Екатеринбургда ўзбекистонлик талабалар ва меҳнат муҳожирлари билан учрашувлар ўтказилди

Мамлакатимизнинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаси Урал федерал округида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ва вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ҳамюртларимиз билан тизимли ишларни олиб бориш доирасида Қурбон байрами муносабати билан ватандошлар билан қатор учрашувлар ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Свердловск вилоятининг Верхняя Пишма шаҳридаги “Имом Бухорий” номли масжидда ташкил этилган тадбирда Екатеринбургдаги диаспора фаоллари ва вилоят Қонунчилик мажлиси депутатлари билан биргаликда иштирок этилди.

Бош консул Абдусалом Ҳотамов Россияда, хусусан, Свердловск вилоятида хорижий фуқароларга, жумладан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ва талабалар учун ўз диний эътиқодини амалга ошириш учун яратилган шароит ва эркинликлар учун миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон Президенти томонидан Россияда бўлиб турган меҳнат муҳожирларига кўрсатилаётган эътибор, жумладан, жорий йил Россия Федерацияси ҳудудида очилган Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграция агентлигининг қўшимча ўнта вакиллиги, уларнинг зиммасига Ўзбекистон раҳбарияти томонидан юклатилган вазифалар ва қилинаётган ишлар ҳақида ахборот берилди. 

Урал давлат кон-металлургия ва Урал давлат тиббиёт университетларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан бўлиб ўтган учрашувда мамлакатимиз Бош қомусига киритиш таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти борасида атрофлича маълумот берилди.

Шунингдек, Қорақолпоғистонда содир бўлган воқеаларнинг асл сабаблари, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида ушбу ҳудудни ободонлаштириш ва янада ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларига маҳаллий ва хорижий сармояларни жалб этиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳақида сўзлаб берилди.