2711/21

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ – ЯНГИ КУЧ ВА ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР ДЕМАКДИР

Б.Сайфуллаев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси

 

Сўнгги беш йилда мамлакатимизда амалга оширилган жадал ўзгаришлар шароитида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг янги куч сифатида шаклланиши, ислоҳотларнинг асосий манбаига айлантириш бўйича бутунлай янгича мазмун ва моҳиятга йўғрилган давлат сиёсати шаклланди, олиб борилди ва энг асосийси бу ишлар тезда ўзининг натижаларини ҳам кўрсатди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг асосий эътиборида, ғамхўрлиги остида буунги мамлакатимиз ёшлари алоҳида қудратли куч сифатида шакллланганлиги билан бир қаторда, Ўзбекистон иқтисодий, ижтимоий, маданий, сиёсий ва маънавий ҳаётининг ҳақиқий ижодкорлари, илхом манбаи, муҳим иштирокчилари, бунёдкорлари сифатида намоён бўлмоқда. Ёшларга кўрсатилаётган, уларнинг орзулари, шаъни ва қадр-қимматини, муносиб келажагини, эртанги кунимиз эгалари бўлишлари учун яратилаётган барча имкониятларни таъминлашга қаратилган ушбу оқилона сиёсатнинг таг замирида эса албатта, ёшларга ишонч омили ётганлигини, мамлакат раҳбари уларга қаттиқ инонаётганлигини, суянаётганлигини кўриб турибмиз.

Беш йил тарихан қисқагина, бир дақиқага тенг бўлган давр эканлигини ёдда тутган ҳолда, алоҳида эътироф этмоғимиз лозимки, бугунги ютуқларнинг, жадал ва самарали ислоҳотларнинг асосчиси, халқаро майдонда ҳам алоҳида эътироф этилаётганидек, жўшқин реформатор Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги бошқарувининг илк кунларидан бошлаб, ёшлар билан ҳамнафас бўлганлиги, уларга қаттиқ ишонганлиги, давлат ва жамият бошқарувидан тортиб, маланият, санъат, иқтисодиёт, ишлаб чиқариш ва хоказо соҳаларга ёшларни кенг жалб қилганлиги ҳеч биримизга сир эмас.

Айниқса, давлат миқёсидаги катта-катта ислоҳотларга янгича мазмун-моҳият ва жадаллик бағишлашнинг асосий бўғини сифатида ёшларни кўра олиган Президентимиз, муҳим давлат лавозимларига жуда кўплаб ёшларни тавсия қилганлиги, уларни муҳим ишларга тайинлаганлиги - бу борада бутунлай янгича концептуал асосларга эга бўлган сиёсат олиб борганлигини исботлаб берди. Шунингдек, мамлакат аҳолисининг 70 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил қиладиган Ўзбекистонда ушбу қатламга нисбатан ўзига хос ижтимоий сиёсат олиб бориш лозимлигини англаб етган мамлакат раҳбари бу соҳани ҳам бутунлай янгилаш, самарали ислоҳ қилишга бел боғлаган эди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг фаолияти қониқарсиз дея баҳоланиб, унинг ўрнига Ёшлар иттифоқи ташкил қилинган ҳамда ушбу ташкилот фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида мамлакат раҳбарининг 2017 йил 5 июлида “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5106 сонли фармони, 2017 йил 18 июлда “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3138 сонли қарори эълон қилинган эди. Бу қарорнинг қабул қилиниши, мамлакатда ёшлар сиёсати борасида самарали ўзгаришлар, туб ислоҳотлар бошланганлигини англатар эди.

Ёшларнинг реал муаммоларини аниқлаш ва уларнинг ечимини топиш, масалаларни кечиктириб бўлмас стратегик вазифалар қаторида давлат сиёсати даражасига кўтарилган эди. Энг муҳим ишлар қаторида 2016 йилнинг 14 сентябрида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинганлиги, 2020 йилнинг 30 июнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши ва унда мазкур қонундан келиб чиқадиган вазифалар, шунингдек, Ўзбекистонда 30 июнь — “Ёшлар куни” деб эълон қилинди. Турли соҳаларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган фидойи ёшларимизни рағбатлантириб бориш мақсадида «Мард ўғлон» давлат мукофоти ва «Келажак бунёдкори» медаллари таъсис этилганлигини алоҳида қайд этмоғимиз лозим. Маълумки, Ўзбекистон том маънода ёшлар мамлакати ҳисобланади. Мамлакат аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил қилишидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Президенти томонидан 2018 йил 27 июнда имзоланган “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури тўғрисида»ги Фармон имзоланган эди. Бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим ҳужжат бўлган ушбу Фармон билан дастлаб “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ташкил этилиб, унинг асосий маблағлари ёшларнинг илғор ғояларини, бизнес ва ишбилармонлик борасидаги ташаббусларини, янгидан-янги стартапларини, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредитлар ва мол-мулкни лизингга бериш борасидаги имкониятлар тақдим қилинган эди. Фармонга биноан, ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини ва ташаббускорликни комплекс ривожлантириш борасидаги вазифалари белгиланган эди.

