Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида дзюдо бўйича ёшлар ўртасида ташкил этилган Осиё кубоги ўз якунига етди. Унда дунёнинг 10 та давлатидан келган жами 344 нафар дзюдочи медаллар учун ўзаро рақобатлашди.
“Asian Juniors Cup – 2025” мусобақасининг сўнгги кунида Шоира Аминова, Дурдона Низомиддинова, Асрорбек Тўлаганов ва Алишер Саманов ўз вазн тоифаларида олтин медални қўлга киритган бўлса, Туйгул Ҳамроева, Севинч Маҳмуджонова, Арслонбек Қодиров, Ўлмас Фатиллоев ва Сардорбек Эркинов мусобақанинг бронза медали билан тақдирланди.

Шу тариқа, мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси 8 та олтин, 2 та кумуш, 10 та бронза медалига сазовор бўлди.
Маълумот ўрнида: ўтган ҳафта якунида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасидаги “Almaty Cadets Asian Cups 2025” мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 8 та олтин, 10 та кумуш, 11 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаган эди.