2701/22

Хорватияда ватандошларни иш билан таъминлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди

Мамлакатимизнинг Венадаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан Хорватиянинг «APZ d.o.o.» вақтинчалик иш билан таъминлаш  агентлиги ўртасида онлайн музокаралар ташкил этилди.

Музокараларда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари Давлатназар Матрасулов, Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси Абат Файзуллаев, Хорватиянинг «APZ d.o.o.» компанияси директори Златко Зеленко ва ушбу мамлакатда ишлаётган ватандошлар иштирок этди.

«APZ d.o.o.» агентлиги Хорватия бозорида 15 йилдан ортиқ вақтдан бери ишлаб келмоқда. Унинг ҳамкорликдаги асосий шериклари машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва қурилиш соҳаларидаги йирик саноат компанияларидир. Агентлик, шунингдек, Ўзбекистон хусусий иш билан таъминлаш агентликлари билан ҳамкорлик қилиш тажрибасига эга.

Томонлар Хорватия меҳнат бозорида Ўзбекистон фуқароларини доимий иш билан таъминлаш, ватандошлар учун қулай меҳнат шароитини яратиш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.

«APZ d.o.o.» агентлиги билан ушбу мамлакатда ишлайдиган ватандошлар учун қулай шароитни таъминлаш мақсадида Хорватиянинг тегишли вазирлик ва идоралари билан алоқаларни ўрнатиш бўйича биргаликда ишлаш тўғрисида келишувга эришилди.

APZ d.o.o.» агентлиги директори Златко Зеленко Ўзбекистон фуқаролари билан ишлаш тажрибасига асосланиб, «ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг масъулияти ва ишончлилигини юқори баҳолади. Шунингдек, у Хорвати йирик компаниялари хорват менталитетига мослашиш қобилиятини инобатга олган ҳолда ўзбекистонлик ишчиларни жалб қилишга қизиқишини таъкидлади.

Томонлар шу йил охирига қадар Хорватия меҳнат бозорида Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида келишувга эришди.

Музокараларда, шунингдек, Словения йирик саноат компаниялари билан шартномалар тузиш орқали меҳнат мигрантларини жалб қилиш имкониятлари ўрганилди.