Ўзбекистон Республикаси Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тинчлик музокарасида муҳим натижага эришилганини олқишлайди, дея баёнот берди Ташқи ишлар вазирлиги.
– Куни кеча Вашингтонда тарихий Қўшма декларация имзоланишига Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикаси етакчиларининг кучли сиёсий иродаси ва қатъияти, шунингдек Америка Қўшма Штатлари Президентининг фаол тинчликпарвар саъй-ҳаракати туфайли эришилди, деб ҳисоблаймиз, – дейилган ҳужжатда.
Томонларнинг можарони бартараф этишга қаратилган кўп йиллик саъй-ҳаракати юқори баҳоланди. Жанубий Кавказда узоқ муддатли тинчлик ва барқарорлик имкон қадар тезроқ ўрнатилиши кенг минтақамиздаги барча халқлар манфаати учун йирик транспорт ва инфратузилмавий лойиҳалар учун замин яратишига ишонч билдирилди.