Ўзбекистонда Австриянинг чорвачилик соҳасидаги илғор тажрибаси тадбиқ этилади

Мамлакатимизнинг Венадаги элчихонаси, Австрия қишлоқ хўжалиги кластери, Австриянинг Ўзбекистондаги элчихонаси иқтисодий бўлими ходимлари ўртасида онлайн учрашув ўтказилди.

Онлайн учрашувда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сирдарё, Жиззах, Бухоро вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси туман ва шаҳарлари ҳокимиятлари вакиллари, фермерлар, тадбиркорлар ҳамда Австриянинг қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб борадиган етакчи компаниялари вакиллари иштирок этди.

Унда чорвачилик, сут ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳаларида Австриянинг бой тажрибаси ҳақидаги маълумотларга эга бўлиш, ушбу йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни мамлакатимиз ҳудудларида амалга ошириш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.

Тадбирда Австрия қишлоқ хўжалиги кластери раҳбарияти 2024 йил 25-30 ноябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган сафари давомида мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасидаги катта салоҳияти билан яқиндан танишганини таъкидлади. Австрия томони чорвачилик соҳасида узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан манфаатдор эканлигини тасдиқлади.

Австриянинг «Rinderzucht», «Fleckvieh», «Genetic Austria», «Schaumann Agri» ва «Bertsch-Laska» каби етакчи компаниялари вакиллари ўз тақдимотларида наслли ва зотдор молларни парваришлаш, уларни озиқлантиришда самарали усуллардан фойдаланиш, юқори сифатли сут, гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш бўйича тажрибалари ҳақида сўзлаб бердилар.

Учрашув якунида янги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон фермерлари ва тадбиркорлари ҳамда Австрия компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйишга келишиб олинди.