Маълумки, БМТнинг Атроф-муҳит бўйича 6-Ассамблеясида (UNEA-6) 11-резолюция қабул қилинган бўлиб, унда қишлоқ хўжалигида ўта хавфли пестицидларни муомаладан чиқариш ва муқобилларга ўтишни рағбатлантириш ҳамда уларнинг мавжудлигини таъминлаш учун самарали чоралар кўришга эътибор қаратилган.
Агроэкологик амалиётни такомиллаштириш ва уларни интеграциялаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “2030-йилгача атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси”, “Қишлоқ хўжалигини 2030-йилгача ривожлантириш стратегияси”, “Органик қишлоқ хўжалиги ва органик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳамкорликда ҳамда Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида “Хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш бўйича техник кўмак” лойиҳасини амалга ошириш бўйича семинар ташкил этилди. Унда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси техник ҳамкорлик бўлими раҳбари Вим Риепма, ФАО нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари Шерзод Умаров, вазирлик ва идоралар вакиллари, халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, миллий ва халқаро экспертлар иштирок этди.
Семинар давомида лойиҳанинг мақсад ва вазифалари тақдим этилди. Иштирокчилар лойиҳанинг кўлами, концепцияси ва кутилаётган натижалар билан таништирилди.
– Ўзбекистонда илк бор хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқаришга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда дейди Азиз Абдуҳакимов. – Ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистонда тегишли қонунчилик тамойилларини амалга ошириш, умуман олганда, келажакда хавфли кимёвий моддалардан тўғри фойдаланиш мақсад қилинган. Маълумки, Собиқ иттифоқ даврида юртимизда пахта етиштириш давомида жуда хавфли пестицидлар ишлатилган. 450 дан ортиқ кичик-кичик аэропортлар бўлган ва уларда жуда катта миқдорда хавфли моддалар йиғилиб қолган. Бундан ташқари, айрим корхоналарда ҳам кимёвий моддалар мавжуд. Лойиҳада ана шу зарарли моддаларни сув ва тупроқ таркибидан ажратиб олиб, уларни қайта ишлаш технологияларини жорий қилишга катта эътибор қаратилмоқда.
Тадбирда қайд этилишича, мамлакатимизда сўнгги йилларда эскирган ёки таъқиқланган пестицидлар захиралари ва заҳарли кимёвий моддалар сақланадиган идишлар кўмилган 8 та объектда консервация ишлари олиб борилди, яна 2 та объектда консервация ишлари бошланди ва битта объектда реконструкция ишлари олиб борилди.
– Ўзбекистон ҳукумати ва ФАО билан ҳамкорлигимиз эскирган чиқиндиларни тозалаш, чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш ва пестицидлар чиқиндиларини ишлаб чиқаришни қисқартириш орқали атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш жамоавий мажбурият намунасидир дейди Вим Риепма. – Биз ҳамкорликда кимёвий чиқиндиларни бошқаришдан ҳам кўпроқ ишларни амалга оширамиз. Зараркунандаларга қарши комплекс кураш, саломатлик ва экологик хавфлардан хабардорлик соғлом, экологик тоза ва иқтисодий жиҳатдан фойдали қишлоқ хўжалиги сектори кафолатидир.
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, қўшма лойиҳани амалга ошириш зарарли кимёвий моддалар ва улар билан боғлиқ чиқиндиларни бошқариш механизмлари ва воситаларининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида хавфли пестицидлардан фойдаланишни қисқартириш, шу жумладан пестицидларни алмаштириш ва улардан фойдаланишни қисқартиришни назарда тутувчи муқобил усулларни жорий этиш ва илгари суриш имконини беради. Қишлоқ хўжалиги ходимлари ўртасида ўта хавфли пестицидлардан фойдаланишни камайтириш зарурлиги тўғрисида тушунтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилади. Шу билан бирга, бу лойиҳа қишлоқ хўжалигида зарарли кимёвий моддалардан фойдаланиш билан боғлиқ мавжуд муаммолар кўламини англашга хизмат қилади.
– Мазкур лойиҳа чиқиндиларни бошқариш юзасидан Миллий стратегияни ишлаб чиқиш, қишлоқ хўжалигидаги хавфли чиқиндилар бўйича яхшироқ маълумотлар базасини ҳосил қилишга замин яратади ва хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарини яратади дейди Шерзод Умаров. – Бундан ташқари, лойиҳа қишлоқ хўжалигида барқарор усулларни тарғиб қилишни кенгайтиришга ёрдам беради, бу эса фермерлар ва истеъмолчилар учун пестицидлардан фойдаланиш хавфини камайтиради. Муассасалар ва аҳолининг қишлоқ хўжалигида хавфли кимёвий моддалардан фойдаланиш билан боғлиқ хавф-хатарлардан хабардорлигини оширишга катта эътибор қаратилади.
Семинар якунида маърузачилар томонидан тақдим этилган иш режалар кўриб чиқилди ва уларни келгусида амалга ошириш шартлари келишиб олинди.