212/22

МИЛЛИЙ МУСТАҚИЛЛИК – ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ МУСТАҲКАМ АСОСИДИР

“Янги Ўзбекистон” боғида давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган байрам шодиёнаси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, халқимизни бу улуғ айём билан табриклади.

– Бундан ўттиз бир йил муқаддам жаҳон харитасида “Ўзбекистон Республикаси” деган янги, мустақил давлат пайдо бўлди. Биринчи Президентимиз муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримов бошчилигида мамлакатимизнинг миллий мустақиллигини дунёга эълон қилдик. Орадан йиллар, асрлар ўтади. Лекин миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз ва инсоний ҳақ-ҳуқуқларимизни тиклаб берган, барча ютуқ ва марраларимизнинг замини бўлган Мустақиллик куни биз учун, келгуси авлодларимиз учун доимо энг улуғ, энг азиз байрам бўлиб қолади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Иншооллоҳ, шундай бўлгай. Чунки эрксевар халқимиз учун бу байрам жуда қадрли. Мустақилликка не-не жафолардан сўнг, сабр-матонат билан эришилди. Меҳнат, машаққатлар билан йилдан-йилга мустаҳкамланди. Бугун Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз бўлди. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосий талабга айланди.

Мамлакатимиз пандемия ва глобал инқирознинг салбий таъсирларига қарамасдан, эркин, обод ва фаровон ҳаёт қуриш йўлидан дадил олға бормоқда. Саноат тармоқлари ва ҳудудлар ривожи ижтимоий масалаларни ҳал этиш имконини бермоқда.

Миллий қадриятларимизда алоҳида ўрин тутадиган авлодлар ўртасидаги анъаналар давомийлигини сақлаш, кексаларнинг ҳаётини янада мазмунли қилиш эътиборда. Ёшлар ва хотин-қизларнинг ўқиши, касб эгаллаши, қобилиятини юзага чиқариши учун барча шароит яратилмоқда. Яқинда Ҳиндистонда бўлиб ўтган жаҳон шахмат олимпиадасида терма жамоамиз тарихда биринчи марта Олимпия чемпиони бўлгани бутун халқимизни қувонтирди.

Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам ошиб бормоқда. Хорижий давлатлар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда улкан иқтисодий-ижтиомий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари тантанали маросимда иштирок этаётган чет давлатларнинг элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларини ҳам қутлади.

Бугунги кунда мамлакатимиз миллий тикланиш давридан миллий юксалиш даврига ўтмоқда. 2026 йилгача бўлган Тараққиёт стратегияси амалга оширилмоқда.

Президентимиз табрик сўзида давлатимизнинг тавсифини бундай изоҳлади:

“Янги Ўзбекистон ҳар бир фуқаронинг ҳаётини янада яхшилаш мақсадида давлат хизматларидан фойдаланиш учун кенг имкониятлар берадиган, одамлар ўз муаммолари ҳақида очиқ гапириши ва уларнинг ечими учун биргаликда ҳаракат қилишларига барча шароитлар мавжуд бўлган, ҳамма учун адолатни сўзсиз таъминлаш имкониятини берадиган ҳамда фуқаролари ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг бўлган, тадбиркорликнинг ривожланиши учун зарур шароитлар яратилган давлатдир”.

Юртимизда бўлаётган ишларга назар ташланса, ҳақиқатда буларнинг ижобатини кўриш мумкин. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари ўз нутқида бундан кейинги бешта асосий йўналишни кўрсатиб ўтди.

Биринчиси – таълим соҳасида энг қулай шароитлар яратиш. Бунинг учун мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмуни тубдан қайта кўриб чиқилади, мактаблар қуриш, устоз ва мураббийларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш давом эттирилади.

Иккинчиси – суд тизимининг мустақиллигини мустаҳкамлаш. Судьялар ишига ҳар қандай аралашув кескин жазоланади, уларнинг хавотирсиз ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилади.  

Учинчиси – тадбиркорликни ривожлантириш. Бунинг учун хусусий мулк ва тадбиркорликка халақит бераётган барча тўсиқлар бартараф этилади. Давлат бошқаруви ислоҳ қилиниб, иқтисодиётда давлат иштироки кескин камайтирилади.

Тўртинчиси – соғлиқни сақлаш тизимида аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш имконияти кенгайтирилади. Барча ҳудудларда шошилинч тиббий ёрдам қамрови оширилиб, одамларга янада яқинлаштирилади.  

Бешинчиси – ичимлик суви таъминотини яхшилаш. Бунинг учун соҳага жалб қилинаётган инвестициялар ҳажми кескин кўпайтирилади. Муаммоли ҳудудларга тоза ичимлик сувини етказиш ва сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастурлар амалга оширилади.

Мард ва меҳнатсевар халқимиз кўмагида бу вазифалар самарали бажарилиши, янгиланаётган Конституциямиз бу йўлда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиши таъкидланди.

– Бугун биз ўз олдимизга улуғвор ва юксак мақсадларни қўймоқдамиз, – деди Президент. – Ана шундай улкан марраларга етиш йўлида кўпмиллатли эл-юртимиз янада бирлашиб, ягона аҳил оила, ягона халқ бўлиб, астойдил ҳаракат қилмоқда. Бу – биз эришаётган барча ютуқларимизнинг мустаҳкам гарови, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Давлатимиз раҳбари ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, уларни амалга оширишда фидоийлик кўрсатаётган халқимизга чуқур ҳурматини изҳор этиб, эзгу тилаклар билдирди.

– Сиз, азиз юртдошларимни Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами билан яна бир бор қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга бахту саодат, файзу барака тилайман. Эзгу орзу-ниятларимиз амалга ошсин! Яратганнинг ўзи барчамизни паноҳида асрасин! Юртимиз тинч, халқимиз омон, Мустақиллигимиз абадий бўлсин, – дея сўзини якунлади Президентимиз.

Байрам тантанали концерт дастури билан давом этди. Телевидение орқали барча ҳудудларга, хонадонларга етиб бориб, юртдошларимизга кўтаринки кайфият улашди.