1610/21

Хорижлик кузатувчи Тошкент вилоятидаги сайловга тайёргарлик жараёнларини ўрганди

МДҲ кузатувчилари миссияси фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Евгений Козяк Нурафшон шаҳридаги 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси биносида бўлиб, ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Округ сайлов комиссияси раиси Маҳмуд Болтабоев меҳмонга ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.


Қайд этилганидек, хозир вилоят бўйича 963 та сайлов участкаси фаолият кўрсатади. Ўтган вақт давомида барча сайлов участкалари сайловга оид қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар, зарур замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланди. Жисмоний ҳаракати чекланган сайловчилар имкониятини эътиборга олган ҳолда биноларга нишаб йўлаклари барпо этилди.

Тошкент вилояти бўйича участка сайлов комиссияси аъзоларининг умумий сони 12 минг 386 нафарни ташкил этади. Ўз навбатида уларнинг таркиби шакллантирилганда кўп миллатлиликка ҳам алоҳида эътибор берилди. Жумладан, 87 нафар қорақалпоқлар, 1 минг 557 нафар қозоқлар, 116 нафар руслар, 568 нафар тожиклар, 18 нафар корейслар ва 252 нафар бошқа миллат вакиллари аъзоликка қабул қилинган. Участка сайлов комиссиялари таркиби Сайлов Кодекси талаблари асосида тузилган. Жойларда тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида, чақирув плакатлари, сайловга оид стендлар ва бошқа тарғибот материаллари белгиланган жойларга тартиб билан ўрнатилди.


Учрашувда хорижлик меҳмон Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларини кўрсатган сиёсий партияларнинг ҳудудда ўтказаётган тарғибот тадбирлари, аҳоли билан учрашувлари ҳақида ҳам ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Шундан сўнг Евгений Козяк Нурафшон шаҳрида ташкил этилган сайлов участкалари фаолияти билан ҳам танишди. Сайлов кодексининг 49-моддасига асосан ҳудудда 21 та сайлов участкаси тузилиб, барча зарур жиҳозлар билан таъминланди. Сайлов участкаларига олиб бориладиган йўллар асфальт ётқизилди.

Участка сайлов комиссиялари аъзолари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва профилактика инспекторилари билан ҳамкорликда хонадонма хонадон юриб хатлов ишлари олиб борилди. Унга кўра, сайловчилар сони 24 минг 101 нафарни ташкил этмоқда.