Кейинги йилларда дунёни кутилмаган таҳдидлар, зиддиятли муносабатлар, экологик оқибатлар, геосиёсий қарама-қаршиликлар ва ўзаро ишончсизлик инқирози ташвишга солмоқда. Бундай мураккаб даврда миллий давлатчилик, ҳудудий ва минтақавий хавфсизлик масалалари ҳам тобора жиддийлашиб бораверади. Шу маънода, бугун давлатлар ва сиёсий етакчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларда англашинув, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва ишонч муҳитининг қарор топиши нақадар зарурлиги кундай аён.
Шундай бир қалтис вазиятда Ўзбекистон бугун ўз бағрига тараққийпарвар мамлакатларни чорлаётган халқаро мулоқот майдонига айланди, давлатимиз раҳбари нафақат минтақа, балки дунё халқларини ўйлантираётган ўткир муаммоларни дадил кўтариб, уларнинг оқилона ечимлари хусусида илғор ташаббусларни илгари сураётган фаол етакчилардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Сўнгги йилларда кўплаб нуфузли, истиқболли тузилмалар, жумладан, ШҲТ, ТДТ, ИҲТ, МДҲ давлат раҳбарлари йиғилишлари ҳамда БМТ доирасидаги ташкилотлар саммитлари мамлакатимизда муваффақиятли ўтаётгани халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда.
Ўтган ҳафтада Тошкент яна бир нуфузли тузилма – Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитига мезбонлик қилди. Президентимиз раислигида “Ҳамкорликда иқтисодий барқарорлик ва тараққиёт сари” шиори остида бўлиб ўтган саммитда ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари билдирган фикрлар, илгари сурилган таклифларда ўзига хос якдилликни кузатиш мумкин. Бу, албатта, кун тартибидаги масалалар иштирокчи мамлакатлар учун бирдек долзарб эканини билдиради.
Жумладан, давлатимиз раҳбари аъзо давлатлар ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳали ишга солинмаган катта имконитялар, салоҳият мавжудлигини таъкидлади. Мазкур тузилмага аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо кўрсаткичи 85 миллиард доллар бўлиб, бу уларнинг умумий ташқи савдосининг атиги 8 фоизини ташкил этганига урғу берилди. Имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уринишлар кутилган самарани бермаётгани, тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов ва муаммолар сақланиб қолаётгани айтиб ўтилди.
Президентимиз ИҲТ доирасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлаш мақсадида “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концептуал ҳужжатини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди. Ушбу муҳим ҳужжатда ўзаро савдони рағбатлантириш, транспорт-коммуникациявий боғлиқликни кучайтириш, саноат кооперациясини фаоллаштириш, энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, туризм ва маданий-гуманитар алмашинув соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш каби асосий йўналишларга эътибор қаратиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек Президентимиз саммит кун тартибидаги бир қатор муҳим масалалар юзасидан ўз амалий таклифларини билдириб, уларнинг муҳокамаси учун Ўзбекистон қулай ва фойдали майдон вазифасини бажаришга тайёр эканини маълум қилди.
Хусусан, ўзаро инвестициялар оқимини кўпайтириш, уларни ҳимоя қилиш ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича Қўшма ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш ҳамда ҳудудлараро саноат кўргазмасини ташкил этиб, унинг дастлабки тадбирини 2024 йилда юртимизда ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
Иқлим билан боғлиқ хатарлар тобора ортиб бораётган бир даврда иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида самарали ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 2024 йилда бўлажак Самарқанд иқлим форуми доирасида Экология масалалари бўйича юқори даражали платформанинг биринчи анжуманини ўтказиш таклиф қилинди.
ИҲТ Котибияти ҳузурида аъзо мамлакатларнинг туризм маъмуриятлари ва етакчи экспертлардан иборат Туризм бўйича маслаҳат қўмитасини ташкил этиш ҳамда унинг илк учрашувини ташкилотнинг туризм пойтахти деб эълон қилинган Шаҳрисабз шаҳрида ўтказиш таклифи илгари сурилди.
Албатта, бундай ташаббусларни дунёни яхлит кўрадиган, унинг ҳар қандай нуқтасидаги оғриқни ўзиникидек қабул қиладиган, инсон қадрини энг юксак қадрият сифатида биладиган олийжаноб, буюк шахс ўз қўлига олади. Президентимизнинг турли халқаро тузилмалар минбарларидан туриб дадил илгари сураётган конструктив ғоя ва лойиҳалари жаҳон ҳамжамияти томонидан маъқулланиб, дунёда, айниқса, минтақамизда барқарор ривожланишни, тинчлик-осойишталикни таъминлашга катта ҳисса қўшаётгани замирида ҳам айнан шу ҳақиқат мужассам.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида сиёсий доира етакчилари эътиборини халқаро муносабатлар тизимида фундаментал ўзгаришлар юз бераётгани, жаҳон миқёсида ишонч инқирози кузатилаётгани, глобал хавфсизлик институтлари фаолиятидаги муаммолар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш кучаяётгани ва буларнинг барчаси кенг кўламдаги кескинлик ортишига сабаб бўлаётганига қаратди.
