Ўзбекистонда таҳсил олаётган хорижлик талабалар сони ортмоқда

Хорижлик талабалар сонининг мунтазам ўсиши Ўзбекистон таълим тизимининг халқаро рақобатда ўз ўрнини мустаҳкамлаб бораётганини кўрсатади. Бу эса олий таълим муассасалари олдига таълим сифати, халқаро дастурларни кенгайтириш ва талабалар учун қулай академик муҳит яратиш каби янги вазифаларни қўймоқда.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь–август ойларида 14 минг 216 нафар хорижий фуқаро Ўзбекистонда таълим олишни бошлаган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 28,8 фоиз юқоридир. Энг кўп талабалар Туркманистондан (4 603) ва Ҳиндистондан (3 477) келган.

Шунингдек, Тожикистон (1 392), Хитой (710), Покистон (700) ва Жанубий Корея (553)дан ҳам сезиларли миқдорда ёшлар таҳсил олмоқда. Рўйхатда АҚШ (319), Буюк Британия (110) ҳамда Жанубий Африка Республикаси (98)дан келган талабалар борлиги ҳам эътиборга лойиқ.

Мазкур рақамлар Ўзбекистон олий таълим муассасалари халқаро майдонда тобора эътироф этилаётганидан далолат беради. Маълумки, географик ва маданий яқинлик сабабли қўшни давлатлардан талабалар оқими кучли, Ҳиндистон, Покистон ва Жанубий Корея каби мамлакатлардан ҳам ёшларнинг Ўзбекистонда таълим олишга қизиқиши ортиб бораётгани кузатилмоқда.