Ўз навбатида, Ўзбекистондаги барча ўзгаришларнинг негизи ҳисобланган таълим-тарбия тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Айни вақтда таълим, шу жумладан, ижтимоий соҳа учун харажатлар миқдори давлат бюджети харажатлари умумий қийматининг ярмидан кўпроғини ташкил этмоқда. Табиийки, ҳар қандай давлат ҳам бундай катта харажатларни кўтара олмайди, аммо қанчалик оғир бўлмасин, бунинг учун зарур

Ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларнинг ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларини ўз ичига олган бешта муҳим ташаббус амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ёшларда замонавий тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва янги иш ўринларини яратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини самарали ташкил этиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ёш авлодда мустаҳкам ватанпарварлик ғояси ҳамда қатъий фуқаролик позициясини шакллантириш борасида қатор муаммолар сақланиб қолмоқда.

Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш, ёшлар соҳасидаги муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш, ваколатли органлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 декабрдаги мамлакат ёшлари билан учрашувида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:

Айниқса, ўтган қисқа вақт мобайнида ёшлар бандлигини таъминлаш, улар бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасидаги ғамхўрлиги, ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш мамлакат иқтисодий-ижтимоий сиёсатининг энг асосий ва стратегик йўналишларидан бирига айланди. Жумладан, 2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб номланиши ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш борасида олдимизда турган муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Биринчи галда, уларнинг ўқиб, таълим олишлари, мамлакат ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин эгаллашлари, ҳаётда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлишлари, касб-ҳунар сирларини ҳам пухта эгаллашлари учун уларни давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди. Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 13 октябрдаги “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бирор бир фаолият учун дипломи йўқ, аммо, ишлаб чиқариш ёки маълум бир касб бўйича амалий кўникмага эга бўлган ишсиз ёшларни, малакани баҳолаш марказларида ўқитиш ва зарурий сертификатлар билан таъминлаш тизими жорий этилди.

Энг асосийси, бундай ислоҳотлар ўзининг натижасини бера бошлади. Бугунги кунга келиб эса, ёшлар бандлигини таъминлашнинг асосий йўналишларидан бири – бу уларнинг маълум бир касблар бўйича ихтисослашуви бўлмоқда. Бунда шу пайтгача ишсиз аҳоли қатламлари, айниқса ёшлар ва бўш иш ўринлари ўзаро уйғунликда кўриб чиқилмоқда.

Мисол учун, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ишсиз ёшлар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини мамлакат раҳбарининг шахсий ташаббуси билан ташкил қилинган “Ёшлар дафтари”га киритиш масаласи қўйилган эди. Қайд этмоғимиз лозимки, “Ёшлар дафтари” — бу ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз ёшларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базаси бўлиб, бу Ўзбекистон ижтимоий сиёсатининг энг муҳим омилига айланиб улгурди ва бугунги кунда бу борадаги муаммоларнинг ечимини таъминлаб бермоқда. Бу дафтарга 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган тоифадаги ёшлар киритилиши белгилаб қўйилган.

Мамлакат раҳбарининг ёшлар билан учрашувлари, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва таҳлил қилиш, ёшлар учун ёрқин келажакни таъминлаш борасидаги давлат сиёсатини янада такомиллаштириш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш борасидаги вазифаларни муҳокама қилиши ҳам муҳим жараёнга айланиб бормоқда. Шу йилнинг 27 январида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилганлиги, унда бир қатор стратегик вазифалар қаторида тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшларнинг мини-технология ва ускуналар харид қилиши учун субсидия ажратиш, кредит олишда суғурта тўлови бўйича кўмаклашиш юзасидан муҳим топшириқлар берилган эди.

