Ўзбекистон ўзининг бой маданий мероси, тарихий обидалари ва гўзал табиати билан, туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратадиган давлатлар қаторига киради. “Ўзбекистон – 2030» Cтратегиясида Ўзбекистонда ташқи ва ички туризмни ривожлантириш учун кенг шароитлар яратиш орқали сайёҳлар сонини ошириш вазифаси қўйилган.
Хорижий туристлар ташрифи бўйича Ўзбекистон пандемиядан олдинги даражанинг 98 фоизини ташкил этди. Жумладан, 2019 йилда Ўзбекистонга 6 млн. 748 минг нафар хорижий туристлар ташриф буюрган бўлса, 2023 йилга келиб 6 млн. 626 минг нафарга етди. Бу эса мамлакатимизда туризм соҳасининг тез суръатлар билан тикланаётганини кўрсатади.
Ўзбекистонга хорижий туристларни янада кўпроқ жалб қилиш мақсадида виза режимини соддалаштириш чора-тадбирлари, янги йўналишларни ишлаб чиқиш, соҳа билан боғлиқ лойиҳаларга инвестиция киритиш, йирик тадбирларни ўтказиш каби амалий ишлар олиб борилмоқда. Масалан, 2023 йилда умумий қиймати 9,5 трлн. сўмлик 508 та лойиҳа амалга оширилганлиги ҳисобига жами 9 492 та янги иш ўрни яратилди. 183 та янги меҳмонхона ва 232 та хостел фаолияти йўлга қўйилиб, жами жойлаштириш воситалари сони 5 526 тага етди. Шунингдек, 452 та оилавий меҳмон уйи ташкил қилиниб, уларнинг умумий сони 3 458 тага етди. Туристлар учун хизмат кўрсатувчи 810 та янги туристик ташкилот ва турагентлар фаолияти йўлга қўйилиши натижасида уларнинг сони 2 649 тага етди.
2017-2023 йиллар давомида Ўзбекистонга хорижий туристлар сони йил сайин ортиб борди. Хусусан, 2017 йилда 2,7 млн. нафарни ташкил этган бўлса, 2023 йилга келиб 6,6 млн. нафарни ташкил этди, бу эса 2017 йилга нисбатан 2,5 баробарга, 2022 йилга нисбатан эса 1,3 баробарга ошганини кўришимиз мумкин.
Сайёҳлар сони 2023 йилда Япониядан – 5 баробар, Ҳиндистон ва Италиядан – 3,5 баробар, АҚШдан – 2 баробарга ортди.
Ўзбекистонга 2023 йилда келган хорижий туристларнинг 80,7 фоизи қўшни давлатлар, 11,5 фоизи қолган МДҲ давлатлари ҳамда 7,8 фоизи бошқа давлатлар ҳисобига тўғри келмоқда. Шу билан бирга, туристларнинг ўртача қолиши 4-5 кунни ташкил этиб, 2022 йилга (3 кун) нисбатан 1,5 бараварга ортди. Бу эса мамлакатда туристларга ҳар томонлама қулайлик яратилганлигининг натижасидир.
Ички туризмни ривожлантириш бўйича ҳам бир қатор амалий чоралар кўрилмоқда. «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида 15 млн. нафар аҳоли саёҳатга чиқди ва ҳудудлар бўйлаб 21 млн. ташриф уюштирилди. Ижтимоий кўмак сифатида 1,1 минг нафар имконияти чекланган шахс ва 570 минг нафар ёшлар саёҳатга чиқарилди.
2023 йилда туристик хизматлар экспорти 2 млрд. 143,5 млн. долл.ни ташкил этди, бу 2022 йилга нисбатан 1,3 баробар ошганини кўрсатади. Шунингдек, туризм ва унга ёндош соҳалар йўналишида 70 минг нафарга яқин янги иш ўрни яратилди. Бу эса мамлакатда туристларга ҳар томонлама қулайлик яратилганлигининг натижасидир.
Туризмнинг ривожланиши, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллашини таъминламоқда. Масалан, «Жаҳон мусулмон саёҳати индекси» (GMTI-2023) халқаро зиёрат туризми рейтингида Ўзбекистон 140 та мамлакат ичида 13-ўринни эгаллади. «Halal In Travel Awards 2023» тадбирида Хива шаҳри «Йилнинг ислом мероси туризм манзили» совринини қўлга киритди.
2023 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган UNWTO Бош Ассамблеясининг 25-сессиясида Навоий вилоятидаги Сентоб қишлоғи «Best Tourism Village 2023 Awards» номинацияси бўйича ғолиб бўлди. Бундан ташқари, «Lonely Planet» халқаро нашриёт компанияси томонидан 2024 йил учун «Ўзбекистон – энг яхши саёҳат маскани» номинацияси ғолиби бўлганлиги муносабати билан Ўзбекистонга махсус сертификат топширилди.
Ўзбекистоннинг 2024 йилда саёҳат қилиш учун энг яхши давлатлар рўйхатига киритилиши ва «World of Statistics» томонидан бу ҳақда эълон қилиниши, хорижий туристлар сони ортиши ва туризм экспорти ҳажмининг ошишига хизмат қилади. Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг халқаро майдонда янада танилишига ёрдам беради.
Умуман олганда, Ўзбекистонда туризм соҳасининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш тенденциялари ижобий натижаларни кўрсатмоқда. Мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва келажакдаги истиқболлар ҳақидаги таҳлиллар ушбу соҳанинг стратегик аҳамиятини тасдиқлайди. Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030» стратегиясида назарда тутилган туризмни ривожлантиришга оид вазифалар аҳоли даромади ошиши, янги иш ўринлари яратилиши ва халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Искандар Ўроқбоев,
“Тараққиёт стратегияси” маркази Иқтисодий соҳадаги ислоҳотларни мониторинг ва таҳлил қилиш бўлими бош мутахассиси