2509/20

Замонавий иссиқхоналарни янада кўпайтириш зарур

Президентимиз Муборак туманидаги масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Азиз агро транс файз” замонавий иссиқхонаси фаолияти билан танишди. 



Тадбиркор Қобилжон Ғуломов 2016 йил “Муборак иссиқлик электр маркази” АЖ атрофидаги ташландиқ ҳудуддан 2 гектар ер олиб иссиқхона барпо этган эди. Натижа кутилганидан ҳам зиёд бўлди. 2017 йил 4 гектар, 2018 йил яна 3 гектар ерда иссиқхона қурди. 



Бу йил тадбиркор иссиқхонада етиштирилаётган помидор, бодринг каби маҳсулотларнинг асосий қисмини экспорт қилиб, 550 минг доллардан ортиқ фойда қилишни режалаштирган. 



Табиийки, чўл ҳудудда, оқар сувдан узоқда мўл ҳосил етиштириш осон эмас. Тадбиркор бунинг ҳам уддасидан чиқди. Яъни ёмғир мавсумида 800-1000 тонналик сув тўпланадиган ҳовузлар қурди. Тўпланган сувдан экинлар томчилатиб суғорилади. Яна бир аҳамиятли томони “Муборак иссиқлик электр маркази” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқаришда пайдо бўладиган иссиқлик авваллари махсус жараёнда совитиларди. Ушбу иссиқ сув қувурлар орқали иссиқхонага тортиб келинган. У иссиқхонадаги зарур ҳаво ҳароратини таъминлаб беради, совигач яна иссиқлик корхонасига қайтарилади. Демак, бундан иккала томон ҳам манфаатдор. Айни пайтда иссиқхонада 100 дан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Келгуси йилда иссиқхона умумий майдони 10 гектарга етказилади. Иш ўринлари сони яна кўпаяди. 



Умуман, туман бўйича 60 тадбиркорга 300 гектар ер шу каби иссиқхона қуриш учун ажратилган. Келгусида иссиқхоналар қуришни янада кенгайтириш кўзда тутилган. Бу юзлаб янги иш ўринлари яратиш имконини беради. 



Президентимиз замонавий иссиқхона фаолияти билан танишди, ишчилар билан мулоқот қилди. 



Мамлакат иқтисоди ривожи, аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин тутадиган бундай иссиқхоналар тармоғини яна-да кенгайтириш лозимлиги қайд этилди. 



Шу ерда Қашқадарё вилоятида 2019-2020 йилларда иссиқхоналар ташкил этиш, Чироқчи туманида лалми майдонларда полиз экинларини кўпайтириш, вилоятда аҳоли томорқаларидан фойдаланишни яхшилаш каби қатор лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. 



a2f4d067-8b09-4bad-bd09-18257692f8a4.jpg

 
1014dfa3-a2e5-48e4-2289-4772123e2b8c.jpg
 
4130bb01-0e57-c986-81ff-7ed610603942.jpg