302/23

Тошкент декларацияси — ёш авлод келажаги йўлидаги глобал мақсадлар муштараклиги

2022 йилнинг 14-16 ноябрь кунлари Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида ЮНЕСКОнинг Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим беришга бағишланган II Бутунжаҳон конференцияси ниҳоятда кўтаринки руҳда ташкил этилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлаши унинг нуфузини янада оширди.  

Шунингдек, конференцияда ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле, 150 га яқин мамлакатдан вазирлар ва вакиллар, халқаро ташкилотлар мутасаддилари қатнашди. Конструктив мулоқот, билдирилган дадил ташаббуслар, илгари сурилган ижодий таклифлар тадбирнинг қизғин руҳини намоён қилди.

Ишончимиз комилки, анжуманда олдимизга қўйилган барча мақсад ва вазифаларга эришилди. Тошкент декларацияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат болаларнинг давомий таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, инклюзив ва сифатли ўқитишни таъминлашнинг калитига айланади.

COVID-19 пандемияси даврида таълим соҳаси энг кўп зарар кўрган тизимлардан бири бўлди. Глобал инқироз ижтимоий тенгсизликни кучайтирди ва бутун дунё бўйлаб миллионлаб болаларни таълим, соғлиқни сақлаш ва овқатланиш орқали кўрсатиладиган ҳаётий хизматлардан маҳрум қилди.

Глобаллашаётган бугунги дунёда тараққиётга, тинчлик ва фаровонликка, экологияга хавфлар тобора ортиб бормоқда. Ғоят мураккаб ва таҳликали айни замонда яхши таълим-тарбия кўрган, жисмонан ва маънан баркамол инсонгина мавжуд муаммоларни ҳал этишга хизмат қилиши, истиқболдаги ривожланишнинг энг мақбул йўлларини топа олиши мумкин. Ёш авлод иқлим ўзгаришидан рақамли инқилобгача бўлган қийин муаммоларга дуч келганда, билим, қадрият ва кўникмаларга эга бўлолмаса, барқарор тараққиёт имконсиздир.

Конференция ЮНЕСКО ва дунё экспертлари, мутахассислари иштирокида тинчлик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш асносида кичик ёшдаги болаларга таълим-тарбия бериш бўйича глобал муҳокама учун муҳим платформа бўла олди. Муҳокамалар натижаси ўлароқ қабул қилинган Тошкент декларацияси замонавий муаммоларни бартараф этишга давлат сиёсатини йўналтириш, шунингдек, 2030 йилгача мактабгача таълим соҳасини равнақ топтиришнинг энг муҳим йўналишларини белгилаш имконини яратди.

ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле хоним эътироф этганидек, Ўзбекистонда ЮНЕСКОнинг 2022 йилни таълимга сафарбарлик йилига айлантириш ҳақидаги қатъий қароридан келиб чиқиб, дунёга кучли хабар юбориш имконияти юзага келди.  

Албатта, ушбу жараёнда бизга етарлича молиялаштириш, кўпроқ моддий ҳамда молиявий кўмак, инсон ресурслари керак бўлади. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Париж декларацияси қабул қилинди, у ЮНЕСКОга аъзо давлатларга давлат харажатларининг камида 15 фоизини ёки ЯИМнинг 4 фоизини таълимга ажратишни тақозо этади.

Бу тадбир ниҳоятда зарур: маълумки, таълим — бу харажат эмас, балки энг яхши сармоядир. Ўқитувчилар ва мактабларга сармоя киритишдан кўра адолатли ва самарали сармоя йўқ.

Замонавий Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакат тараққиётнинг янги босқичи — янги Ўзбекистон қурилишига ўтди. Унинг устувор йўналишларидан бири инсон капиталини ривожлантиришдир.

Эрта ривожланиш ва таълим, ҳеч муболағасиз, Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан биридир. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилганидан буён, болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизгача ошди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 2 миллиондан ортиқ мактабгача ёшдаги болалар боғчаларга бориш имкониятига эга. Ушбу ўсиш кўрсаткичини мамлакат раҳбариятининг кучли сиёсий иродаси ва ҳукуматнинг саъй-ҳаракатларисиз амалга ошириш мумкин эмас эди.

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, бугун дунёда 5 ёшдаги ҳар тўртинчи бола мактабгача таълим хизматидан фойдаланмайди. Жаҳондаги мамлакатларнинг ярмидан камроғида мактабгача ёшдаги болалар текин ўқиши таъминланган.

 Нуфузли форумда қатнашган ЮНЕСКО Бош директори ўринбосари Стефания Жаннини хонимнинг фикрича, таълим ва тараққиёт ютуқларидан тенг фойдаланиш, педагогикага инновацияларни жорий этиш ҳамда мураббийларга ёрдам бериш — инсон ҳуқуқлари соҳасида ЮНЕСКОнинг фундаментал қадриятларига асосланадиган масалалардир. ЮНЕСКОнинг Тошкент декларацияси айнан шу мазмунни ифодлагани билан аҳамиятлидир. Яъни болаларнинг эрта ривожланиши муштарак мақсадимизнинг муҳим қисми сифатида ҳужжатда ўз ифодасини топди.

