302/23

Мустақил комиссия аъзолари Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси билан биргаликда Ўзбекистон Бош прокуратурасидан баъзи фуқароларнинг қамоқ эҳтиёт чорасини енгилроғига алмаштиришни сўради

Аввал хабар берилганидек, Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларни мустақил равишда ўрганаётган Комиссия томонидан содир этган қилмишларидан пушаймон бўлган, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари бор, шунингдек оилавий шароити ва ижтимоий ҳолати оғир ҳамда оилада ёлғиз боқувчи бўлган фуқаролар рўйхати шакллантирилган эди.

Яккама-якка шаклда ўтказилган суҳбат давомида улар вазиятни яхши англамаган ҳолда ёлғон ахборотлар таъсирига тушиб қолганини ва содир этган қилмишига чин кўнгилдан пушаймон эканини билдирди. Айниқса, аёллар фарзандларини жуда соғинганини ва бўлиб ўтган воқеалардан тўғри хулоса чиқарганини маълум қилган эди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Комиссия аъзолари томонидан шакллантирилган рўйхатдаги шахсларга маҳаллий туман кенгашлари депутатларини жамоатчилик кафиллиги асосида бириктириш таклифини қўллаб-қувватлади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Комиссия ва Жўқорғи Кенгес томонидан содир этган қилмишларидан пушаймон бўлган, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари бор, шунингдек оилавий шароити ва ижтимоий ҳолати оғир ҳамда оилада ёлғиз боқувчи бўлган фуқароларга инсонпарварлик тамойили асосида қамоқ эҳтиёт чорасини жамоатчилик назорати ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилишини сўраб Бош прокуратурага таклиф киритилди.

Эслатиб ўтамиз, Мустақил комиссия тегишли Низомга мувофиқ,  Қорақалпоғистонда рўй берган воқеаларни ўрганишда мустақил ва давлат идоралари томонидан унинг фаолиятига аралашувига йўл қўймаган ҳолда аҳоли ва жамоатчилик фикрини ўрганишга зарур деб билган ҳар қандай ҳолат ва маълумотларни олиш  ҳуқуқига эга.