Бир қанотда ёшлар, бошқасида тадбиркорлар
2023 йил жаҳон майдонида ҳам, юртимиз ҳаётида ҳам қизғин кечди. Ўтган йил чиндан ҳам оламшумул воқеалар, катта ютуқлар, барча соҳаларда ривожланишларга бой бўлди. Тарихимизда илк бор халқимиз референдум йўли билан янгиланган Конституциямизни қабул қилди. Мамлакатимиз бир қанча нуфузли тадбирларга мезбонлик қилиб, жаҳон ҳамжамияти эътиборида бўлди. Энг асосийси, яна бир йилни тинчликхотиржамликда кузатдик ва янги 2024 йилни кутиб олдик.
Анъанага мувофиқ, жорий йилни ҳам унга ном бериш билан бошладик. 2024 йил мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилинди. Демак, бу йилда ҳам юртимиз аҳолисининг 60 фоиздан кўпроғини ташкил этадиган ёшлар ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётининг чин маънодаги локомотивига айланган бизнес соҳаси янада қўллаб-қувватланади. Мана шу мақсад атрофида барча вазифалар бирлашиб, юртдошларимиз ҳаётини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар фаол давом этади. Президентимиз халқимизга йўллаган байрам табригида таъкидланганидек, жорий йилда иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратишни янада кучайтириш, илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ижтимоий соҳалар ривожи мутлақо янги босқичга кўтарилади.
Энг биринчи кундан…
“Бизнес” сўзи инглизча иш, машғулот, корхона, деган маъноларни англатади. Шунга кўра, бизнесни қўллаб-қувватлаш, деганда бандликни, машғулликни, иқтисодиётнинг ҳар бир тармоғидаги ривожланиш, ўсиш омиллари, эркин бозор иқтисодиёти ва буларнинг ортидан аҳоли фаровонлигини оширишни тушуниш мумкин. Чунки ҳудудларда бизнес қанчалик ривожланиб, тадбиркорлар сони ортса, аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлиги ошиб, иқтисодий ўсиш шунча юқорилайди.
Охирги йилларда Ўзбекистон тадбиркорлар юртига айланиб боряпти. Бу юртдошларимизнинг, қолаверса, хорижликларнинг эътирофи. Илгари ҳеч қачон бизнес эгаларига бунчалик катта ишонч, имконият берилмаган. 2016 йилдан кейин юртимизда қулай тадбиркорлик муҳити шаклланди. Одамлар бизнес юритишда ҳақиқий эркинликни ҳис қилиб, ўз фаолиятида кўриб, билиб, бу орқали ишига бўлган ишончи ортиб бормоқда.
— Шу йўналишдаги ислоҳотлар авж паллага кирган 2017-2022 йиллар давомида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ҳамда тизим вакиллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида жами 3 мингдан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Актам Ҳаитов. — Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг дастлабки давридаёқ ислоҳотларни айни шу оғриқли нуқтадан бошлагани бежиз эмас. Чунки илгари бир тадбиркор иш бошласа, унинг фаолиятига аралашиш, ҳуда-беҳуда текширувлар билан тўсиқ қўядиганлар кўп эди. Бундай текширувлар аксарият ҳолларда ўзининг салбий оқибатлари сабаб Ўзбекистонда одамлар тадбиркорлик қилишга ҳайиқиб қолгани, бўйинга солинадиган бу тушов туфайли кўп ишбилармонлар банкротликка учрагани ва бошқалар ҳақида ортиқча гапиришга ҳожат йўқ. Йиллар давомида сақланиб келган бу тизимни ислоҳ қилиш ҳам осон бўлмади, аммо ташланган қадам қатъий эди.
Аввало, 2016 йилнинг кузидан бошлаб мамлакатимизда тадбиркорларга муносабат тубдан ўзгарди. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги дастлабки катта қадам бўлди. Зеро, ушбу ҳужжат билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари, шунингдек, уларни жиноят ишлари доирасида муқобил текширишларнинг барча тури бекор қилинганини тарихий кун сифатида эслаш мумкин.
Шу тариқа қатъий қадамлар бир-бирига уланди. Соҳани ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, иқтисодиётда давлат улушини босқичма-босқич камайтиришга қаратилган аниқ манзилли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бизнес юритишга доир рухсатномаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилиб, муддати қисқартирилди. Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тубдан такомиллаштирилди. Давлат хизматлари кўрсатишнинг умумий муддати 787 кундан 471 кунгача қисқартирилиб, тадбиркорлик соҳасида 132 та лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилинди. Давлат идоралари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлардан жами 73 та ҳужжат ҳамда маълумотномаларни талаб қилиш амалиётидан ҳам воз кечилди.
Натижада ички ва ташқи бозорда ўз нуфузи ва брендига эга тадбиркорлар синфи шакллана бошлади. Барча тармоқларда тадбиркорлик муҳити яратилиб, кичик ва ўрта бизнес ҳаётимизга жадал кириб келди. Биргина 2023 йили юртимизда рўйхатдан ўтган кичик тадбиркорлик субъектлари сони 600 мингдан ошгани, мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келаётгани фикримизнинг ёрқин далили. Ушбу тармоқда 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшлар меҳнат қилаётгани хусусий бизнеснинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ҳам ошиб бораётганини яққол кўрсатади.
Жаҳон бозорига чиқиш энди орзу эмас
Ўзбекистон — ўз йўлига эга ва мана шу йўлда дадил ривожланаётган давлат. Давлатимиз бундан 7 йил олдин бизнес вакилларига чин маънода қўл узатди ва уларга катта ишонч билдирди, ҳар қадамида қўллаб-қувватлади. Натижада юртимизда тадбиркор давлатнинг ишончли ҳамкори, давлат эса ҳар бир бизнес вакилининг яқин дўстига айланди. Ҳа, айнан дўстига айланди.
— Ўтган йили янги заводимиз очилганида давлатимиз раҳбари келиб, корхонамиз фаолияти билан танишиш асносида менга “Дўстим, Улуғбек”, деб мурожаат қилганидаги ҳаяжонимни тасвирлаб беролмайман. Президент бир тадбиркорга дўстим, деб ўзига яқин олишининг ўзи ҳар қандай кишига қанот беради, — дейди “Orient ceramic” хусусий корхонаси таъсисчиси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Улуғбек Расулов. — Яна “Мен сен томондаман, нима шароит керак бўлса, қилиб берамиз”, дея алоҳида таъкидлади. Биласизми, бундай ишончдан кейин фақат ишлаш керак. Ишлаганда ҳам ҳалол меҳнат қилиш, фидойи бўлиш керак. Агар давлат қўллаб турса, тадбиркорга ҳам осон бўлади. Бунга ўз фаолиятим мисолида амин бўляпман. Болалигимдан тадбиркорликка қизиққанман ва 1995 йилдан буён шу соҳадаман. Ўшанда фирма очиб, чинни буюмлар ишлаб чиқаришни бошлаганмиз. Айтсам, нолишга кирмасин, аммо 2016 йилгача бошимдан кўп нарсалар ўтди. Фаолиятимда жуда катта қийинчилик, тўсиқлар кўрганим учун ҳозирги шароитларни жаннат, десам ҳам бўлади.
Улуғбек ака 2015 йилдан кейин кафель маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишига қизиқа бошлади. Ишга киришай, деб турганида, 2017 йилда тижорат банкларидан бири уни чақириб, пул, завод учун жой таклиф қилди. Таклифни бажонидил қабул қилган тадбиркор 2019 йилда Тошкент шаҳрида кафель ишлаб чиқариш заводи очди. Орадан кўп ўтмай, Тошкент вилояти Оҳангарон туманида ҳам шундай заводни ишга туширди. Охирги 3-4 йилда кафель заводлари сони 4 тага етди. Уларда 1100 дан ортиқ одам ишлайди. Йилига 50-60 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Тайёр маҳсулотлар Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Россияга экспорт қилиняпти.