Бутунжаҳон конференциясида ўртага ташланадиган ғоялар, билдирилган фикрлар ва қабул қилинган декларация форум қатнашчиларининг болаларни кичик ёшданоқ ривожлантиришга қаратилган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги бирдамлиги ҳамда бирлигининг ёрқин намунаси бўлди.

Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш тизимини глобал ўзгартириш стратегиясининг бир қисми сифатида Тошкент декларациясида бир қатор етакчи тамойиллар белгиланди:

биринчидан, мактабгача таълимда ўқув дастурлари ҳамда педагогиканинг сифати ва долзарблигини ошириш;

иккинчидан, барча болалар учун тенг ва инклюзив таълим хизматларини таъминлаш, жумладан, фавқулодда вазиятларда кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим беришга кириш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлаш;

учинчидан, педагог кадрларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш;

тўртинчидан, соҳага инновацияларни кенг жорий этиш;

бешинчидан, тизимни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш.

Ушбу муҳим ҳужжатнинг қабул қилиниши тарихий воқелик бўлиб, янада адолатли, инклюзив, долзарб ва барқарор таълим тизимларини яратишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Эрта ривожланиш стратегиясида янги саҳифа яратади ва келгуси ўн йил ичида мактабгача таълим соҳасида халқаро кун тартибини белгилаб беради.

Қайд этиш лозимки, ушбу нуфузли конференция орқали юртимизда мактабгача таълим тизимидаги илғор тажрибаларни намоён этиш билан бирга, жаҳон ҳамжамияти эътиборини соҳадаги муаммолар ва уларни ҳал қилишга қаратиш имконини берди. Шунингдек, ушбу анжуман мамлакатимизда мактабгача таълим соҳасига сармоя киритиш ва илғор халқаро тажрибаларни ўзлаштириш борасида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга ҳам замин яратди.

 Мамлакатимизда мактабгача таълимга узлуксиз таълим тизимининг ажралмас бўлаги сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2017–2021 йилларда қилинган ишлар мисолида бунга яққол ишонч ҳосил қилиш мумкин. Жумладан, 2017 йилда мамлакатимиз бўйича 5 минг 211 та мактабгача таълим ташкилоти бўлган. Ҳозир улар сони беш баробар ортиб, 28 минг 12 тани ташкил этмоқда. Тизимга ажратиладиган маблағ салмоғида ҳам ўзгариш катта. Бундан беш йил аввал йилда мактабгача таълим тизимига 2 триллион сўм ажратилган бўлса, бу йил соҳага 9,5 триллион сўм йўналтирилди.

 Тизимдаги яна бир ўзига хослик ҳақида ҳам тўхталиш жоиз. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун мактабгача таълимнинг текин муқобил турлари жорий этилди. Жумладан, “Ақлвой” лойиҳаси доирасида юртимиздаги мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлмаган ҳамда қамров кўрсаткичи паст 142 та маҳалла фуқаролар йиғинида 387 та мобил гуруҳ шакллантирилди. Бу тизим 65 та автобус негизида йўлга қўйилиб, 7 мингга яқин болани қамраб олди.

 Яқинда жаҳон оммавий ахборот воситалари халқаро тадқиқот натижаларини эълон қилган эди. Унга кўра, Ўзбекистон 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълимга қамровнинг ўсиши бўйича жаҳон рейтингида биринчи ўринни эгаллагани ҳам қилинган ишлар самарасидан дарак беради.

 Юртимизда алоҳида эҳтиёжга эга бўлган болаларнинг таълим-тарбияси ҳам эътибордан четда эмас. Жумладан, инклюзив таълим тамойиллари ва имконияти чекланган болаларга ёрдам кўрсатишнинг янги чора-тадбирлари қўлланмоқда. Нукус, Қарши, Зарафшон шаҳарлари ва Қибрай туманида реабилитация марказига эга бўлган кўп тармоқли ихтисослаштирилган ва қўшма турдаги мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда 74 та кўп тармоқли ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, уларда имконияти чекланган, ривожланишида жисмоний ёки руҳий нуқсони бўлган 6 минг 434 нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда. Ўтган йили барча кўп тармоқли ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим ташкилотлари реабилитиция ускуналари билан таъминланди. Соҳадаги ижобий натижалар жаҳон миқёсида ҳам эътироф этилаётгани ЮНЕСКО шафелигида ўтказилган нуфузли анжуман мисолида яна бир бор ўз тасдиғини топди.

 Конференция доирасида соҳага доир товарлар, хизматлар ва инновацион маҳсулотларнинг халқаро кўргазмаси, матбуот анжуманлари ва маданий тадбирлар ҳам ўтказилди. Шунингдек, мактабгача ёшдаги болаларни тарбиялаш ва ўқитиш соҳасига жалб этиладиган инвестиция оқимини кўпайтиришнинг устувор йўналишлари ва стратегияларини ҳам белгилаб олдик.

Агар биз дунёни ўзгартирмоқчи бўлсак, аввало, таълимни ўзгартиришимиз керак. Ишонамизки, умумий ҳисобда бутун таълим тизими дунё миқёсидаги глобал ўзгаришларга таъсир қилиши мумкин. Таълим жараёнларини фарзандларимизнинг келажаги учун яхшироқ ва сифатлироқ ташкил этиш бизнинг бурчимиздир. Ҳар биримиз дунёнинг келажакдаги цивилизацияси учун жавобгармиз.

 

Агриппина ШИН,

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири.