ЕХҲТ ДИИҲБ Ўзбекистон Президенти сайловини кузатиш бўйича миссия очганини расман эълон қилди

Бугун Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) 24 октябрь куни Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президент сайловини кузатиш миссиясини очди.

Миссия маълумотига кўра, унга Оуэн Мерфи раҳбарлик қилмоқда. Миссия таркибига Тошкентда жойлашган 11 мутахассисдан иборат асосий гуруҳ ва 24 сентябрдан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб юбориладиган 28 нафар узоқ муддатли кузатувчи киради. Бундан ташқари, ДИИҲБ ЕХҲТга аъзо давлатлардан сайловдан бир неча кун олдин келадиган 250 қисқа муддатли кузатувчиларни юборишни сўрашни режалаштирмоқда.

Миссия сайловнинг ЕХҲТ мажбуриятлари ҳамда бошқа халқаро мажбуриятлар ва демократик сайловлар стандартларига, шунингдек миллий қонунчиликка мувофиқ ўтказилишини баҳолайди. Кузатувчилар сайловчиларнинг рўйхатга олиниши, сайловолди ташвиқоти фаолияти, сайлов комиссияси ва тегишли давлат органларининг фаолияти, сайловга оид қонунчилик ва унинг ижроси, сайлов билан боғлиқ низоларни ҳал этиш каби сайловнинг асосий жиҳатларини диққат билан кузатиб боради.

Миссия, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида кампаниянинг ёритилишини кузатади.

Давлат ҳокимияти органлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари ва халқаро ҳамжамият вакиллари билан учрашувлар кузатувнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Кузатув давомида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиб туриш учун оралиқ ҳисобот чоп этилади. Сайловдан кейинги куни, ДИИҲБнинг дастлабки хулосалари матбуот анжуманида тақдим этилади. Шунингдек ДИИҲБ сайлов жараёни тугаганидан тахминан икки ой ўтгач, кузатувни якунловчи ва уни такомиллаштириш бўйича тавсиялар акс этган якуний ҳисоботни чоп этади.