугунги кунга келиб маънавий соҳадаги воқелик ва жараёнларни ҳуқуқий тартибга солиш ишларини янги босқичга кўтариш ва бунда замон талабларини, Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворини қўйиш эҳтиёжларини ҳисобга олиш зарурати етилган.

Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг кейинги ўн йилликларга мўлжалланган миллий тараққиёт стратегиясида маънавий­маърифий ислоҳотларга алоҳида бўлим ажратилгани бежиз эмас. Унда ушбу соҳадаги серқирра фаолиятнинг мазмун­моҳияти, мақсад­муддаолари, устувор йўналишлари ва долзарб вазифалари очиқойдин ифодасини топган.

Бу жиҳатдан, “Ўзбекистон Республикасининг маънавият соҳасидаги давлат сиёсати тўғрисида” қонунни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш зарурлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Ўз навбатида, бу Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнининг маънавий соҳадаги ўзгаришлари ва инновациялари динамикасини тўлиқ тасаввур этиш имконини беради.

Айни пайтда ушбу қонун давлат сиёсатининг бу жабҳадаги фаолияти, Янги Ўзбекистон стратегиясининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлайди.

Шунингдек, стратегиянинг ҳар бир йўналиши ва турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг қадр­қимматини ва амалий натижаларини изчил ўрганиш, бу билан боғлиқ ҳуқуқий масалаларни замон талаблари нуқтаи назаридан талқин ва таҳлил қилиш вазифаларини самарали ҳал этиш имконини янада оширади.

Ўз навбатида, бу тизимда кейинги йилларда амалга ошириш зарур бўлган фаолият кўлами ва салмоғи, аҳамияти ва йўналишлари, натижадорликка эришиш зарурати “Ўзбекистоннинг 2022–2032 йилларга мўлжалланган маънавий-маърифий тараққиёт стратегияси”ни ишлаб чиқишни ҳамда уни давлат сиёсатининг таркибий қисмига айланишини тақозо этмоқда.

Шунингдек, яқин келажакда бутун мамлакатимиз фуқароларининг маънавий­маърифий соҳалардаги ҳаёти, фаолияти ва турмуш тарзини ифодалайдиган яхлит ҳужжатлар мажмуи — “Ўзбекистон жамиятининг маънавият кодекси”ни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш чора­тадбирларини кўриш лозимлигидан далолат беради.

Бу жиҳатдан, барча ҳудудлар ва ташкилотларда кенг жамоатчилик, хусусан “Аҳоли орасида маънавий-маърифий ишлар тизимини янада оптималлаштириш бўйича ҳаракатлар дастури”ни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Айни саъй­ҳаракатлар жамиятимиз маънавий ҳаётининг динамик ўзгаришлари механизмларини такомиллаштириш ва ушбу жараённинг самарадорлигини янада оширишга ёрдам беради.

Шу муносабат билан, аҳолининг таълим тизими билан қамраб олинмаган қисмида “Янги Ўзбекистон стратегияси” номли кенг қамровли ўқув-услубий ва инновацион таълим-тарбия модули лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни тизимли амалга ошириш биринчи даражали вазифага айланди.

Модул бўйича маъруза ва амалий машғулотлар, ўқувлар ва тарбиявий соатлар Янги Ўзбекистон стратегияси бутун халқимизнинг ўзига хос фалсафасига айланиши, ижтимоий тафаккури ва тарихий хотирасидан мустаҳкам ўрин эгаллашига хизмат қилиши лозим. Ушбу йўналишда “Жамиятимиз маънавий-маърифий ҳаёти янгиланишлари динамикасини таъминлашнинг долзарб вазифалари” мавзуида республика доимий илмий­амалий семинари фаолиятини йўлга қўйиш ва унинг машғулотлари мунтазам ўтказилиши кутилган натижаларни бериши мумкин.

Айни пайтда, маънавият ва маърифий ислоҳотлар тарғиботи билан шуғулланувчи ташкилотлар, улар билан бу борада ҳамкорлик қилувчи нашриётлар, газета ва журналлар таҳририятлари, ижодий жамоалар ҳамкорлигида “Ўзбекистоннинг маънавий-маърифий ҳаёти” рукнида китоб­альбом, рисолалар, мақолалар, турли медиамаҳсулотлар ва бошқа тарғибот материаллари туркумларини тайёрлаш, чоп этиш, уларнинг жойлардаги ташвиқотини самарали ташкил қилишга эришиш лозим.

Оммавий ахборот воситалари орқали, шунингдек, бугунги коммуникацион технологияларнинг имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда, “Жамиятнинг маънавий-маърифий ҳаёти” мавзуси бўйича вебсайтлар очиб, улар орқали турли тилларда маълумотларни мунтазам бериб бориш, бу соҳада амалга ошаётган демократик ўзгаришларни атрофлича ўрганишга ҳамда холисона қарашларнинг шаклланишига имкон яратади.

* * *

Амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишларнинг натижадорлигига эришиш имкониятлари мавжудлиги шубҳасиздир. Ушбу мураккаб ва серқирра жараёнда маънавий­маърифий ҳаётнинг барча жиҳатлари ва одамларнинг бу билан боғлиқ тафаккур тарзи бир кунда ва автоматик тарзда ўзгариб, янгиланиб қолмайди, албатта.

Бугунги даврнинг ижтимоий­сиёсий эҳтиёжларига мос келадиган янги маънавий тизим ва тафаккур тарзи тўла­тўкис оёққа туриб олиши учун эса O‘zLiDeP номзоди Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни бажаришимиз, бу борада ҳам масъулиятни англаш ва тўғри йўлни танлаш фурсати келди.

Рўзимурод ЧОРИЕВ,

педагогика фанлари доктори