612/21

Тошкентдаги “ИННОПРОМ” халқаро саноат кўргазмасида 300 дан ортиқ саноат компанияси ва ишбилармонлар делегациялари иштирок этади

Жорий йил 5-7 апрель кунлари Тошкентда “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар марказида биринчи марта “ИННОПРОМ”. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги” халқаро саноат кўргазмаси бўлиб ўтади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, кўргазмада ва бизнес-дастурда Арманистон, Беларусь, Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Ўзбекистон, Франция, Чехия ва Япониянинг 300 дан ортиқ саноат компанияси ва ишбилармонлар делегациялари иштирок этади. Тадбир Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ташкил этилмоқда.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – иштирокчи мамлакатлар ва компаниялар ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш, саноатни ривожлантириш ва қўшма корхоналар ташкил этишнинг янги имкониятларини аниқлашдан иборат. Кўргазманинг асосий бўлимлари қуйидагилардан иборат бўлади: транспорт ва энергетика машинасозлиги, саноат АТ, шаҳарлар учун технологиялар, тиббий асбоб-ускуналар ва фармацевтика, металлургия ва материаллар, пластмасса ва каучуклар.

“Ўзбекистон Россия учун нафақат энг муҳим савдо-иқтисодий ҳамкорлардан бири, мамлакатимиз компаниялари ҳозирги кунда иқтисодиётнинг турли тармоқларида йирик ҳамкорлик лойиҳаларини яратаётган ва уларни келгусида биргаликда амалга оширадиган стратегик ҳамкордир. Россиянинг 300 та компанияси “ИННОПРОМ”. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги”да иштирок этаётгани “Россияда ишлаб чиқарилган” белгисининг юқори сифат ҳамда очиқ ва ўзаро манфаатли муносабатларга тайёрликни англатишини яна бир бор яққол тасдиқлайди”, - дея таъкидлади Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуров.

Бизнес дастурининг биринчи кунида Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов иштирокида “Жаҳон саноат ишлаб чиқариш соҳаси ўсиш драйверларини аниқламоқда” асосий Стратегик сессияси бўлиб ўтади.

“Ўзбекистон ва Россия турли соҳаларда қўшма лойиҳаларнинг йирик тўпламини амалга оширмоқда. Ҳамкорлигимизнинг муваффақияти 2020 йилда пандемияга қарамай мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси қарийб 6 миллиард долларни ташкил этгани билан тасдиқланади. Биз бу суммани 10 миллиард долларгача етказишни режалаштирганмиз. Ўтказиладиган саноат кўргазмаси янги кооперация лойиҳаларини шакллантириш ва ўзаро манфаатли шартнома ва битимларни имзолаш учун ажойиб платформа бўлади”, – деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов.

“С-GROUP” Корпоратив коммуникациялар маркази томонидан миллий ва ҳудудий даражадаги соғлиқни сақлаш органлари раҳбарлари, шифокорлар ҳамда давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари бошлиқлари, шунингдек, тиббиёт университетлари талабалари иштирокида 6 апрель куни ташкил этиладиган “Миллат саломатлиги” мавзусидаги дастурнинг қатор тадбирлари аллақачон ўзбек профессионал аудиториясининг катта эътиборини ўзига тортган.

7 апрель куни “ИННОПРОМ” бизнес дастури “Олий иқтисодиёт мактаби” ИТУ кўмагида ўтади ва унда асосий эътибор Ўзбекистоннинг йирик университетлари талабалари учун илғор саноат ишлаб чиқаришнинг энг долзарб мавзуларини ёритишга бағишланган тадбирларга қаратилади.

“Биз Россия ва Европа саноат компанияларининг Ўзбекистон бозорига катта қизиқишини кўриб турибмиз, шунинг учун “ИННОПРОМ” - кўп мамлакатларда танилган 10 йиллик тарихга эга глобал бренд ниҳоят Тошкентга ҳам келиши бежиз эмас. Зеро Ўзбекистон ўзининг ақлли давлат бошқаруви, ёш ва билимли инсон капитали, сифатли ишбилармонлик муҳити билан нафақат Россия, балки бутун жаҳон саноати учун янги Элдорадо ҳисобланади, - дея таъкидлади “ИННОПРОМ” дастурий директори Антон Атрашкин.

Кўргазма расмий сайти:

http://tashkent.bigindustrialweek.com

ОАВ рўйхатга олиш учун:

https://innoprom21.ruwidgets.ru/form/press

Маълумот учун. Россиянинг “ИННОПРОМ” саноат кўргазмаси 2010 йилдан бошлаб Екатеринбургда ҳар йили ўтказиб келинмоқда. Кўргазма майдони 50 минг квадрат метр бўлиб, у “Екатеринбург ЭКСПО” халқаро кўргазмалар мажмуасининг 4 павильонини эгаллайди. Ҳар йили кўргазмада 600 тадан ортиқ экспонент намойиш этилади ҳамда унда дунёнинг «Siemens», «FANUC», «Mazak», «Rittal», «KUKA», «Yaskawa», «Volvo», «SAP», «Dassault Systemes» каби йирик компаниялари, шунингдек, Россиянинг “Ростех” давлат корпорацияси, “Синара” гуруҳи, ЧҚПЗ, “Росатом” давлат корпорацияси, УТМК, “SOLLERS”, “КАМАЗ” ва бошқа етакчи ишлаб чиқарувчилари иштирок этади. Кўргазмага ҳар йили 70 мамлакатдан ўртача 50 мингга яқин меҳмон ташриф буюради.