Янги ҳаётлик сайловчилар билан учрашув

“Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловолди дастури билан сайловчиларни таништириш мақсадида жойларда номзоднинг ишончли вакиллари сайловчилар билан учрашувлар ташкил этмоқда.

“Адолат” СДП Янги ҳаёт туман кенгаши томонидан тумандаги 330-мактабда ана шундай учрашувларнинг навбатдагиси ташкил этилди. Унда партия фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда янги ҳаётлик сайловчилар иштирок этди.  

Учрашувда дастлаб номзоднинг ишончли вакили Садриддин Туробжонов сўзга чиқиб, номзоднинг таржимаи ҳоли билан сайловчиларни яқиндан таништирди. Сўнг сайловолди дастуридан ўрин олган ҳар бир бандга алоҳида тўхталиб, ундаги ғоялар мазмунини, аниқ режа ва мақсад-вазифалар моҳиятини тушунтирди.  

– Номзод ўз сайловолди дастурида мамлакат бойлиги бўлган ер, ўрмонлар, минерал ресурслар ва бошқа табиий ресурслар мансабдорларга эмас, сўзсиз халққа тегишли бўлиши кераклигини илгари сурмоқда, — деди  номзоднинг ишончли вакили. – Шунингдек, биз мамлакат пойтахтини кенгайтириш ва ривожлантириш тарафдордоримиз. Партиямиз номзоди бу борада мавжуд уй-жой ва хонадонларни бузиш эвазига эмас, пойтахтнинг маъмурий марказини, яъни Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва давлат идораларини шаҳардан ташқарига чиқариб, пойтахтни халқимизнинг дам олиш, саёҳат қилиш ва ҳордиқ чиқариш масканига айлантиришни бош мақсадларидан бири деб билади. Пойтахтни том маънода халққа берамиз.

Учрашувда, шунингдек, партия фаоллари ҳам сайловолди дастурда белгиланган устувор мақсадлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Сайловчиларнинг саволларига жавоблар қайтарилди.  

 

Меҳринисо Бобоназарова,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби