2410/19

Валентина МАТВИЕНКО: Тўғридан-тўғри минтақалараро ҳамкорлик тажрибасини кенгайтириш керак

Мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко 3 октябрь куни Бухорога ташриф буюрди. 
 
Юқори мартабали меҳмонни Бухоро халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Танзила Норбоева ва Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев кутиб олди.
 
Россия Федерацияси парламентининг делегацияси вилоят билан танишувни Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасидан бошлади.
 
Бухоро – буюк алломалар, хусусан, ислом дини тараққиётига муносиб ҳисса қўшган пирлару авлиёларни камолга етказган кўҳна замин. Мустақиллик йилларида аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, хотирасини эъзозлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ана шундай улуғ зотлардан бири, таълимоти комил инсон тарбияси билан узвий боғлиқ Баҳоуддин Нақшбанд қабри жойлашган улкан ҳудуд ҳам ободлаштирилиб, зиёратгоҳга айлантирилди. Россияликлар мазкур маскан билан танишиб, Нақшбандия тариқатининг ўзига хос жиҳатлари бўйича батафсил маълумотга эга бўлди.
 
Шундан сўнг меҳмонлар узоқ тарихга эга ноёб меъморий ёдгорликлари билан жаҳонга машҳур Бухоро шаҳри билан танишди. Улар Лаби ҳовуз мажмуаси, ундаги Нодир Девонбеги мадрасасини томоша қилди. Бу ерда меҳмонларни вилоят марказидаги 2-умумтаълим мактаби ўқувчилари кутиб олди. Ёшларнинг бахтли болалик ва юртни тараннум этувчи чиқишлари Россия делегацияси аъзоларини мамнун этди.
 
Буюк ипак йўлида жойлашган Бухоро азалдан ўзининг беназир ҳунармандчилиги билан машҳур. Меҳмонларда мажмуа ҳудудида аждодлари анъаналарини давом эттираётган халқ усталарининг санъаткорона қўл ишлари катта таассурот қолдирди.
 
Делегация аъзолари Минораи Калон, Масжиди Калон ва Мир Араб мадрасасини ўз ичига олган Пойи Калон мажмуасига ҳам ташриф буюрди.
 
Сафар сўнггида Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко Ўзбекистонга, жумладан, Бухорога ташрифи хусусида оммавий ахборот воситаларига интервью берди.
 
– Юртингизга ташрифимиз таассуротларга бой бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда катта ижобий ўзгаришларга эришилганига гувоҳ бўлдик, – деди Россия Федерацияси парламенти юқори палатаси раиси. – Ўзбекистон очиқ демократик жамият барпо этиш сари дадил қадам ташламоқда. Иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий омилларидан бўлган жозибали инвестиция муҳити яратилгани, солиқ соҳасидаги ислоҳотлар тадбиркорликни ривожлантиришга, хорижлик инвесторларнинг юртингизга сармоя киритишга қизиқишини тобора оширмоқда. Бугун мамлакатингизда Россия компаниялари ҳам фаол ишламоқда. Ёшлар – мамлакатнинг келажаги. Юртингиз аҳолисининг 60 фоизидан зиёдроғини 30 ёшгача бўлган навқирон авлод ташкил этаркан. Президент Шавкат Мирзиёевнинг мана шу қатламга катта эътибор қаратганини алоҳида таъкидлашни истардим. Айниқса, мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, болаларни мактабга тайёрлашда уларни мазкур соҳага қамраб олиш даражасини оширишда катта ишлар қилинаётганидан хабардорман. Умумий ўрта таълим ва олий таълим сифатини халқаро стандартлар асосида юқори даражага кўтаришга катта сармоя сарфланаётгани эътиборлидир. Яна бир жиҳат. Ўзбекистон пойтахти янги бунёдкорликлар ҳисобига чирой очиб бораётир. Мен бундай яратувчилик ишлари кўламини Бухоро шаҳрининг янги қисмида кўплаб замонавий турар жойлар қурилаётганида ҳам кўрдим. Шубҳасиз, булар аҳоли фаровонлигига, яшаш шароитларини янада яхшилашга хизмат қилади. Ўзбекистон Россиянинг ҳақиқий стратегик шеригидир. Мамлакатларимиз Президентлари узоқ истиқболни кўзлаб олиб бораётган сиёсат туфайли икки давлат ўртасида кўп томонлама алоқалар ривожланмоқда. Жумладан, иқтисодиёт соҳасида товар айланмаси ҳажми жадал ошмоқда. Аммо бу борада имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланишимиз зарур. Масалан, тўғридан-тўғри минтақалараро ҳамкорлик тажрибасини кенгайтириш керак. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришда парламентларимиз ҳамкорлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Биз бу ҳақда Олий Мажлис Сенатида фикрлашиб олдик.
 
Россия Федерацияси парламенти делегацияси шу куни Бухоро халқаро аэропортидан Москвага учиб кетди.