— Қайси соҳада бўлмасин энг зўри бўлиш керак, — дейди Улуғбек Расулов. — Айниқса, тадбиркорликда энг муҳими ҳалоллик ва сифат. Сифат яхши бўлса, харидор кўп бўлади. Мақтаниш эмас, бизнинг кафелларимиз одам ўзи атай уриб синдирмаса, синмайди. Экспортга жўнатган маҳсулотларимизнинг бари манзилга бутун ҳолда етиб боради. Чунки ишлаб чиқариш жараёнида қанча хомашё талаб этилса, барини соламиз, тежаб қолмаймиз. Яқинда Австриянинг бир компанияси катта пул эвазига бизнесимни сотиб олиш таклифи билан чиқди. Катта пул ваъда қилди. Аммо кўз олдимга қўлимда ишлайдиган ишчилар келди, улар қаерга боради, деган ўй ўтди. Қолаверса, шу Ватан фарзандимиз, бизнесни ҳам ўзимиз қилсак, ўзимизнинг одамлар ишласа, барчамизга манфаатли бўлади.
Улуғбек ака сингари тадбиркорларнинг жаҳон бозорига чиқиб, миллий брендимизни танитишида ҳам давлат яқиндан кўмакчи бўляпти. Гап шундаки, бизнес соҳасига қадам қўйган аксарият инсоннинг асосий мақсадларидан бири хориж бозорларига чиқиш бўлади. Боиси, маҳсулотини маҳаллий бозордан ташқари чет элга сотиш бир неча баробар кўпроқ даромад келтиради. Бу мамлакат иқтисодиёти учун ҳам катта фойда. Шунинг учун юртимизда экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш орқали экспорт ҳажмини оширишга катта эътибор қаратиляпти.
— Жаҳон тажрибасидан маълумки, бизнес вакилларига қанча кўп имконият берилса, эркин фаолияти учун шароит яратилса, давлат иқтисодиёти шунча ривожланиб боради, — дейди Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси раиси Ёрқин Маликов. — Бу рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат ва охирги йилларда юртимизда ана шундай жараён кечмоқда. Яъни тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг ўзимизга хос, миллий ва халқаро талаблар даражасидаги тизими яратилди, бунинг натижасида қулай бизнес муҳити шаклланди. Хусусан, экспорт йўналиши ҳақида гапирадиган бўлсам, ўтган йилнинг иккинчи чорагида унинг кўлами 2022 йилнинг мос даврига нисабатан 27 фоизга ўсгани кузатилди. Кескинлашиб бораётган геосиёсий вазиятларга қарамай, маҳаллий экспортёрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кўлами кенгаймоқда. Тўғри, хорижга маҳсулот экспорт қилиш мушкул иш. Аммо аввалги йиллар билан солиштирганда, ҳозир бу анча осонлашган. Асосийси, нафақат йирик, балки кичик корхоналар ҳам бунинг уддасидан чиқяпти. Ўзбекистонда рақобатбардош маҳсулотлар тури ошиб, шунга мос равишда мамлакатимизнинг экспорт географияси ҳам кенгайиб боряпти. Маҳсулотларимиз доимий бозорлардан ташқари, янги манзиллар, хусусан, Европа давлатларига чиқяпти. Ўтган йили Ўзбекистоннинг экспорт географияси 160 дан ортиқ давлатни ташкил этгани фикримиз исботи.
Тадбиркорларга экспорт йўналишида берилаётган имтиёзлар ҳақида сўз борганида, жуда катта қулайликларни санаб ўтиш мумкин. Жумладан, уларга йўл ҳақи, транспорт харажатларини субсидия асосида қоплаб бериш, маълум давлатга экспорт қилаётганда гувоҳнома, сертификат олишдаги харажатларнинг 70 фоизгача қисмини давлат томонидан тўлаш каби қатор имтиёзлар бериляпти. Бир мисол, бошқа мамлакатда савдо уйи очиш учун олинган бинонинг ҳам 50 фоизи давлат ҳисобидан тўланмоқда. Ҳатто савдо уйи учун олинадиган омборхонанинг ҳам 50 фоизини давлат тўлаб беради. Агар бу реал суммаларда таҳлил қилинса, бизнес вакили тежаб қолаётган харажатлар кўлами яққолроқ намоён бўлади.
