Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган суд соҳасидаги ислоҳотларининг энг муҳим вазифаси сифатида инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати ҳисобланган суд ҳокимиятининг нуфузини мустаҳкамлаш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида муҳим ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, «Янги Ўзбекистон – янги суд» тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни тақозо этмоқда. Бунинг далили сифатида давлатимизнинг халқаро майдонлардаги рейтинглардаги тегишли ўринларда ҳам кўришимиз мумкин. Яъни, Ўзбекистон қонун устуворлиги индекси (worldjusticeproject.org)нинг 2022 йилги рейтинг натижалари бўйича 140 давлат ичида 0,50 балл билан 78 ўринни эгаллаган бўлса, шундан фуқаролик одил судлов индикатори бўйича – 75, жиноий одил судлов индикатори бўйича – 65 ўринни эгаллаган.
Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси муқаддима-сидаёқ халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда ушбу Конституциянинг қабул қилинганлиги белгилаб қўйилганлигидан унда умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқнинг устунлиги тан олинганлигининг яққол ифодасини кўриш мумкин.
Конституциянинг 15-моддасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисми эканлиги белгилаб қўйилган. Ушбу модданинг тўртинчи қисмига биноан, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилади.
Конституциянинг 17-моддасида Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти эканлиги алоҳида таъкидланиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосла-ниши белгилаб қўйилган. Судлар томонидан халқаро ҳуқуқнинг умум-эътироф этилган принцип ва нормаларини қўллашлигига мавжуд қонун-ларнинг ушбу халқаро принцип ва нормаларга зид бўлганида йўл қўйилади.
Конституциянинг 11-моддасида халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти-нинг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятларига бўлиниши принципларига асосланиши кўрсатилган. Шу ўринда, алоҳида қайд этиш керакки, суд ҳокимиятига бағишланган XXIII бобининг 131-моддаси талабига биноан Ўзбекистон Республикасида суд тизими ва судлар фаолиятининг тартиби қонун билан белгиланади, фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунининг 1-моддаси (2021 й) талабига кўра Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади. Суд ҳокимияти фақат судлар томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас, деб белгилаб қўйилган.
Ушбу Қонуннинг 2-моддасида суд тизими берилган бўлиб, унинг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди; Ўзбекистон Республикаси Олий суди; ҳарбий судлар; Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари; Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари; фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари; жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари; туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари; туманлараро маъмурий судлардан иборатлиги ўрнатилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасида ишларнинг тоифаларига кўра судларнинг ихтисослашуви амалга оширилиши мумкинлиги, лекин фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмаслиги қатъий этиб белгиланган.
Мазкур Қонуннинг 4-моддасида қайд этилганидек, суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда ифодаланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқла-надиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилганлиги, яъни халқаро шартномалар ва инсон ҳуқуқлари ҳақидаги халқаро ҳужжатларга боғликликда амалга оширилишидан далолат беради.
Мамлакатимиз суд тизими умумэътироф этилган халқаро нормаларга жавоб беришини таъминлаш борасида кейинги йилларда муҳим ҳужжатлар қабул қилинганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2016), “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2017), “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (2020), “Суд органлари фаолиятини молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2021), 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йиллрга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари каби тарихий муҳим ҳужжатлар шулар жумласидандир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш, ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида одил судлов фаолиятини амалга ошириш учун жалб этилган ресурслардан самарали фойдаланилишини таъминлаш мақсадида илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказиш;
айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъму-рий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартибини белгилаш;
фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича тарафларни келиштириш ва медиация институтини кенг жорий этиш бўйича асослантирилган таклифларни ишлаб чиқиш каби масалалар қўйилганлиги ўта долзарб ҳисобланади.
Шу ўринда, миллий қонунчилигимизнинг асоси ҳисобланган Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституциясида “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг асосий ғояси ва қоидалари ўзининг тўлиқ ифодасини топганлигини эътироф этиш ўринли бўлади.
Маълумки, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” муқаддима ва жами 30 моддадан ташкил топган бўлиб, ундаги барча қоидаларни бир чеккадан кўриб чиқилса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг инсон ҳуқуқларига тааллуқли қоидалари билан ҳамоҳанглилиги ва мазмунан уйғунлигининг гувоҳи бўламиз. Мисол учун, “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг 3-моддаси, яъни “Ҳар бир инсон яшаш, эркин бўлиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига эгадир”, деган қоидаси Конституциямизнинг 25-моддаси, яъни “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир ва у қонун билан муҳофаза қилинади. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир. Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади”, деган қоидалари билан мазмундошлигини кўриш мумкин. Худди шундай, Декларациянинг 5-моддасидаги “ҳеч ким қийноққа ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни хўрловчи муомала ва жазога дучор этилмаслиги керак”лиги тўғрисидаги меъёр Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 26-моддаси иккинчи қисмининг “…ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриқонуний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор етилиши мумкин эмас” деган меъёрига мос. Декларациянинг 9-моддасининг ҳеч ким асоссиз қамалиши, ушланиши ёки қувғин қилиниши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоида Конституциямизнинг 27-моддасининг иккинчи қисмида ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқа тарзда чекланиши мумкин эмас, модданинг учинчи қисмида шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунти-рилиши шарт, деб кўрсатганлигида акс этганлигини қайд этиш мумкин.
Декларациясининг 10-моддасида мустақил ва холис судни талаб қилиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи ҳисобланиши белгилаб қўйилганлиги ва унинг Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида ўз аксини топганлиги, фақат мустақил судгина ҳар бир фуқаронинг ишини судда холис ва ошкора кўриш орқали топталган ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилиши мумкинлигига ишонч уйғотади. Бу жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожланти-ришнинг Ҳаракатлар стратегияси асосида халқаро нормаларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга замин яратилганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.
Суд тизимини такомиллаштириш борасида ва судларнинг муста-қиллигини таъминлаш мақсадида муҳим қадамлардан бири бўлган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди, Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, Олий суд фаолияти такомиллаш-тирилди, хўжалик судлари иқтисодий судлар сифатида қайта ташкил этилди, 71 та туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судига ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқиш ваколати берилди. Судья лавозимида фаолият юритишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддати ҳамда муддатсиз даври белгилаб қўйилди. Судларнинг ўз молиявий, моддий-техник масалаларини мустақил ҳал қилиш бўйича ваколатлари адлия органларидан олиниб, Олий судга ўтказилди ва бу судларнинг ижро этувчи органлардан ҳолилигига, мустақиллигининг таъминланишига олиб келди. Суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди ва бу билан ишларни кўришда ортиқча сансалорликка чек қўйилди, одамлар ортиқча оворагарчиликдан, асаббузарликдан қутқарилди. Шахснинг жиноят содир этишдаги айбдорлиги фақат суд муҳокамасида ўз исботини топган далилларга асосланиши кераклиги қатъий белгилаб қўйилди, яъни оқни оқ, қорани қора деб баҳолаш тартиби ўрнатилди, деди-деди, миш-мишларга, тахминларга асосланиб қарор чиқариш қатъий тақиқланди. Одил судловни тўлиқ таъминлаш, суд қарорларининг қонуний, асосли ва адолатлилигини текшириш мақсадида тафтиш инстанцияси ташкил қилинди.
Суд ислоҳоти тизимининг муҳим муаммоларидан бири ҳисобланган малакали ва етук судьялар корпусини ҳамда суд аппарати ходимларини тайёрлашнинг янги тизими Судьялар олий кенгаши жамиятда суд идораларига бўлган ишончни ошириш, адолат барқарорлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш, том маънода, судни “Адолат қўрғони”га айлантиришга ҳамда одил судловнинг юқори даражага кўтарилишига хизмат қилади.
Халқаро ҳуқуқ нормаларида эътироф этилиб келинаётган инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимояси юқори поғонага кўтарилишида айбига иқрорлик бўйича келишув институти жорий қилингани ва унинг мамлакатимиз жиноят-процессуал қонунчилигида татбиқ этилаётгани ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.01.2022 йилдаги “2022-2026-йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонида келтирилганидек, мамлакатимизни 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари қабул қилинган.
Шавкат Мирзиёев 2019 йил 7 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимга бағишланган “Конституция ва қонун устуворлиги – ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонидир” номли маърузасида, “судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш биз учун энг устувор вазифадир. Айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт. Шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим”лигини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон суд тизимининг умумэътироф этилган халқаро нормаларга жавоб беришини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам долзарб бўлиб қола-веради. Бундан ташқари, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар давом этмоқда. Зеро, Конституциявий ислоҳотлар бугунги кунда жамиятимиз ҳаётида инсон қадрини белгиловчи бош ҳуқуқий мезон бўлган конституциявий қоидаларга ҳозирги реаллик ва халқаро ҳуқуқий стандартларни ҳисобга олган ҳолда ёндашишни талаб этади.
Аюб Мухаммадиев,Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетининг Фуқаровий-ҳуқуқий фанлар кафедраси профессори, ю.ф.д.