604/20

ЎЗБЕКИСТОННИ 2035 ЙИЛГАЧА РИВОЖЛАНТИРИШ СТРАТЕГИЯСИ ЛОЙИҲАСИ ТАҚДИМОТИ

Шу йил 28-29 июнь кунлари “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ва “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан "Ўзбекистон Республикасини 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси" мавзуида халқаро форум ташкил этилиб, унинг доирасида мамлакатимизни узоқ муддатли ривожлантиришнинг стратегияси концепциясини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинган эди. 
 
Шунга мувофиқ “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан KPMG аудитор-консалтинг ташкилоти кўмагида Ўзбекистон Республикасини 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. “Тараққиёт стратегияси” марказида 4 декабрь куни мазкур концепция лойиҳасининг дастлабки тақдимоти бўлиб ўтди. 
 
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, “Тараққиёт стратегияси” маркази, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, «Буюк келажак» ташкилоти экспертлар кенгаши аъзолари иштирок этди. 
 
Бугунги шиддатли давр мамлакатимиз олдига ривожланишнинг узоқ муддатли стратегиясини белгилаш ва барча соҳаларни изчил тараққий эттириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш вазифасини қўймоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасини 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясидан мақсад мамлакатимизни дунёнинг иқтисодиёти ривожланган 50 давлати қаторига киритишдир. 
 
Концепция лойиҳаси давлат бошқарувини ислоҳ этиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, инновация ва технологияларни қўллаб-қувватлаш каби асосий йўналишлардан иборат. 
 
Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш давомида тўпланган тажриба мазкур концепциянинг аниқ йўналишларини ишлаб чиқиш учун асос бўлди. Энг муҳими, мамлакатимизни ривожлантиришнинг янги стратегияси келаси 17 йилга мўлжалланган бўлиб, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида юқори натижаларга эришишни назарда тутади. 
 
Лойиҳанинг давлат бошқарувини ислоҳ қилиш йўналишида қонунчилик базасини такомиллаштириш, суд тизимини ислоҳ этишни давом эттириш, аҳоли сиёсий маданиятини юксалтириш, ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ва Ўзбекистоннинг халқаро индекслардаги ўрнини юксалтиришга имкон берадиган давлат бошқаруви институтларини такомиллаштириш вазифалари белгиланган. 
 
Иқтисодиётни ривожлантириш стратегияси саноат, хизмат кўрсатиш соҳаси ва қишлоқ хўжалигини равнақ топтириш, тадбиркорда ташаббускорликни кучайтириш, молиявий ресурслар билан таъминлаш каби омилларга асосланади. Иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ҳисобига 2035 йилга бориб, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 122 миллиард долларга етказилади. Ўсиш суръатининг бундай кўламини белгилашда ЯИМнинг номинал ўсиши, иқтисодиёт самарадорлиги, аҳоли жон бошига даромадлар ошиши ҳисобга олинган, Хитой, Индонезия, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур, Таиланд каби давлатларнинг иқтисодий ривожланиш динамикасига қиёсланган. 
 
Ижтимоий соҳани ривожлантириш бўлимида таълим тизими, меҳнат бозори ҳисобига инсон капиталини ривожлантириш, аҳолининг барча қатламларини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олиш, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш орқали одамларнинг соғлиғини яхшилаш кўрсаткичини ошириш, ижтимоий ҳимоя, атроф-муҳитни асраш, илғор фикрлайдиган янги авлодни шакллантириш, мамлакатнинг миллий брендини халқаро миқёсда оммалаштириш каби мақсадлар баён этилган. 
 
– Жаҳоннинг кўплаб ривожланган давлатларида узоқ истиқболга мўлжалланган стратегиялар қабул қилинган. Ўзбекистонни 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми бўлиб, юртимиз тараққиётида янги саҳифа очиши билан аҳамиятлидир, – деди «Буюк келажак» халқаро ташкилоти экспертлар кенгаши мувофиқлаштирувчиси Баҳром Исмоилов. – Янги стратегия мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар истиқболда юқори натижаларни беришига пойдевор бўлиб хизмат қилади. 
 
– Стратегия лойиҳасида белгиланган марраларга эришиш учун ҳар бир соҳада ислоҳотларни босқичма-босқич, аниқ муддатларда рўёбга чиқариш прогнозлари кўрсатилган, – деди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Акмал Бурҳонов. – Масалан, бугунги кунда туризм соҳасининг улуши мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида 1,4 фоизни ташкил этса, 2035 йилда уни 28 фоизга етказиш режалаштирилган. Ёки ишлаб чиқариладиган автомобиллар сонини 300 мингтага етказиш, тармоқдаги бандликни 1,5 баробар кўпайтириш кўзда тутилмоқда. Шу каби кўплаб истиқболли режалар ва уларни амалга ошириш механизмлари Ўзбекистон жаҳоннинг ривожланган давлатлари қаторидан мустаҳкам ўрин эгаллашига қулай имкониятлар яратади. 
 
Тақдимотда макроиқтисодиёт кўрсаткичлари, соҳавий йўналишларнинг ҳар томонлама ўрганилган маълумотлари, барқарор ривожланиш йўналишлари, 2035 йилгача Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш стратегиясидан кутилаётган натижалар ҳақида сўз юритилди. 
 
Лойиҳани аҳолининг кенг қатламлари, вазирлик ва идоралар, эксперт-таҳлилий доиралар ўртасида, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида кенг муҳокама қилишга келишиб олинди.