Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги элчихонаси томонидан Хитойда таҳсил олаётган ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ватандошлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда республикамизда кечаётган кенг қамровли ўзгаришлар, конституциявий ислоҳотлар, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан хориждаги ватандошларга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.
Шунингдек, тадбир қатнашчиларига “Ватандошлар” жамоат фондининг фаолияти ҳақида ҳам сўзлаб берилди.
“Дунё” ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда ватандошларимиз ўзказилган тадбир тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
Алина Галкова, Пекин шаҳридаги электр транспорт воситалари ишлаб чикарувчи корхона мутахассиси:
– Бугунги учрашувда қатнашиб турганимдан мамнунман. Тадбирда мен каби Хитойнинг турли шаҳарларида таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ватандошларим билан мулоқот қилдим.
Тадбирда мамлакатимизда рўй бераётган янгиланишлар, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, муҳим воқеалар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик. Хусусан, биз Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар жараёнини нафақат кузатиб бораяпмиз, балки ўз таклифларимиз билан ҳам иштирок этаяпмиз.
Мутахассислигимдан келиб чикиб шуни айтмоқчиманки, сўнгги йилларда мамлакатимизда “яшил энергетика” соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишда Хитой замонавий технологиялари ва илғор тажрибасини ўрганиш ва тадбиқ этиш ҳам фойдали бўлади, деб ўйлайман. Бу жараёнда мен ҳам фаол қатнашиб, ўз ҳиссамни қўшишга тайёрман.
Саидали Йўлдошев, инглиз тили ўқитувчиси:
– Биз Ўзбекистондаги тараққиёт жараёнларини катта қизиқиш билан кузатамиз. Ўзбекистон тарраққиётига ўз ҳиссамизни қўшиш учун ҳаракат қиламиз. Янги Ўзбекистон тақдири бу биз ёшларнинг тақдиримиздир.
Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистонда фан ва таълимни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган алоҳида эътиборни қадрлаймиз, биз ҳам мамлакатимиз келажаги ва унинг истиқболига ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрлигимизни билдирамиз.
Элчихона ташкил этган давра суҳбати чоғида ҳам кўпгина ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олиш имкониятига эга бўлдик. Бунинг учун элчихонамизга ўз миннатдорлигимни билдирамиз. Чунки бу ерда биз ўзимизни худди ватандагидек ҳис қиламиз.
Фариза Раҳимова, Пекин коммуникациялар ва технологиялар институти талабаси:
– Бугунги учрашув мен учун жуда фойдали бўлди. Мен мамлакатимизга оид сўнгги янгиликлар ҳақида кўплаб маълумот олдим. Шуни комил ишонч билан айтишим мумкинки, мамлакатимиздаги ислоҳотлар реал натижалар беряпти. Конституциявий ислоҳотларимизнинг асосий мақсади “инсон – жамият – давлат” тамойилини ҳаётга кенг тадбиқ этиш экани диққатга сазовор.
Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларда ногиронларни ҳам ҳақ-ҳуқуларининг ҳимоя қилиниши ва уларга соғлом инсонлар каби илм олиш, меҳнат қилиш ва жамиятда ўз ўрнини топишида давлатимиз томонидан кўмак берилиши юқоридаги фикрларнинг амалий тасдиғи деб ҳисоблайман.
Албатта, Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ўзгариш ва янгиланишлар мамлакатимизни янада гуллаб-яшнашига хизмат қилади.
Сардор Сирожев, Шимолий Хитой технологик университети талабаси:
– Авваламбор, барча юртдошларимизни Қурбон ҳайити байрами билан чин қалбимдан табриклайман.
Бугун биз ватандошлар байрамни нишонлаш мақсадида Хитой пойтахти Пекин шаҳрида жойлашган Ўзбекистон элчихонасига ташриф буюрдик. Шу ўринда, Президентимиз томонидан Ватандан узоқда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган биз каби ёшларга қаратилаётган улкан эътибор учун Хитойдаги ватандошлар номидан давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик билдираман. Бу эътиборни оқлаш учун бор куч-ғайратимиз, илмимиз ва салоҳиятимизни сафарбар этишга сўз бераман.
Тадбир давомида биз юртимиз ҳаётига оид муҳим ижобий ўзгаришлар ҳақида фикр алмашдик. Мамлакатимизнинг келгуси тараққиёти ва Янги Ўзбекистоннинг пойдевори учун муҳим асос бўладиган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумотлар олиш имкониятига эга бўлдик.
Биз, Хитойдаги ватандошлар юртимиздаги ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз, бу жараёнларга ўз ҳиссамизни қўшишга интиламиз.