302/23

ХАЛҚЛАРИМИЗ ДЎСТЛИГИДА БУЮК ЗОТЛАРНИНГ ЎРНИ

Ўзбек-тожик дўстлиги XV асрда яшаб ўтган кки буюк зот – Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий пир-муридлиги, устоз-шогирдлиги, ижодий ҳамкорлиги мисолида ўзининг энг юксак даражасига кўтарилган. Бу икки даҳони бир-бирига боғлаб турадиган ришталар шунчалар кўпки...
 
Нуриддин Абдураҳмон Жомий гарчи Хуросоннинг Жом қишлоғида туғилган бўлса-да, уларнинг оиласи мамлакат пойтахти – Ҳиротга кўчиб келган, шу ерда яшаб, ижод қилган.
 
Ёш жиҳатидан Абдураҳмон Жомий Алишер Навоийга ота қатори эди - орадаги фарқ 27 йил. Бу икки зотни Ўзбекистонимизга бевосита боғлаб турадиган бир муҳим ўхшашлик бор, Жомий узоқ йиллар, Навоий икки йил Самарқанд мадрасаларида таҳсил олган.
 
Навоийнинг “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарида Абдураҳмон Жомий ҳар бир шахснинг камолга етишида унга йўл­-йўриқ кўрсатган, таълим-тарбия берган, бевосита таъсир ўтказган инсонларнинг алоҳида ўрни бўлади. Шу жиҳатдан қараганда, Абдураҳмон Жомий буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига пир ва устоз сифатида тўғридан-тўғри таъсир ўтказган улуғ зот эди.
 
Навоий ўзининг аксарият шеърий ва насрий асарларида устозини юксак даражада ҳурмат-эҳтиром кўрсатади. Шоир дастлаб ўзи тузган “Бадойиъ ул-бидоя” дебочаси, “Хазойин ул-маоний” таркибига кирувчи “Ғаройиб ус-сиғар” (“Болалик ғаройиботлари”), “Наводир уш-шабоб” (“Ёшлик нодирликлари”), “Бадоеъ ул-васат” (“Ўрта яшарлик гўзалликлари”), “Фавойид ул-кибар” (“Қарилик фойдалари”) девонларидан жой олган шеърий асарларида, “Ситтайи зарурия” дебочаси ва ундаги қасидаларда устозини мадҳ этади. “Девони Фоний”да Жомийга татаббуълар битиб, унинг таврида ҳам ғазаллар ёзади. “Маҳбуб ул-қулуб”, “Муҳокамат ул-луғатайн” ва “Мезон ул-авзон”да ҳам устозини ҳурмат билан қайта-қайта ёдга олади. “Хамса”нинг ҳар бир достонида унга махсус боб бағишлаб, “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида ҳам Жомийни алоҳида таърифу тавсиф этади.
 
Аммо, қайсидир маънода, устози ҳақида бир бутун тасаввур уйғотадиган яхлит бир асар ёзиб, унинг хотирасини абадийлаштиришга эҳтиёж бор эди. Шу мақсадда Навоий Жомий вафотидан икки йил ўтганидан кейин, яъни 1494 йили махсус “Хамсат ул-мутаҳаййирин” (“Ҳайратланарли бешлик”) асарини яратди. Асар бошдан-охир Жомий таърифу тавсифига бағишланган. Жомий вафотидан кейин ёзилгани учун ҳам у қайсидир маънода, икки буюк ижодкор муносабатларининг ўзига хос хотимаси, дейиш мумкин.
 
Хамсат ул-мутаҳаййирин”нинг композицияси ҳам жуда ўзига хос. Асар асосан, “Муқаддима”, уч мақолат ва “Хотима”дан - жами беш қисмдан иборат. Бироқ унинг “Бисмилло...” деб бошланувчи алоҳида кириш қисми ҳам бор. Унда Навоий ҳамд ва наът, Жомий таърифидан кейин асарнинг ҳар бир қисмида айнан нималар ҳақида тўхталишини ўзи батафсил ҳикоя қилади.
 
Муқаддима” – Жомийнинг туғилиши, насаби, болалик ва йигитлик даври, устозлари ва пири, зоҳирий ва ботиний илмда эришган даражаси, Навоийнинг бу зот билан илк учрашуви.
 
Аввалги мақолат” – икки ижодкор ўртасидаги нозик устоз-шогирдлик ва пир-муридлик муносабатларини акс эттирувчи ҳикоятлар.
 
Иккинчи мақолат” – Жомий ва Навоий ўртасидаги турли ёзишмалар ва улар билан боғлиқ воқеаларни қамраб олган ҳикоятлар.
 
Учинчи мақолат” – Жомий асарлари рўйхати, шунингдек, икки буюк ижодкорнинг бир-бирига адабий таъсир этиши натижасида дунёга келган асарлар ҳақида.
 
Хотима” – Навоий Жомий ҳузурида ўқиган ва таълим олган китоб ва рисолалар рўйхати, Жомийнинг кароматлари билан боғлиқ ҳикоятлар, Жомий вафотининг тафсилотлари, Навоийнинг устози ва пирига атаб ёзган марсияси.
 
Алишер Навоий буюклигининг ўзига хослиги шундаки, бу қалам соҳибига назмда ҳам, насрда ҳам тенгсиз асарлар яратиш қобилияти ато этилган эди. Аммо “Хамсат ул-мутаҳаййирин”да Навоийни тамоман бошқа ижодкор сифатида кўрамиз. Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун каби тўқима тимсолларни ҳадди аълосига етказиб яратган шоир ўзи билан ҳамнафас яшаган реал шахс − Жомий сиймосини акс эттиришда бутунлай ўзгача йўлдан боради. Устози ва пирини таърифлашда турли жимжимадор, муболағага бой сўзлар, ифодалардан максимал даражада қочади. Ҳаётда ўзи кўрган, билган воқеаларни ўта аниқ ифодалайди. Энг муҳими, ҳеч ерда китобхонни чалғитмайди. Ҳаётий ҳақиқатни борлигича акс эттиради.
 
