808/22

ҲАР БИР ТАКЛИФ КОНСТИТУЦИЯВИЙ КОМИССИЯ ЭЪТИБОРИДА

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини ислоҳ қилиш фикри ва ғояси бирданига пайдо бўлиб қолгани йўқ.

Бош қомусимизнинг 29 йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига ва парламентга йўллаган мурожаатида ҳамда Тараққиёт стратегиясида конституциявий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари белгиланган бўлиб, даврнинг ўзи барча соҳада ислоҳотлар ўтказилишини талаб қилаётгани қайд этилган.

Ана шу ҳаётий заруратдан келиб чиқиб, конституциявий ислоҳотлар бошлаб юборилди. Айни пайтда аҳолининг барча қатламидан, ҳуқуқ¬шунослар, профессор-ўқитувчилар, олимлар, зиёлилар, нодавлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан Конституцияга киритилиши зарур бўлган ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича минглаб таклифлар берилмоқда. Шунинг ўзиёқ конституциявий ислоҳотлар қанчалик долзарблигини кўрсатиб турибди.

Аниқ мисоллар билан айтадиган бўлсак, қисқа вақт ичида Конституциявий комиссияга 20 мингдан зиёд таклифлар келиб тушган. Аҳамиятлиси, таклифларнинг катта қисми ёшларга тегишли. Бу, ўз навбатида, ёш авлод вакилларининг мамлакат тақдирига, олиб борилаётган ислоҳотларга бефарқ эмаслиги, давлатимизнинг келгуси ¬тараққиёти ва фаровонлигига дахлдорлик ҳисси юксалиб бораётганидан ҳам далолатдир.

Шу ўринда айтиш ¬жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига маҳаллий Кенгашлар депутатларидан, маҳалла фуқаролар йиғинлари ¬фаолларидан таклифлар келиши ¬давом этмоқда. Бу таклифларни бир қатор йўналишлар бўйича тизим¬лаштириш мумкин.

Аввало, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига алоҳида эътибор берилаётганлигини айтиш зарур. Шулар асосида “Инсон — олий қадрият” тамойили устувор масала сифатида илгари сурилиб, “Инсоннинг ¬асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ¬ажралмас ва дахлсиз бўлиб, ҳар кимга туғилганидан тегишлидир” деган норма Конституцияда белгиланиши мақсадга мувофиқдир.

Шу билан бирга, мамлакатимизнинг Тараққиёт стратегиясида илгари сурилган “Шахс — жамият — давлат” тамойили асосида давлатнинг инсон ва жамият олдидаги мақомини, бурч ва мажбуриятларини янада такомиллаштириш таклиф этилмоқда. Бу давлат инсон ва жамиятнинг фаровонлигини таъминлаши ҳамда унинг тинчлигини кўзлаб фаолият юритиши Конституцияда акс эттирилишини назарда тутади. Натижада эса юртимизнинг инсонпарвар ва тинчликсевар сиёсати Конституция даражасида мустаҳкамланиши таъминланади.

Бундан ташқари, амалдаги Конс¬титуцияда маҳалла фуқаролар йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари сифатида ифодаланган. Аммо ҳозирги ислоҳотлар жараёнида бунинг ўзи кам. Негаки, сўнгги вақтларда маҳалла институтида амалга оширилаётган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларига ва уларнинг раисларига кенг ваколатлар берилди. Маҳаллабай ишлаш тизими жорий қилинди, ёш кадрларни маҳаллага жалб этиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Шу тариқа кундан-кунга маҳаллаларнинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва нуфузи юксалаётир.

Шу сабабли ҳам юртдошларимиз Конституциянинг фундаментал принцип ва нормаларини такомиллаштиришга доир ушбу таклифни билдиришган: “Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси инсон ва ¬фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига, Конституциянинг асосий принципларига зид равишда ёки зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас”.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш масаласи ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиши қатор таклифларда ўз аксини топган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳуқуқий мақомини белгилаш, агентлик директорини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш тўғрисидаги Президент Фармонини парламент юқори палатаси томонидан тасдиқлаш ана шулар жумласидан. Зеро, бу ғоя замирида коррупция иллатига қарши курашни кучайтириш, ушбу мақсадда ташкил этилган агентликнинг ҳуқуқий мақомини янада мустаҳкамлаш ҳамда унинг масъулиятини ошириш, бу борада парламент назоратини янада мустаҳкамлаш масалалари мужассамдир.

Умуман, суд-ҳуқуқ, таълим, меҳнат соҳалари ҳамда мулк дахлсизлиги, ташқи сиёсат, сиёсий ҳуқуқлар ва бошқа қатор масалалар юзасидан таклифлар келишда давом этяпти. Уларнинг ҳар бири Конституция¬вий комиссия томонидан чуқур таҳлил қилиб борилмоқда.

 

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Сенатининг

Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш

қўмитаси раиси.