ўзгаришларнинг асосий омили
Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар мамлакатнинг янги тараққиёт йўлини белгилаб бермоқда. Бу жараёнда очиқлик ва адолат асосий омиллардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Давлат бошқарувида ва жамиятда шаффофликни таъминлаш, ахборотга эркин кириш имкониятини яратиш ва фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш очиқликнинг мавжудлигидан далолатдир.
Ўзбекистон фуқаролари жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий қиёфасининг шиддат билан ўзгариб, халқ ҳаётида янгича муносабатлар, янги имконият ва қадриятлар шаклланаётганини ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этмоқда. Айниқса, “инсон ҳуқуқ ва эркинликлари”, “қонун устуворлиги”, “очиқлик ва ошкоралик”, “сўз эркинлиги”, “дин ва эътиқод эркинлиги”, “жамоатчилик назорати”, “гендер тенглик”, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар ҳозирги вақтда реал воқеликка айланиб бораётгани эътиборлидир.
Бир ҳақиқатни очиқ тан олиш зарур: вақт ўтиши билан ислоҳот жараёнлари тобора кенгайиб бормоқда. Энг асосийси, “Ҳаракатда – баракат” деганларидек, Ўзбекистон энг қийин босқичдан ўтди, яъни, биз ўз йўлимизни аниқ белгилаб, катта ишларни бошладик. Ҳозирги ислоҳотлар йўлини қатъият билан давом эттириш ва мантиқий якунига етказиш ўта долзарб масалалардан биридир. Бу албатта осон эмас, аммо Янги Ўзбекистон бунга қодирдир. Муҳими, кейинги йилларда бундай улкан ва мураккаб вазифани амалга ошириш учун етарли сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-институционал замин яратилди.
Ўзбекистонда очиқликни таъминлашда ахборотга кириш имконияти, фуқароларнинг иштироки, очиқ маълумотлар, адолат ўта муҳимдир. Суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишда, суд тизимини ислоҳ қилиш, судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш ва суд жараёнларини шаффоф қилиш айни муддаодир. Судларнинг шаффофлиги, очиқлиги фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ягона шартидир. Ижтимоий адолатни таъминлаш ҳозирги даврнинг муҳим шартларидан бири бўлиб, барча фуқароларнинг тенг имкониятларга эга бўлишини таъминлаш, кам таъминланган аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда тенглик ва адолатни таъминлашга ёрдам беради.
Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг Шаҳрисабздаги Оқсарой қароргоҳи пештоқига битилган “Адолат – давлатнинг асоси ва раҳбарлар шиоридир” деган ҳикматли сўзларида жуда чуқур пурмаъно ҳикмат бордир.
Барчага аёнки, буюк аждодларимиз азалдан “Зулм қилма, инсофли бўл, халқ учун адолат қўрғонини бунёд эт”, деб ёш авлодга йўл-йўриқ кўрсатганлар. Давлатимиз ҳам суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишда ана шундай содда ва ҳаётий талаблардан келиб чиқди. Хусусан, “Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак” деган ғояни илгари сурилди ва амалга оширишни бошлади.
Ҳозирги даврда Янги Ўзбекистонда Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантирилмоқда. Озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини камайтириш жараёнларининг йўлга қўйилиши белгиланди. Судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида 2 баробарга ошириш кўзда тутилган.
Сиёсий-ҳуқуқий нуқтаи назардан давлатга “халқ хоҳиш-иродасини ифода этадиган орган” деб таъриф берилади. Давлатни Халқ ва унинг мухтор вакиллари шакллантиради. Бинобарин, давлат ва унинг органлари аввало халққа, турли мансаб эгаларига овоз берган ва ишонч билдирган фуқароларга хизмат қилиши керак.
Шу маънода, халқимиз давлат хизматидан рози бўлишга ҳар томонлама ҳақли ва муносибдир. Ана шундай тамойиллар асосига қурилган давлат ҳокимиятигина том маънода халқчил, демократик ҳокимият ҳисобланади. Бундай давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий илдизлари мустаҳкам ва бақувват бўлади. Шу сабабдан халқнинг оғирини енгил қилиш, унинг муаммоларини вақтида ва самарали ечиш, одамларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилашни барча ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди.
“Ўзбекистон-2030” стратегиясига кўра, қуйидагилар белгилаб қўйилди:
Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш; маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш; судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш; судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоизга камайтириш; маъмурий тартиб-таомиллар принципларини йўл ҳаракатини тартибга солувчи белгилар ва ишораларга тўлиқ татбиқ этиш; суд ҳокимиятининг мустақиллигини кучайтириш ва унинг фаолиятида очиқликни таъминлаш орқали одил судловга эришиш; тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлаш; суд тизимини бошқаришга судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини тўлақонли жорий этиш ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари тизимини тўлиқ шакллантириш йўлга қўйилди.
Ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини инсон манфаатлари, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтиришда, ягона электрон реестр яратиш орқали жиноят иши қўзғатилишидан тортиб иш юзасидан ҳукм чиқарилгунига қадар бўлган жараённи индивидуал рақам ва QR коди орқали кузатиб бориш имкониятини жорий қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш фаолиятини замонавий технологиялар ва сўнгги илмий ютуқларни жорий қилиш орқали тўлиқ рақамлаштириш ишлари йўлга қўйилмоқда. Суд ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича ишлар тоифасини хусусий сектор ёрдамида ижро этиш, жиддий оқибатлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш, жиноят ишлари ва материалларнинг электрон шаклдаги нусхасини юритиш ва ушбу ишлар бўйича электрон ҳужжат алмашинувини таъминлаш белгилаб қўйилди.
Адвокатура институтининг салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш, Адвокатура институтини ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш ҳамда унинг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан чинакам мустақиллигини таъминлаш назарда тутилди.
Адвокатлар малакасини оширишнинг замонавий ва халқаро стандартларга мос келувчи ва муқобиллик тамойилига асосланган тизимини жорий этиш, адвокатлар сонини кўпайтириш, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинувини таъминлаш амалга оширилмоқда.
Коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини оширишда, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттиришда, ҳамда “Transparency International” халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинадиган Коррупцияни қабул қилиш индексида юқори поғонага кўтарилишга эришиш белгилаб қўйилди.
Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш ҳолатларини камайтириш, давлат харидларини тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали амалга оширишда маблағларни талон-торож қилиш ҳолатлари, товар ва хизматларнинг нархи бозор қийматидан ошиб кетишининг олдини олиш бўйича жамоатчилик назоратини тўлақонли жорий қилиш йўлга қўйилди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг “коррупциядан холи қонунчилик” тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш белгиланди.
Мамлакатимизда адолат ва шаффофликни таъминлашда жиноят тўғрисидаги қонунчиликнинг такомиллаштирилиши адолатни таъминлашнинг муҳим аспектидир. Жиноят кодекси ҳамда жазо тизимига назар солинса, 2021 йилда жиноят кодексига янги киритилган ўзгартиришларга кўра, жиноятчиликка қарши курашиш, суд томонидан жазо беришда адолатни таъминлашга эътибор қаратилган.
Статистик маълумотлар ва таҳлиллар мамлакатда муҳим ислоҳотларнинг амалга оширилганини ва суд тизими учун янги стандартларни тараққий этаётганини кўрсатади. Ушбу ҳаракатлар, адолатни таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва суд жараёнларини шаффофлаштириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар мамлакатнинг ҳуқуқий ислоҳотлари контекстида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, халқаро ташкилотлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйди. Бунда суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ўз вақтида самарали ташкил этилди. 2019 йилда Европа Иттифоқи ҳисоботига кўра, “Ўзбекистоннинг суд тизимини такомиллаштириш” лойиҳаси бошланди. Лойиҳа доирасида суд органлари ва ҳуқуқий ихтисослашган муассасалар учун тренинглар, семинарлар ташкил этилди.