Шунингдек, жорий йил 2021 йил 26 февралда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат органларининг масъулиятини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиш ўтказилганлиги, унда аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг ҳаёт ва турмуш шароитидаги муаммоларини аниқлаш, якка тартибда ишлаш орқали уларнинг ҳаёт тарзини яхшилаш ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш, шунингдек, аниқланган муаммоларни комплекс ва манзилли ҳал қилиш, мутасаддиларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятини баҳолаш тартибини белгилаш юзасидан берилган топшириқлар ижроси таъминлаш, шунингдек, ёшларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги сиёсатни қўллаб-қувватлаш учун шу йилнинг 28 апрелида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилинганлигини ҳам алоҳида қайд этишимиз лозим.

Таъкидлашга лозим бўлган яна бир муҳим масала – бу мамлакатдаги барча ўзгаришларнинг негизи ҳисобланган таълим-тарбия тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилаётганлиги ва бунинг учун давлат бюджетидан миллиардлаб маблағларнинг сарфланаётганлигидир. Айни вақтда таълим, шу жумладан, ижтимоий соҳа учун харажатлар миқдори давлат бюджети харажатлари умумий қийматининг ярмидан кўпроғини ташкил этаётганлиги, бу эса катта харажатларни талаб қилаётганлигидир.

Ўзбекистон раҳбари томонидан келажак учун тикилган энг катта сармоя – бу билим ва таълим учун тикилган сармоядир дея алоҳида таъкидланган ҳолда, мамлакатнинг эртанги кунининг истиқболини таъминлайдиган, мамлакат тақдирини белгилайдиган омил сифатида қараётганлиги нечоғли оқилона ва чуқур ўйланган сиёсат сифатида баҳолаш мумкин.

Шу мақсадда мамлакатда ташкил қилинган вазирликлар, ташкилот ва идоралар, инспекциялар, марказлар бу борада давлат томонидан жуда муҳим ва самарали давлат сиёсати олиб борилаётганлигини кўрсатиб турибди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида янгидан-янги олий таълим муассасалари, илмий ва ижодий марказлар ташкил этилаётганлиги, булар ёш авлоднинг эртамизнинг муносиб эгалари бўлиб етишишларига хизмат қилаётганликларини алоҳида қайд этмоғимиз жоиз. Президентимиз доимо таъкидлаб келаётганларидек, ёшлар – халқимизнинг асосий таянчи ва суянчидир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларимизни самарали амалга оширишда ёшлар ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқмоқда. Бугунги кунда ёшларни янгича фикрлашга, янги-янги ғояларни дадил ўртага ташлаб, уларни амалга оширишга, муаммоларни ижодий ва ностандарт ёндашувлар асосида ҳал этиш ўргатиш бизнинг асосий вазифаларимиздан бўлиб қолмоқда.

Мамлакатимизда чуқур билимга, тафаккурга, замонавий илм-фан ютуқларига эга бўлган кадрлар тайёрлаш мақсадида бевосита Президентимизнинг қатор ташаббуслари билан олийгоҳлар сони 140 тадан ортиб кетди. Шулардан 30 га яқини хорижий нуфузли олий таълим муассасасининг филиалларидир. 2016 йилда республика миқёсида ушбу кўрсаткич бор йўғи юқорида кўрсатилган соннинг ярмини ташкил қиларди. Бу эса ёшларнинг илм истаб дунёнинг бошқа мамлакатларига кетишларига ҳам сабаб бўлганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Бугунги ютуқларимиз эса ёшларимизнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, замонавий билим, касб-ҳунарларни эгаллашлари йўлидаги муҳим қадам эканлигини асло унутмаслигимиз лозим. Шу билан бирга, сўнгги беш йил давомида олий таълимнинг қабул квотаси 3 баробарга оширилди. Жорий йилда 182 минг нафар ёшлар учун талаба бўлиш имконияти яратилганлигини, бу эса умумий қамровнинг 28 фоизга етганлигини Президентимиз ўзининг чиқишларида алоҳида эътироф этганлигини таъкидлашимиз лозим.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати аниқ мақсадларни кўзлаган ҳолда, босқичма босқич, комплекс чора-тадбирларга асосланган ҳолда изчил давом эттирилмоқда ва бу ўзининг самарасини, натижавийлигини исботлаб бермоқда. Мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги саъй-ҳаракатларни тизимли асосда йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг илгари сурилиши Ўзбекистон тарихида ёшлар таълим-тарбияси бўйича янги стратегияни бошлаб берганлигини қайд этмоқ лозим. Келажакда эса, бугун ёшларга бераётган эътиборимиз катта натижалар беришига ишонамиз.