
21 май куни Будапешт шаҳридаги Варошлигет боғида Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон биринчи хонимлари ҳамда Венгрия Бош вазири рафиқаси иштирокида маданий тадбирлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева Венгрия Бош вазири рафиқаси Анико Леваи ҳамда Қирғиз Республикаси биринчи хоними Ойгул Жапарова ҳамроҳлигида Варошлигет боғидаги Мусиқа уйига ташриф буюрди.
Мусиқа уйи 2022 йилда машҳур япон меъмори Соу Фудзимото лойиҳаси асосида қурилган маданият ва таълим марказидир. Ташриф доирасида биринчи хонимларга Венгрия халқ мусиқаси ансамбли томонидан махсус концерт дастури намойиш этилди. Унда анъанавий венгр куй-қўшиқлари билан бирга Марказий Осиё халқ куйлари ҳам ижро этилди. Бу халқлар ўртасидаги маданий яқинлик ва мусиқий меросдаги уйғунликнинг яна бир бор тасдиғи бўлди. Меҳмонларга Мусиқа уйининг қурилиш тарихи ва фаолият йўналишлари ҳақида сўзлаб берилди.
Биринчи хонимлар “Овозли ўлчамлар – вақт ва макондаги мусиқий саёҳатлар” деб номланган доимий кўргазмани кўздан кечирдилар. Ушбу интерфаол экспозиция 300 дан зиёд мусиқий парчалар асосида Европа ва Венгрия мусиқаси ривожининг етти асосий босқичини қамраб олади.
Маданий саёҳат доирасида меҳмонлар «овозли гумбаз» – 360 даражали аудиовизуал инсталляция билан танишдилар. Шунингдек, марказдаги концерт заллари, мусиқий таълим лабораториялари ҳамда илғор акустик технологияларга эга шоурумлар ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Шундан сўнг Зироат Мирзиёева Варошлигет боғида жойлашган, готика, барокко ва ренессанс услубларини уйғунлаштирган Вайдахуньяд қасрида бўлди.
Ушбу қаср биносида Венгрия Қишлоқ хўжалиги музейи жойлашган бўлиб, унда венгер халқининг анъанавий деҳқончилик, узумчилик, озиқ-овқат ишлаб чиқаришга оид ноёб экспонатлари намойиш этилмоқда.
Ташриф давомида маданий мерос, мусиқа ва тарих туркий халқлар ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлайдиган омил экани яна бир бор эътироф этилди.