Жаҳон банкининг “Адолатни таъминлаш” дастури доирасида Ўзбекистонда судларни модернизация қилиш учун техник ёрдам кўрсатилмоқда. Банкнинг 2020-2023 йилларга мўлжалланган дастури доирасида 10 миллион долларлик лойиҳа умумий тадқиқотларни ўтказишга йўналтирилган. Суд жараёнларини автоматлаштириш халқаро стандартларга мос равишда олиб борилмоқда. Ушбу жараёнда хорижий мамлакатларнинг тажрибаси эса, муҳим аҳамиятга эга.
Корея Республикаси билан 2021 йилда имзоланган ҳамкорлик шартномаси доирасида суд жараёнларини автоматлаштириш ҳамда электрон суд тизимини жорий этиш бўйича тажрибалар алмашинуви амалга оширилди. Кореянинг электрон суд тизими Ўзбекистон судларида жорий қилинди.
Италиядаги суд тизимига оид тадқиқотлар Ўзбекистонда суд жараёнларини тезлаштириш ва шаффофлаштиришда етук тизимларни тизимлаштиришдан кенг фойдаланилмоқда. Итальян ҳуқуқшунослик институти томонидан ташкил этилган вебинарларда Ўзбекистондан 300 дан ортиқ юристлар ва судьялар қатнашди.
Германия (GIZ) билан 2020-2022 йиллар давомида амалга оширилган лойиҳада Ўзбекистонда ҳуқуқий таълим муассасалари учун янги таълим дастурлари ишлаб чиқилди. Ушбу дастурлар халқаро стандартларга мос равишда амалга оширилди. 2021 йилда АҚШдаги ҳуқуқ институти билан ҳамкорликда республикамиздаги адлия ҳамда суд тизимини такомиллаштириш бўйича халқаро стандартларга мос равишда тренинглар ва семинарлар ташкил этилди.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича халқаро ҳамкорликнинг намоён бўлиши Ўзбекистоннинг келажаги порлоқ эканлигини билдиради. 2020 йилда ташкил этилган “Фуқаролар ҳуқуқлари” мастер-классида ООН мухофазаси доирасида ҳуқуқий мутасаддилар иштирок этди. Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш борасида халқаро ҳамкорлик муҳим фаолият ҳисобланади. Халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар ва ҳуқуқий мутахассислар билан ҳамкорлик, мазкур масалада ҳамкорликнинг тенгдошлик асосларида ривожлантирилиши, бу халқимиз учун барқарор ва адолатли суд тизими учун муҳим қадам бўлди. Ушбу жараёнлар Ўзбекистонда адолатни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва жамиятда ҳуқуқий саводхонликни ошириш учун ишлаб чиқилган муҳим қадамлардан биридир десак асло муболаға бўлмайди.
Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш кўп жиҳатдан мамлакатда инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини муваффақиятли амалга оширилишига боғлиқдир. Бу эса ўз навбатида мамлакат қонунчилигининг қай даражада мустаҳкамланганлигига боғлиқ бўлади. Инсон эркинлиги ва шахсий дахлсизлигининг бузилиши эса ҳар бир шахснинг судга шикоят билан мурожаат қилиш ҳамда бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва унинг талабларини қондириш ҳуқуқини келтириб чиқаради.
Ўз вақтида, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, деб таъкидлаган эдилар. Шу нуқтаи назардан, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш биз бунёд этаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланади”. Янги Ўзбекистонда қарор топаётган “инсон – жамият – давлат” тамойили инсон қадрини улуғлаш сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга чиқаришга хизмат қилади.
Шодиёр Шайзаков,
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси марказ бошлиғи, PhD, доцент
Гулбаҳор Расулова,
Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси докторанти