407/20

Владимир Норов: Кўп қиррали ҳамкорлик ШҲТ фаолиятида янги имкониятлар очади

ШҲТ Бош котиби Владимир Норов масъулиятли лавозимдаги фаолияти, Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилажак ишлар ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди: 



– Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда билдирилган таклифлар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби сифатидаги фаолиятим учун жуда муҳим. Давлатимиз раҳбари мен Ўзбекистоннинг ШҲТдек нуфузли ташкилотнинг масъулиятли лавозимига тайинланган биринчи вакили эканимни алоҳида таъкидлади. Бу ишонч менга Циндаодаги саммитда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан ҳам билдирилди. Келгусида ўз билим ва тажрибамни бу ишончни оқлашга, аъзо давлатлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратаман. 



Бош котиб сифатида ШҲТ анъаналарига, ташкилот Хартияси ва Шанхай руҳига риоя қилиш, аъзо давлатлар ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган концептуал ҳужжатларни ҳаётга жорий этиш фаолиятимнинг асосий тамойилига айланади. 



2018 йилдан Ҳиндистон ва Покистон ШҲТда тенг ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок эта бошлади. Ушбу давлатларга қабул қилинган ҳужжатлар ва ШҲТнинг 30 га яқин ишчи органи фаолиятига қўшилишга кўмаклашиш Котибиятнинг муҳим вазифаси ҳисобланади. Чунки янги аъзолар Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг нуфузини янада оширишда катта роль ўйнайди. 



Бугунги кунда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш нафақат ШҲТ маконида, балки Марказий Осиёда хавфсизлик ва изчил тараққиётни таъминлашда муҳим омиллардан. Шу боис Президентимиз “ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи фаолиятини ривожлантириш, бу борада махсус “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. 



Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган ШҲТ давлат раҳбарларининг Ёшларга қўшма мурожаатини рўёбга чиқариш, хавфсизлик соҳасида Тошкентда жойлашган ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси билан мувофиқлаштирилган тадбирларни ўтказишга эътибор қаратамиз. 



Бугунги кунда ШҲТ маконида икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик ривожланмоқда, аммо кўп томонлама инвестициявий дастурлар ҳануз амалга оширилмаган. Президентимиз Циндао саммитида бу масалага ҳам эътибор қаратган эди. Ушбу таклиф давлатлар раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланди. Эндиликда уни амалга ошириш учун зарур молиявий механизмларни шакллантириш ва ундан самарали фойдаланиш талаб этилади. 



Учрашувда транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, логистика марказлари ташкил этиш, савдо-иқтисодий ҳамкорликка тўсқинлик қиладиган ортиқча тариф ва стандартларни енгиллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ўйлайманки, бу борадаги ташаббуслар рўёби ШҲТ фаолиятида янада янги имкониятлар очади.