Бундай мураккаб шароитда давлатлар қандай йўл тутмоқ керак?
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бу саволга аниқ жавоб берди. Аввало, амалий ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни тор доирадаги манфаатлардан юқори қўйган ҳолда, мамлакатларни жипслаштириш ғоясини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Жумладан, Президентимиз БМТ минбарида туриб “Аминманки, халқаро ҳамжамиятнинг қўллови билан Марказий Осиё бирдамлик йўлидан боришда давом этади. Марказий Осиёни тинч ва гуллаб-яшнаётган ҳудудга айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатида бундан буён ҳам устувор мақсад бўлиб қолади”, дея ишонч билан таъкидлади. Ҳа, бугун амалий ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва ҳамкорлик руҳи ҳар қачонгидан-да муҳим аҳамият касб этиб бораётган бир даврда Марказий Осиё давлатлари яхши қўшничилик, стратегик шериклик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш йўлидан бораётгани эътиборлидир.
Албатта, тиллари, диллари бир-бирига яқин халқлар азалдан хоҳ у хусусий, хоҳ у умумий бўлсин, ҳар қандай масалага доноларча ечим топа олган. Президентимизнинг қатъий сиёсий иродаси, бугунги кунда борган сайин тақчиллашиб бораётган миллатлараро мулоқотни сақлаб қолиш, уни мустаҳкамлашга бўлган катта саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимизнинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлганлиги замирида ҳам биз шу ҳақиқатни кўрамиз. Қолаверса, аввал Кенгаш сифатида фаолият кўрсатиб келган ушбу халқаро тузилма таркибига улкан нуфузга эга, дунё цивилизациясининг бешикларидан бири бўлган Ўзбекистоннинг қўшилиши унинг тўлақонли ташкилотга айланишида муҳим ўрин тутганини сиёсатчилар, эспертлар алоҳида таъкидламоқда.
Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг барча аъзо давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш, стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари мазкур ташкилотнинг халқаро нуфузини, глобал миқёсда таъсирини оширишга, азалдан дўст ва қардош бўлган туркий халқларимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Яқинда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарларининг навбатдаги кенгашида Президентимиз “Туркий дунёнинг олий ордени” билан мукофотланди. Албатта, давлатлар ўртасида ўзаро рақобат тобора кучайиб, дунё ҳамжамиятида ўз муносиб ўрнини сақлаб қолиш учун кураш жараёни кескин тус олаётган бир даврда халқаро доирада эришилган бундай эътирофни мамлакатимиз етакчисига берилган энг юксак баҳо деб биламиз.
Маълумки, мамлакатимизнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар билан ҳам савдо-иқтисодий ва гуманитар алоқалари тобора ривожланиб бормоқда. Таъкидлаш жоизки, кейинги бир неча йилда Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик ишидаги иштироки фаоллашди. Ушбу даврда Ўзбекистон Президенти томонидан кўплаб муҳим йўналишлар юзасидан илгари сурилган ташаббусларнинг аксарияти аъзо мамлакатлар томонидан қўллаб-қувватланиб, рўёбга чиқарилди.
Президентимиз яқинда Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун ташкилотнинг олий мукофоти – МДҲ Фахрий нишони билан тақдирланди. Бу, албатта, Ўзбекистоннинг мазкур тузилмада, минтақада тутган ўрни нақадар муҳим эканининг яна бир эътирофидир.
“EkoAvrasya” Евроосиё иқтисодий алоқалар жамғармаси бошқаруви раиси Ҳикмет Эрен Ўзбекистон етакчиси МДҲ доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган ташаббусларни илгари сурганини ўз вақтида ва долзарб, деб билишини қайд этиб, “Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган кўп томонлама ҳамкорликнинг янги узоқ муддатли кун тартибини ишлаб чиқиш мақсадида МДҲ мамлакатларининг етакчи таҳлил марказлари ва экспертларининг конференциясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз”лигини билдирди.
Бу каби халқаро эътирофларни кўп келтириш мумкин. Шуниси эътиборлики, халқаро ҳамжамият кейинги йилларда Ўзбекистон раҳбарининг конструктив ташқи сиёсати туфайли нафақат Марказий Осиёда, балки дунё давлатлари раҳбарлари ўртасида қулай сиёсий муҳит ва ишонч шаклланганини билдирмоқда.
Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг очиқ ва дўстона ташқи сиёсати миллий парламентимизнинг халқаро алоқаларини ривожлантиришимизга ҳам мустаҳкам замин яратмоқда. Президентимиз хорижий давлатларга ташрифи чоғида ҳамда халқаро минбарлардан туриб парламентларнинг халқларни бир-бирига яқинлаштириш, дунёда тинчлик-хотиржамлик ва бирдамликни таъминлаш борасида имконитялари кенглиги, улардан самарали фойдаланиш зарурлигини бот-бот такрорлаб келади.
Хусусан, 2021 йил 6 август куни Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашувида парламентаризмнинг роли ортиб бораётганини ҳисобга олиб, Президентимиз Минтақавий парламент форумини ўтказишни таклиф қилган эди.
Ушбу ташаббусдан кўп ўтмай, яъни 2023 йилнинг феврал ойида Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форуми бўлиб ўтди ҳамда минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни қўллаб-қувватлаш мақсадида парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган Туркистон декларацияси қабул қилинди. 2024 йилда эса форумга Ўзбекистон мезбонлик қилади.
Сўнгги йилларда дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, инсонпарварлик ғояларини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатлар ва халқлар ўртасида дўстона муносабатни кенгайтириш каби йўналишларда парламентлараро алоқаларимиз мунтазам давом этмоқда.
Жумладан, Парламентлараро Иттифоқ, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент Ассамблеяси каби халқаро тузилмалар билан биргаликда бир қатор халқаро форум ва анжуманлар ўтказилди. Бухоро шаҳрида ўтказилган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик” ҳамда Самарқанд шаҳрида кенг жамоатчилик ва дин арбоблари иштирокида ташкил этилган “Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлашда парламентнинг роли” каби йирик халқаро форумларни бунга мисол қилиб келтириш мумкин.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан тузилган Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотига Ўзбекистон илк раислик қилган йилда 10 дан ортиқ тадбир ўтказилиб, 8 та якуний ҳужжат қабул қилинди. Минтақа аёлларининг давлат бошқаруви, превентив дипломатия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, тадбиркорлик ва бизнес, маданият, таълим, фан, санъат, гендер тенглиги каби масалалар юзасидан доимий равишда ўзаро тажриба алмашиб турамиз.
Халқаро алоқаларимиз ҳақида сўз борганда, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган 25 та парламентлараро гуруҳ ва 2 та комиссия фаолияти йўлга қўйилганлигини ҳам мамнуният билан таъкидлаш ўринлидир.
Шунингдек 2022 йилда Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити илк бор МДҲ ҳудудида, айнан юртимизда муваффақиятли ўтказилди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда парламентаризмни ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда жамиятни демократлаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг амалий натижалари жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилаётганига ёрқин мисол бўла олади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти доирасида парламентлараро алоқаларни янада жонлантириш борасида билдирган ташаббуслари ҳам эътиборга моликдир. Бугунги кунда мазкур ташаббуслар ижросини таъминлаш мақсадида “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилмоқда.
2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва ТуркПА ўртасида алоқалар фаол шаклда амалга оширилмоқда. Шундан буён Ўзбекистон парламент делегацияси ассамблеянинг бир қатор тадбирларида фаол иштирок этиб келади.
Бир сўз билан айтганда, миллий парламентимиз ўз фаолиятида ташқи алоқаларни ҳар томонлама ривожлантириш, парламентда гендер тенглик масалаларига эътибор қаратиш, янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизнинг бош принципи – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш йўлида, шунингдек, “Инсон қадри ва манфаатлари учун”, деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини таъминлашга фаол киришган.
Ҳа, миллатимиз етакчисининг манфаатларимиз ҳимоячиси сифатида халқаро доирада илгари сураётган ташаббус ва лойиҳалари прогрессив инсоният томонидан қизғин қабул қилинаётгани, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида ўз муносиб ўрнини тобора мустаҳкамлаб бораётгани халқимизнинг қаддини баланд кўтариб, фахр-ғурур туйғуларини юксалтирмоқда.
Бу ўз навбатида, барчамизни халқимиз, эл-юрт манфаатини таъминлашдек улуғ мақсадлар йўлида бирлашишимиз, масъулиятимизни янада оширишни талаб этади.
Шубҳасиз, буларнинг барчаси нафақат мамлакатимизнинг ички тараққиётига, балки унинг дунё миқёсидаги обрўси ортишига, барча учун очиқ ҳамда ўзаро тенг манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкин бўлган жозибадор ўлкага айланишига хизмат қилмоқда.
Танзила Норбоева,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати Раиси