Ишбилармонлар ташкилотининг ваколати кенгайди
Тадбиркорлик қулай муҳит бўлган жойдагина ривожланади. Янги Ўзбекистонда ана шу муҳитнинг шаклланиш босқичлари қандай фаоллик билан кечган бўлса, соҳани ривожлантириш ҳам шундай шиддат билан давом этяпти. Ўтган 2023 йил ҳам тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли ишбилармонлигини қўллаб-қувватлаш, бизнес муҳитини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларга бой бўлди. Хусусан, янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизга илк бор қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, мулк дахлсизлиги, бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароит яратиш, суд мустақиллиги бўйича аниқ нормалар киритилди.
— 2023 йил мамлакатимиз бизнес вакиллари фаолиятида алоҳида эътироф этиладиган йил бўлди, десак муболаға эмас, — дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов. — Бу давр фаолияти бевосита тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ бўлган бизнинг ташкилотимиз учун ҳам ғоят қизғин кечди. Биргина тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижаларга эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган йил анча самарали бўлгани кўзга ташланади. Хусусан, палатамиз аъзолари ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари учун судларга умумий қиймати 74 триллион сўмдан ортиқ 571 минг 595 та даъво аризаси киритилди. Тадбиркорлик субъектлари манфаатини ҳимоя қилган ҳолда, 398 ҳолатда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракати (ҳаракатсизлиги)га нисбатан аризалар киритилиб, шулардан 234 таси судлар томонидан қаноатлантирилди. Бундан ташқари, 6163 ҳолатда тадбиркорлик субъектларининг низолари мутахассисларимз аралашуви билан судгача муҳокама (медиация) жараёнида ҳал этилди. Палата нафақат тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, балки норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини тайёрлашда ҳам бевосита иштирок этади. Ўтган йили 365 та лойиҳа бўйича 789 таклиф билдирилгани бунинг тасдиғи. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётган 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш, қўшимча киритиш ва бекор қилиш бўйича таклифлар тақдим этилди ва қабул қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, палата томонидан 220 та енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатини тасдиқловчи сертификатлар ҳам берилди.
Ташқи иқтисодий фаолиятда ҳам яхши самарага эришилди. Уларда бевосита юртимиз ишбилармонлари иштирок этгани, айниқса, манфаатли бўлди. Хусусан, хорижий давлатларда ўтказилган 35 та бизнес-форум ва B2B учрашувларда 1,5 минг нафардан ортиқ, юртимизда бўлиб ўтган 45 та шундай тадбирда минглаб тадбиркорларимиз қатнашиб, хорижлик ҳамкорлар билан аниқ келишувларга эришди. Палата томонидан хорижий ташкилотлар билан 16 та ўзаро англашув меморандуми ҳамда ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Яна бир қувонарли томони, Ўзбекистон — Сингапур Савдо палатаси, Гамбург шаҳрида Ўзбекистон — Германия Иқтисодий палатаси ташкил этилди. Грузия, Миср, Қатар давлатлари билан ишбилармонлар кенгаши тузилди.
Бугун тадбиркорлик энг катта ва айни пайтда миллий иқтисодиётимизнинг муҳим йўналишларидан бирига айлангани рост. Шу боис, ўтган йили 18 декабрь куни давлатимиз раҳбари раислигида ҳудудларда ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва хизматларни ривожлантириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Савдо-саноат палатасига қўшимча ваколатлар берилди. Ҳудудларда ишлаб чиқариш, саноат зоналари ва экспортни амалга ошириш эндиликда Палата зиммасига юклатилди. Экспорт агентлиги ва жамғармаси, “Ўзбекэкспертиза” ташкилоти ҳам унинг тизимига ўтказилди.
