2811/21

Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг юбилей саммитида иштирок этади

16-17 сентябрь кунлари Президент Шавкат Мирзиёев Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади.

Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов бугунги брифингда маълум қилди.

Маълумки, ўтган йил пандемия сабабли ШҲТ саммити онлайн форматда ўтказилган эди. Бу сафар давлат раҳбарлари бевосита йиғилмоқда. Эътиборлиси, ШҲТнинг ушбу саммити Ташкилот тузилганининг 20 йиллиги нишонланаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Саммитнинг биринчи куни, 16 сентябрда давлатимиз раҳбари Ташкилотга раислик қилаётган Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Россия Президенти Владимир Путин ва Покистон Бош вазири Имрон Хон билан, 17 сентябрь куни эса Эрон Президенти Иброҳим Раисий билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.  

17 сентябрь куни давлат раҳбарларининг йиғилиши ўтказилади. Саммит якунида ШҲТга раислик Тожикистондан Ўзбекистонга ўтади.  

– Кўплаб хорижий экспертларнинг фикрича, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан кейинги беш йилда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳисобга олинса, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги хавфсизлик ва юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга бўлади.  

Мамлакатимиз раислиги жуда самарали бўлади, Ташкилот фаолиятини янада жонлантиради, деб қатъий ишонч билдирилмоқда.

Ўша куни янги форматдаги “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти – Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти” учрашуви бўлиб ўтади. Унда томонлар Афғонистондаги вазиятни муҳокама қиладилар, – деди Шерзод Асадов.

Президент матбуот котибининг қайд этишича, бундан ташқари ҳафта давомида Президентимиз ҳузурида ижтимоий-иқтисодий соҳаларга оид тақдимотлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.