Кейинги пайтларда инсонга хос ҳаракатларни турли хил дастурлар асосида бажариш, ижодий фикрлаш қобилиятига эга илм-фан технологиялари шиддат билан ривожланмоқда. Шундай технологиялардан бири ҳисобланмиш сунъий интеллект ютуқлари бугунги кунга келиб ҳар бир инсон кундалик ҳаётига кириб улгурди.
Айни чоғда Ўзбекистонда сунъий интеллект ютуқларидан самарали фойдаланиш билан бир қаторда, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида ундан фойдаланиш чегараларини белгилаш учун соҳанинг ҳуқуқий асосларини яратиш зарурати мавжуд.
Ҳозирга қадар мамлакатимизда сунъий интеллект соҳасидаги муносабатлар 5 та тарқоқ ҳолдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинмоқда. Ушбу ҳужжатлар билан сунъий интеллект технологиялари соғлиқни сақлаш, таълим, иқтисодиёт, ижтимоий ва давлат бошқаруви каби соҳаларга татбиқ этилиши белгиланди.
Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва соҳадаги халқаро стандартларни мамлакатимиз давлат стандартлари сифатида қабул қилиш назарда тутилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан сунъий интеллект соҳасида фаолият юритувчи мутахассис, экспертлар ва ОТМ вакиллари иштирокида “Сунъий интеллект тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари: зарур қадамлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Йиғилишда қайд этилганидек, Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасини тартибга солишда қатор камчиликлар мавжуд. Жумладан, сунъий интеллектга оид қонунчилик базаси суст ҳолатда бўлиб, улар сунъий интеллект билан боғлиқ алоҳида муносабатларни тартибга солмоқда ва соҳадаги муносабатларни тўлиқ қамраб олиш имкониятини бермаяпти.
Мамлакатимизда сунъий интеллект шиддат билан ривожланиб бориб, унга талаб ортаётганига қарамасдан, соҳадаги ягона давлат сиёсати, махсус ваколатли давлат органи фаолияти, сунъий интеллект технологияларига нисбатан давлат стандартлари ва уларни қўллаш мумкин бўлган соҳалар ягона қонун ҳужжати доирасида тартибга солинмаган. Қонунчиликда сунъий интеллект технологияларини қўллаш натижасида юзага келган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари учун жавобгарлик белгиланмаган.
Бу эса сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишда қандай ҳолатлар ҳуқуқбузарлик ҳисобланиши ва мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилганда, асл ҳуқуқбузарни аниқлаш ва уни жавобгарликка тортиш имконини бермайди.
Тадбир иштирокчилари миллий қонунчилигимиздаги ушбу бўшлиқларни тўлдириш мақсадида соҳани тартибга солувчи махсус қонун ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлигини таъкидладилар. Бунда қатор масалаларга эътибор қаратиш зарур бўлади.
Жумладан, “сунъий интеллект” ўзи нималигини аниқ таърифини бериш ва ундан келиб чиқиб сунъий интеллект томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ёки жиноий ҳаракатлар учун тегишли жавобгарликни белгилаш керак бўлади. Шунингдек, сунъий интеллект томонидан қилинган хато ва зарар учун жавобгарни, шу жумладан моддий жавобгарни аниқлаш, махфийлик ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш зарур. Сунъий интеллект қандай маълумотларни тўплаши, тарқатиши мумкинлигини аниқ белгилаб қўйиш лозим бўлади. Ҳимояга муҳтож маълумотларни қандай ҳимоя қилиш зарурлиги, сунъий интеллектни ривожлантириш ва ундан фойдаланишда қандай ахлоқий тамойиллар устунлик қилиши кераклиги белгиланиши лозим.
Барча соҳаларда, шу жумладан тиббиёт, молия, транспорт ва бошқа соҳаларда сунъий интеллектдан фойдаланишни тартибга солиш масаласи, интеллектуал мулк ҳуқуқлари ва бошқалар муҳокама этилди