— Мамлакатимиз ишбилармонлари эндиликда ҳар қандай фаолияти давомида, яъни ишлаб чиқаришдан тортиб, экспорт жараёнини амалга оширишида керак бўладиган барча зарурий ёрдам бир тизимда, айнан тадбиркорларнинг ўзи бошқарадиган ташкилотда кўрсатилади, — дейди Д. Ваҳобов. — Ушбу йўналишларнинг бари бевосита тадбиркорлик билан боғлиқ бўлгани ҳолда, уларни бир нуқтада бирлаштириш аниқ вазифалар доирасида ҳаракат қилиш ва натижадорликни оширишга имкон беради. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бу тадбиркорларни эшитиш, талаб ва истакларини амалга ошириш учун керак. Улар учун янги имтиёзлар ҳам бериляпти. Биргина тўқимачиликда жорий йил яна 700 миллион доллар қўшимча қиймат яратиш мақсадида янги лойиҳаларга 200 миллион доллар ресурс сифатида ажратилади. Маҳаллий маҳсулотларимизнинг кенг экспорт қилинишида бизнес вакилларига фаол кўмаклашишимиз учун эса Экспорт агентлигига қўшимча 50 миллион доллар ажратилди.
Ҳар бири қаҳрамон, фидойи
Умуман, ўтган йили тадбиркорлар учун кўплаб қўшимча имтиёзлар берилди. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 18 август куни бўлиб ўтган тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти эса соҳани ривожлантиришга оид бир қатор эзгу ташаббусларни юзага чиқарди. 2021 йилдан бошлаб анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур очиқ мулоқот соҳа вакиллари учун йилнинг энг ёрқин воқеаси бўлди, десак янглишмаймиз. Шу куни Президентимиз бизнес вакилларига қарата “Ҳар бир мамлакатда тадбиркорлар катта куч-қудрат бўлиб келган. Ўзбекистонимизда ҳам иқтисодиётни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш, маҳаллаларни обод этишга ҳаракат қиляпмиз. Бунга энг катта ҳисса қўшаётган ким? Тадбиркорлар! Сизлар ҳар бирингиз қаҳрамонсиз, фидойисиз. Биз сизлар билан фахрланамиз”, дея таъкидлади.
Очиқ мулоқотда давлатимиз раҳбари соҳани янада ривожлантириш, тадбиркорларга қулай ишбилармонлик муҳити яратиш юзасидан бешта муҳим йўналишни белгилаб берди. Яъни “Кичик бизнес учун янги имкониятлар”, “Ўрта бизнес — барқарор иқтисодий ўсиш гарови”, “Янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот билан кириш”, “Юқори даромадли корхоналарни кўпайтириш ҳамда содда солиқ маъмурчилиги ва бюрократиясиз қулай муҳит” йўналишлари бўйича ташаббуслар илгари сурилди. Ҳар бири бўйича алоҳида имтиёз берилиб, улар сентябрь ойида қабул қилинган Президент қарори билан мустаҳкамланди.
— 2023 йилда бизнес эгалари, айниқса, ёш тадбиркорларга янада кўпроқ имтиёзлар берилди. Бунинг ортидан соҳага кўплаб йигит-қизлар кириб келганига гувоҳ бўлдим. Ўзимиз ҳам ишимизни кенгайтириб, янги бизнес ҳамкорларни жалб қилдик, ноанаънавий бозорлар очдик, — дейди тадбиркор, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Сардор Турсунов. — Давлат бизга ишониб бераётган имконият, имтиёзлардан максимал фойдаланишимиз керак, деб ўйлайман. Ҳозир фойдаланмасак, эртага кеч бўлиши мумкин. Чунки замон шиддаткор, бозорда эса рақобат кучли. Биргина мисол, биз базальт маҳсулоти ишлаб чиқаришни бошлаганимиздан кейин яна 5 та тадбиркор шундай маҳсулот чиқара бошлади. Чунки имкониятлар кенг, ҳамма ҳам улардан фойдалангиси келади.
