2024 йилда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги соҳаларига асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 25,7 трлн сўмни ташкил этди.
Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумот бермоқда. Бу кўрсаткич мамлакат аграр соҳасига йўналтирилаётган маблағлар изчил ўсиб бораётганини кўрсатади.
Қайд этилишича, инвестицияларнинг асосий қисми хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобига тўғри келиб, уларнинг умумий ҳажми 12,8 трлн сўмга етган. Бу эса соҳада халқаро ҳамкорлик кенгайиб, ривожланиш жараёнларига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатаётганидан далолат беради.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигига инвестициялар қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилган: республика бюджети маблағлари – 2,2 трлн сўм, корхона ва ташкилотлар маблағлари – 2,8 трлн сўм, тижорат банклари кредитлари ва бошқа қарз маблағлари – 1,7 трлн сўм, бошқа молиялаштириш манбалари эса 6,2 трлн сўмни ташкил этган.
Мутасаддилар таъкидлашича, хорижий инвестицияларнинг салмоқли улуши қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий технологияларни жорий қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, бу жараён қишлоқ жойларда иш ўринларини кўпайтириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этади.