502/23

ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИДА СИЁСИЙ ПАРТИЯ ВАКОЛАТЛИ ВАКИЛИНИНГ ЎРНИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови  жамиятимиз ҳаётидан кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар ранг-баранглиги, очиқлик ва ошкоралик, бағрикенглик тамойиллари мустаҳкам ва кенг ўрин олаётган шароитда ўтади.

         Сиёсий партиялар сайловда иштирок этиши учун қонунда белгиланган ҳужжатларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши Сайлов кодексида белгилаб қўйилган. Сайлов кампанияси даврида Марказий сайлов комиссияси ва сиёсий партия ўртасида мулоқотни юритиш ва талаб этилган ҳужжатларни тақдим этишни ташкилий равишда тартибга солиш учун ваколатли вакил фаолияти йўлга қўйилади.

Ваколатли вакил аввало, сайловда иштирок этувчи сиёсий партиянинг манфаатини ифодалайди ва унинг сайлов жараёнидаги иштирокига оид масалаларни ҳал этиб боради.

Сайлов кодексида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партия Ваколатли вакили орқали сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига қуйидагиларни тақдим этади:

сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотнома;

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотлар.

 Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакилига ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради.

Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида беш кунлик муддат ичида узил-кесил қарор қабул қилади ҳамда сиёсий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномасини ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини беради.

 Ваколатли вакил ҳақидаги қоида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 34-моддасида белгиланган. Унга кўра сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.

         Шундан келиб чиққан ҳолда сиёсий партия томонидан ваколатли вакил тайинлаш масаласи икки босқичда амалга оширилади.

 

Биринчи босқичда сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини белгиланган қоидалар асосида амалга ошириш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан муносабатларни олиб бориш учун ваколатли вакил тайинланади.

Иккинчи босқич бевосита ҳудудий партия органларидан тайинланадиган ваколатли вакил фаолияти билан боғлиқ. Бундай  ваколатли вакил сайлов участкасида иш олиб боради.

Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатган сиёсий партиянинг ҳудудий органлари сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун сайлов участкалари тузилган кундан эътиборан ўз ваколатли вакилларини тайинлайди.

Сиёсий партия ҳудудий органининг раҳбари сайловга камида ўн кун қолганида ариза билан округ сайлов комиссиясига сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхатини  тақдим этади.

Ариза Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиясига тақдим этилади.

Округ сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхати келиб тушган вақтдан бошлаб, беш кун ичида ваколатли вакилларни рўйхатга олади ва белгиланган шаклда мандат беради.

 Сиёсий партиянинг ваколатли вакили сайлов комиссиясининг мажлисларида, сайлов комиссияларига ҳужжатларни, шу жумладан тўпланган имзо варақаларини топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этишга, участка сайлов комиссиясининг баённомаси билан танишиш, шу жумладан участка сайлов комиссияси баённомасининг тасдиқланган кўчирма нусхасини олишга ҳақли.

 Сиёсий партиянинг ваколатли вакили участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, жумладан сайлов қутиларини муҳрлашга, очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиши мумкин эмас.

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, сиёсий партия томонидан берилган ҳужжатни ва тегишли сайлов комиссиясининг мандатини ўз ёнида олиб юриши шарт.

          Cиёсий партия ваколатли вакилининг ваколат муддати сайлов якунлари тўғрисидаги ахборот матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан тугаган ҳисобланади.

         Мазкур институтнинг сайлов кампанияси даврида фаол иш олиб бориши  сайловларнинг ошкоралиги, адолатлилиги ва қонунунийлигини таъминлашга ҳамда сайлов комиссиялари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга хизмат қилади.

          

Баҳодиржон ЮНУСОВ,

Ўзбекистон Республикаси