“Чипта”, “Чўпон”, “Наврўз”… маҳсулотлар номи шундай
Қибрайлик тадбиркор Алексей Маншаев ҳам доим янгилик қилишга интилади. Унинг “Kanishka fur” МЧЖ корхонасида ишлаб чиқариладиган чарм маҳсулотларининг рақобатчиси кам бўлса-да, тадбиркор тинимсиз янги дизайнлар устида ишлаб, миллий брендимиз остидаги чарм маҳсулотлари турини 300 дан оширишга улгурган. Унинг корхонасида “Чипта”, “Чўпон”, “Миршаб”, “Наврўз” номли сумкалар бор. Миллати ўзбек бўлмаган бу йигит тилимизни чуқур ҳурмат қилади, барча билан ўзбек тилида гаплашади. Дизайнини ўзи чизадиган маҳсулотларга ҳам ўзи ўзбекча ном беради. Миллий бренди орқали ўзбек тилини жаҳонга танитиш ниятида.
— Олий таълимда ўқиб юриб, илк иш бошлаган вақтларим ўзбек тилини умуман билмасдим, — дейди Алексей. — Ўшанда 5 киши билан иш бошлаганмиз. Орадан 20 йил ўтди ва ҳозир корхонамизда 150 га яқин киши ишлайди. Табиий чармни тикиш жуда қийин, унга ҳамма ҳам чидай олмайди. Шунинг учун бўлса керак, бизнинг йўналишда мутахассислар оз, рақобат кам. Аммо соҳада кўплаб солиқ имтиёзлари мавжуд. Ҳар йили ишчилар, техникалар, ишлаб чиқариш қувватларини 10 фоизга оширардик, ҳозир эса икки баробар кўпайтиряпмиз. Олдин текширувлардан қўрқардик, катта иш бошлолмасдик, ҳозир эса, аксинча. Хуллас, имкониятлар кўп, шундай экан, тадбиркор нолимаслиги, муаммони бошқаларга ағдармаслиги, фақат ҳаракат қилиши керак.
Алексей Маншаев ўтган йили кўплаб тадбиркорлар қатори давлатимизнинг юксак мукофоти — “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Президент билан учрашувда тадбиркор “Корхонамиз янги, чиройли, одамлар ишга хурсанд бўлиб келади, сиз бизни бахтли қиласиз, биз уларни ҳурмат қилиб, бахтли қиламиз”, дея ташаккур билдирди. Аслида, Алексей доим шунга амал қилади: тадбиркор ўз ишини яхши кўрадиган, ишчиларини қадрлайдиган бўлиши керак, деб ҳисоблайди.
Янги 2024 йил ўз номига мос ҳолда Алексей каби фидойи, ишнинг кўзини биладиган тадбиркорлар учун яхши янгиликлар билан бошланди. Хусусан, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсман томонидан жорий этилган Тадбиркорларнинг очиқ рейтингига кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб рейтинги юқори корхоналар барча турдаги солиқ текширувларидан озод қилинади. Уларга қўшимча қиймат солиғининг ортиқча қисми бир кунда қайтариб берилади, қўшимча қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини вақтинчалик тўхтатиб туриш амалиёти бекор бўлади. Шунингдек, ушбу санадан бошлаб бир-бирини такрорловчи ҳисоботлар тугатилади, барча ҳисоботлар ягона электрон тизим орқали тақдим этилади, ҳисоботларнинг қоғоз шакли бекор қилинади.
Хуллас, бошланган янги йилнинг ишбилармон доира вакиллари учун тақдим этадиган яхши янгиликлари бисёр. Демак, 2024 йилда нафақат бизнес вакиллари, балки тадбиркорликнинг бошини тутган ҳар бир юртдошимизни янада кўпроқ қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.
Ирода Тошматова, “Янги Ўзбекистон” мухбири