Хамсат улмутаҳаййирин”да Жомий ва Навоий муносабатларининг турли томонлари акс этган бўлса ҳам, аввало, улар ўртасидаги ҳақиқий устоз-шогирдлик ришталари кўрсатилади. Жумладан, асарда муаллиф эринмасдан устози ҳузурида таълим олиш ва фойдаланиш юзасидан ўқиган китоблари рўйхатини келтириб ўтади. Бундан ташқари, Навоий Жомий “Хамса” билан “Ҳафт авранг”ни қиёслаш йўли билан овоз чиқариб ўқиганида тинглаганини, шунингдек, баъзи рисолалар Жомий олдида ўқилмаган бўлса ҳам, улардаги айрим мураккаб жойларни устоздан сўраб турганини ёзади. Ана шу маълумотлар Жомийнинг, ҳақиқатан ҳам, Навоийга тўғридан-­тўғри муаллим, мударрис, йўлбошчи, чинакам устоз эканини яна бир карра исботлайди.
 
Жомий ва Навоий ўртасида ўта кучли адабий таъсир бўлган. Бу “Хамсат ул-мутаҳаййирин”нинг деярли ҳар бир саҳифасида акс этиб туради. Навоий Жомийнинг турткиси билан кўплаб асарлар яратган бўлса, ўз ўрнида устоз ҳам шогирдининг даъвати билан йирик-йирик асарларга қўл уради. Бу таъсирни Навоий фахр билан қайта-қайта такрорлашдан чарчамайди.
 
Энг муҳими, устоз ва шогирднинг бир-бирига ҳурмат-эҳтироми, меҳр-муҳаббати чексиз. Бундан ташқари, икки буюк қалам соҳибининг адабий дид ва савиялари деярли бир хил даражада. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун “Хамсат ул-мутаҳаййирин”даги турли ҳикоятларни ўқишнинг ўзи кифоя:
 
У даврларда кечки базмлар қилиб, шеърхонликлар уюштириш анъанаси бор эди. Шундай йиғилишларнинг бирида Мутаҳҳир Удий деган бир хонанда Хожа Ҳасан Деҳлавийнинг бир шеърини куйлайди, жумладан, мана бу байтни ҳам ўқийди:
 
Мисоли қатраи борон сиришки ман ҳама дурр шуд,
 
Чунин асар диҳад, алҳақ, тулуи чун ту суҳайле.
 
Мазмуни: Ёмғир қатралари каби кўз ёшларимнинг ҳаммаси дур бўлди,
 
Ҳақиқатан, сенинг Суҳайл (юлдузидек) чиқиб келишинг шундай таъсир қилади.
 
Мажлис аҳли шеъриятдан бохабар, таниқли ва хуштаъб кишилардан иборат эди. Улар хонандага байтдаги “дурр шуд”, яъни “дур бўлди” сўзи ўрнига “хун шуд”, яъни “қон бўлди”, деб ўқишни, “дурр шуд”нинг маъноси йўқлигини айтишади. Мажлис сарвари ҳам бу фикрга қўшилади. Даврада жим ўтирган Навоийдан бу мулоҳазага муносабат билдиришини сўраганларида, у хонанда сўзни тўғри қўллаганини айтади. Кутилмаган бу жавобдан йиғилганларнинг барчаси норози бўлади. Шунда Навоий: “Чун сиз борча бир жониб бўлдунгиз, мен ялғуз. Сизга ўз муддаомни собит (исбот − Ф. О.) қила олмон, аммо бир кишини ҳакамлиқға мусаллам тутсангиз, гарав боғлармен“, – дейди.
 
Баҳсга ечим топиш мақсадида Жомийга мунозара мазмунини битиб, хат жўнатишади. Бироз вақтдан сўнг ул зотдан бир мисра жавоб келади:
 
Сухан дурр” асту тааллуқ ба гўши шаҳ дорад”.
 
Мазмуни: “Сўз “дур”у, унинг шоҳ қулоғига тааллуқли ери бор”.
 
Бу жавобдан Навоийга қарши чиққан мажлис аҳли мулзам бўлиб, шоирнинг ҳақлигига иқрор бўлишади. Энг қизиғи, Жомий ўзи билмаган ҳолда ноқулай аҳволга тушган шогирдини маломатдан қутқариб қолади. Чунки ҳақиқат улар тарафда эди. Бу ҳикоятдан Жомий ва Навоийнинг нафақат ҳамфикрлиги, истеъдоди ва савияси, сўз санъати сирларини нақадар нозик тушуниши ҳам аён бўлади. Бу икки буюк соҳиби қалам яратган бадиий-илмий мероснинг кўлами ҳам, юксаклик даражаси ҳам шуни тўла исботлайди.
 
Хамсат ул-мутаҳаййирин” ҳам Жомий, ҳам Навоий ҳаёти, фаолияти, айниқса, ижодини тадқиқ этишда бирдек хизмат қилаверади. Энг муҳими, бу асар икки буюк қалам соҳибининг ўзаро юксак муносабати, қолаверса, бир буюк тарихий шахснинг иккинчи бир бемисл даҳога бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиромини намоён этади. Бу эса мазкур асарнинг қадр-қиммати тенгсиз эканидан далолатдир.