Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этаётган номзодларнинг таржимаи ҳоли

 

Нарзулло Наимович Обломуродов

 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод.

1975 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. 1996 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда 2000 йилда Бирмингем университети (Буюк Британия)ни тамомлаган. Мутахассислиги иқтисодчи. Иқтисод фанлари номзоди, доцент.

  Н.Обломуродов кўп йиллар олий таълим тизимида, жумладан, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Тошкент молия институтида кафедра мудири, факультет декани лавозимларида фаолият юритган.

Банк-молия соҳаси ҳамда давлат бошқарув органлари тизимида, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматида масъул лавозимларда ишлаган.

 2020-2021 йилларда Нарзулло Обломуродов Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари сифатида мамлакатимизда тобора долзарб бўлиб бораётган экологик муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этди.

 2021 йил 1 февралдан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси лавозимида фаолият олиб бормоқда.

  Нарзулло Обломуродов оилали, уч нафар фарзанди бор.

Мақсуда Азизовна Ворисова

 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод

1961-йилда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Маълумоти - олий, 1984-йили Тошкент давлат тиббиёт институтини тугатган. Мутахассислиги - шифокор. Оилали, уч нафар фарзанди бор.

Меҳнат фаолиятини 1984-йилда Тошкент давлат тиббиёт институти клиникасида шифокор вазифасидан бошлаган. 1989-йилдан Тошкент вилояти Зангиота тумани "Назарбек" қишлоқ врачлик пунктида шифокор-терапевт, 2003-йилдан "Назарбек" қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири бўлиб ишлаган. 2018-йилда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосарлигига сайланган.

2009-2014-йилларда халқ депутатлари Зангиота туман Кенгаши депутати, 2015-2019-йилларда халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, демократик ислоҳотларни амалга ошириш, халқимиз манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қиладиган қонун ҳужжатларини қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок етиб, самарали фаолият олиб борган.

2019-йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган. Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, парламент қуйи палатасининг Оила ва аёллар масалалари комиссияси раиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

 

 

 

 

Шавкат Миромонович Мирзиёев

 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод

1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.

1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди. 1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.

Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.

Ш.М.Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди. Ш.М.Мирзиёев мамлакатимиз мустақилликка эришган илк йиллардан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг юксак ишончини қозониб, унинг яқин сафдоши ва маслаҳатдоши сифатида самарали фаолият олиб борган. 2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юкланди. 19 октябрь куни Тошкентда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съезди бўлиб ўтди. Унда партия сиёсий кенгаши аъзоси Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини Президентликка тасдиқлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. 2016 йил 4 декабр куни бўлиб ўтган Президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 2016 йил 14 декабрда расман ўз вазифасини бажаришга киришди.

Ш.М.Мирзиёев оилали, икки қиз, бир ўғли, олти нафар набираси бор. Рафиқаси З.М. Мирзиёева – мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи.

 

 

 

Алишер Келдиевич Қодиров

 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод

1975 йил Тошкент шаҳрида туғилган. 1996 йил Туркиянинг Егей университетини, 2009 йил Тошкент молия институтини, 2011 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият курилиши академиясини тамомлаган. Мутахассислиги филолог, иқтисодчи.

1996-1997 йилларда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг Жиззах вилояти бошқармаси етакчи мутахассиси булиб ишлаган. 1997-2008 йилларда Жиззах вилояти давлат мулкини бошкариш ва тадбиркорликни қўллаб-кувватлаш бошкармаси етакчи мутахассиси, бўлим бошлиғи ва бошқарма бошлиғининг ўринбосари бўлган. 2008-2015 йилларда Жиззах вилояти Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси бошлиғи бўлган.

2014-йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган. 2017-2019 йилларда Республика Маънавият ва маърифат маркази рахбари лавозимида фаолият юритган. 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган. Ҳозирги кунда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси раиси лавозимларида ишлаб келмоқда.

 

Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов

 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод

1959 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати — ўзбек. Маълумоти — олий. 1981 йилда Тошкент давлат университетинининг Шарқ факультетини тамомлаган. Мутахассислиги — филолог-шарқшунос, араб ва инглиз тиллари ўқитувчиси. Тарих фанлари доктори, профессор.

1981-1983 йилларда Ливия Араб Республикасида араб тили таржимони, 1983- 1985 йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалик вазирлигининг “Хорижий мамлакатлар билан илмий-техник ҳамкорлик” бошқармасида етакчи мутахассис бўлиб хизмат қилган. 1987-1990 йиллар мобайнида эса Армия сафидаги хизматни Яман Араб Республикаси ҳарбий таржимон вазифасида ўтаган. У 1985 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институтида кичик илмий ходим, илмий ходим, илмий котиб,

2002-2003 йилларда илмий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифаларида ишлаган. 2003-2005 йилларда Тошкент шаҳрида ташкил этилган Тошкент Халқаро Вестминстер университетининг проректори бўлган. Абдуҳалимов Б.А. 2004-2006 йилларда Фанлар академияси Шарқшунослик институти директори, 2006-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг миллатлараро муносабатлар масалалари ва дин ишлари бўйича Давлат маслаҳатчиси, 2008-2014 йилларда Фанлар академияси Шарқшунослик институти директори, 2011-2016 йилларда Фанлар академияси Ижтимоий-гуманитар фанлар йўналиши бўйича вице-президент, 2017 йилдан ҳозирга қадар Фанлар академияси вице-президенти ҳамда Шарқшунослик институти директори вазифасини жамоатчилик асосида бажарувчи лавозимларида фаолият юритиб келмоқда.

Оилали. Уч нафар фарзанднинг отаси.