1108/20

Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири билан учрашув

16 июль куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто билан учрашди.
 
Музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги Ўзбекистон-Венгрия муносабатлари истиқболлари тўғрисида фикр алмашилди.
 
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан 2019 йил октабр ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг мажлиси доирасидаги учрашуви чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
 
Вазирлар турли даражадаги бўлажак тадбирлар жадвалини кўриб чиқдилар, икки томонлама учрашувлар кун тартиби ва ташкилий жиҳатларини батафсил ишлаб чиқиш учун ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасини ўтказиш зарурлиги қайд этилди.
 
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжудлиги тасдиқланди, икки томонлама савдо ҳажмларини ошириш механизмлари муҳокама қилинди.
 
Маданий-гуманитар соҳадаги муносабатларни ривожлантиришга, жумладан, икки мамлакатнинг етакчи оилй таълим муассасалари ўртасида алоқа ўрнатишга қизиқиш билдирилди.
 
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ҳамда «Ўзбекистон – Венгрия – Европа иттифоқи» доирасидаги Ўзбекистон – Венгрия ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалалари бўйича ҳам фикр алмашдилар.
 
Учрашув сўнгида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан Венгрия Ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазирлиги ўртасида дипломатик тайёрлов ҳамда ахборот ва ҳужжатлар билан алмашинув соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди.