2805/22

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари фаолияти ташкилий-ҳуқуқий асослари

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари ҳудудларда Сайлов Кодекси ижроси устидан назоратни амалга оширишлари билан сайлов кампаниясида муҳим ўрин тутади.

Округ сайлов комиссиясининг аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан Марказий сайлов комиссиясига сайлов округлари тузилганидан сўнг уч кун ичида тавсия этади. Округ сайлов комиссиясининг аъзолари жамоатчиликнинг обрў-эътиборли вакиллари орасидан тавсия этилади.  Округ сайлов комиссияси таркиби умумий миқдори 11 тадан 21  нафаргача бўлиши мумкин.

Округ сайлов комиссиялари шахсий таркиби унинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва комиссия аъзоларини, шунингдек уларнинг иш жойи кўрсатилган ҳолда Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ҳамда оммавий ахборот воситаларида сайловга камида етмиш кун қолганида эълон қилинади.

 Округ сайлов комиссияси  сайлов округи ҳудудида сайлов кодекси ижроси устидан назоратни амалга оширади ва унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди, сайлов участкаларини тузади, округ бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилайди, манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилади.

Шунингдек сайловга қирқ кун қолгунга қадар  участка сайлов комиссияларини тузади ва уларнинг таркиби ҳақидаги маълумотларни эълон қилади.

Ўз навбатида участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Сайлов участкаларининг жойлашган ери ҳақида сайловчиларни хабардор қилади,  жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотини эшитади.

Сайловчилар рўйхатларининг тузилишини ва уларнинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради, участка сайлов комиссияларига ташкилий-услубий ёрдам беради ва сайловни моддий-техника жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳам кўриб чиқади.

Сиёсий партияларнинг ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчиларига белгиланган шаклдаги мандат беради, округ сайлов комиссияси ҳузуридаги матбуот марказининг фаолиятини ташкил этади, сайловчилар, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакилларига муддатидан олдин овоз бериш ўтказиладиган вақт ва жой ҳақидаги маълумотларни етказади.

Сайловчиларнинг ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни, жумладан, ўқув машғулотлари, семинарлар, конференциялар, давра суҳбатлари ўтказади.

Округ сайлов комиссияси Сайловчилар ягона электрон рўйхати (СЯЭР)дан фойдаланишни ташкиллаштириш мақсадида участка сайлов комиссияси аъзоларига Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимига  кириш учун тегишли маълумотларни беради ва мувофиқлаштириб боради.

 Округ сайлов комиссияси ўз фаолиятини қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик принциплари асосида амалга оширади. 

Округ сайлов комиссияси томонидан участка сайлов комиссияларидан овозларни санаб чиқиш натижалари тўғрисидаги баённомаларни қабул қилиб олиш ҳамда округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш жараёнида сиёсий партияларнинг кузатувчилари, ваколатли вакиллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ҳозир бўлишлари мумкин.

Мазкур жараёнда округ сайлов комиссияси биносида ҳозир бўлишга рухсат этилган шахслардан бошқа шахсларнинг иштирок этиши тақиқланади.

Сайлов округи бўйича сайлов натижалари фақат участка сайлов комиссияларининг тақдим этган баённомалари асосида аниқланади. Округ сайлов комиссияси мажлисида округ бўйича сайлов натижалари аниқланади ҳамда  баённомада акс эттирилади. Баённома комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва бошқа аъзолари томонидан имзоланади ҳамда Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилади. 

Мазкур баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун округ сайлов комиссияси биносига камида қирқ саккиз соат муддатга дарҳол осиб қўйилади. 

 

Юнусов Баҳодиржон

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси

доимий асосда ишловчи  аъзоси