
2403/23
Такрорий овоз бериш жараёнларида жами 5 миллионга яқин сайловчи иштирок этиши кутилмоқда
Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича такрорий овоз бериш жараёни ҳақида маълумот берди.
Марказий сайлов комиссияси раиси эълон қилган маълумотга кўра, бугун 25 сайлов округидаги 1730 сайлов участкасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлиги учун такрорий овоз бериш жараёни бўлиб ўтмоқда.
Ушбу округлардаги сайловчиларнинг умумий сони 3 миллион 148 минг 921 кишини ташкил этади.
Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашларига сайлов ўтказувчи 95 сайлов округидаги 1104, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 587 сайлов округидаги 1117 сайлов участкасида ҳам такрорий овоз бериш ўтказилмоқда. Ушбу сайлов участкалари билан қўшиб ҳисоблаганда, такрорий овоз бериш жараёнларида жами 5 миллионга яқин сайловчи иштирок этиши кутилмоқда.

2019 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган сайловнинг биринчи тур якунларига кўра, 125 депутатлик ўрнидан 42 нафари Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, 34 нафари Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, 20 нафари Ўзбекистон “Адолат” социал-деморатик партияси, 18 нафари Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда 11 нафари Ўзбекистон Экологик партияси вакилларига насиб этган.
Бугунги такрорий овоз беришда депутатлик ўрни учун Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 15, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 11, Ўзбекистон “Адолат” социал-деморатик партиясидан 10, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 9, Ўзбекистон Экологик партиясидан 5 нафар номзод курашмоқда. Уларнинг 18 нафарини аёллар ташкил этади.
Демак иккинчи турда ҳам депутатлик учун қизғин кураш кечиши табиий.