ЕХҲТ делегацияси Конституциявий комиссия фаолияти билан танишди

Мамлакатимиздаги муҳим сиёсий жараён — Конституциявий ислоҳотлар хорижий давлатлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг диққат марказида бўлиб турибди. Улар мазкур жараёнларни кузатиб, ўрганиб, ўз муносабатини билдирмоқда.

2022 йил 20 июль куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ/ДИИҲБ) Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси делегацияси Владимир Мисев бошчилигида Олий Мажлис Қонунунчилик палатасига ташриф буюрди. Делегация аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссиянинг раиси Акмал Саидов билан учрашди. 





Мулоқот аввалида Акмал Саидов меҳмонларга конституциявий ислоҳотлар юзасидан атрофлича маълумот берди. Бош қомусимизда “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойилларини мустаҳкамлаш, турли ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари бош мезон бўлишини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлиги, ерга эгалик қилиш ҳуқуқи, фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини конституциявий даражага кўтариш, давлат ҳокимияти асосларини янада такомиллаштириш долзарблиги ҳақида фикр юритилди. 

Таъкидланганидек, аҳолининг Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ўз таклифларини монеликсиз юбориши учун барча қулайликлар яратилди. Хусусан, аҳолининг конституциявий ислоҳотлар жараёнидаги фаоллигини янада ошириш мақсадида мобиль алоқа компаниялари орқали 30 миллиондан ортиқ абонентга ўз таклифларини Конституциявий комиссиянинг барча платформаларига юбориш мумкинлиги тўғрисида 3 марта эслатма тариқасидаги СМС-хабарномалар юборилди. Натижада Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси қизғин ўтмоқда. Бугунги кунга қадар 88 мингдан зиёд таклифлар келиб тушди. Бунда айниқса, ёшлар фаол иштирок этиб, таклифларнинг 70 фоизга яқини айнан улардан келиб тушаётгани диққатга сазовордир. 





Ўз навбатида, делегация раҳбари В.Мисев ва делегация аъзоси К.Дашуциналар берилган батафсил ва таҳлилий ахборот учун миннатдорлик билдирдилар. Самимий ва конструктив руҳда ўтган суҳбат давомида сиёсий жараёнлар ҳақидаги саволларига батафсил жавоб олишди.

Делегация аъзолари Конституциявий комиссиянинг Таклифлар билан ишлаш гуруҳи фаолияти билан яқиндан танишди. Конституциявий комиссиянинг Матбуот хизмати ходимлари билан ҳам учрашди. Мулоқотлар чоғида аҳолига конституциявий ислоҳотларга оид ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти ҳақида тезкор, холис ва тўлиқ ахборот етказиш мақсадида ОАВ, жумладан, телевидение, радио, газета ва журналлар ҳамда интернет нашрлари билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатилгани ҳақида маълумотлар берилди.