Президентликка “Адолат” социал демократик партиясидан кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимов қашқадарёлик сайловчилар билан учрашди. Номзод ўз сайловолди дастурида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусияти эканлиги хусусида таъкидлаб ўтди.
– Биз депутатларнинг сайловчилар ва партия олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш, фаолиятларини халқ ҳаёти билан яқиндан боғлаш чораларини кўрамиз. Халқ ишончини оқламаган депутатларни чақириб олишнинг ҳуқуқий механизмларини қонунчиликка киритиш чораларини кўрамиз.
Маҳаллий Кенгашларининг вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва озод этишдаги, уларни жавобгарликка тортиш масаласидаги ваколатларини кенгайтиришга ҳаракат қиламиз.
Маҳаллий давлат органлари ва ташкилотларига танлов асосида ишга қабул қилиш ва улар сонини ҳудуддан келиб чиқиб, мақбуллаштиришни илгари сурамиз.
Мақсадимиз – давлат бошқарувининг барча соҳаларида, айниқса, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятида, таълим соҳасида коррупцияни йўқ қилишдир, – деди “Адолат” номзоди.
Шунингдек Баҳром Абдуҳалимов таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмай туриб, жамият ҳаётидаги мавжуд салбий иллатларни йўқ қилиб бўлмаслигини, шу боис бундай назоратни ташкил қилишда партия жамоатчилик ва ижтимоий ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда ҳаракат қилишига урғу берди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА