2701/22

СМТИ эксперти: Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг мувофиқлаштирилган транспорт сиёсати ва ўзаро боғлиқ логистика инфратузилмасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди

Жорий йил 12 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг 8-саммитидаги нутқида транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни тизимли асосда йўлга қўйиш зарурлигига эътибор қаратди, деб таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) бўлим бошлиғи Алишер Қодиров.

- Жумладан, ҳамкорликнинг ушбу йўналишларидаги мавжуд салоҳиятдан тўлақонли фойдаланиш мақсадида давлатимиз раҳбари «Туркий давлатлар ташкилотининг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик дастури»ни ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди, - деди эксперт. Бундай дастурга эҳтиёж сўнгги пайтларда Ўзбекистон ва бошқа туркий мамлакатларда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт йўналишларини диверсификация қилиш, транзит билан боғлиқ жараёнларни соддалаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилгани билан боғлиқ. Бироқ туркий давлатлар транспорт тизимининг интеграциялашув жараёни тўлиқ якунлангани йўқ.

Шу муносабат билан Ўзбекистон раҳбари томонидан таклиф этилган транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик дастури тегишли инфратузилмани яратишда ташкилотга аъзо мамлакатлар фаолиятини мувофиқлаштиришни такомиллаштиришга қаратилган.

Аввало, бу туркий давлатлар ҳудудидан ўтувчи транспорт йўлакларини тизимлаштириш, уларнинг ҳудудида транспорт ҳаракатини кўпайтиришга кўмаклашиш, транспорт йўлакларининг жозибадорлигини ошириш, мамлакатлар транспорт инфратузилмасининг илғор ривожланишини рағбатлантириш ишларини амалга оширишдир.

Туркий давлатлар транспорт коммуникацияларидаги айрим «бўшлиқ»ларни бартараф этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Баъзи тўсиқлар ва «узиқ» йўналишлар сақланиб қолаётган автомобиль ва темир йўллар, денгиз ва ҳаво йўлларидан ташкил топган энг муҳим трансконтинентал халқаро транспорт йўлаклари «туркий макон» ҳудудидан ўтади.

Шуни инобатга олиш керакки, Европа ва Осиё ўртасидаги энг қисқа трансконтинентал йўналишлар туркий давлатлар орқали ўтади, шунинг учун уларнинг бирлашуви ва интеграциялашуви нафақат транзит юк ташиш ҳажмининг ошишига олиб келади, балки Евроосиё қитъасининг барча мамлакатларининг ривожланишига фаол ҳисса қўшади.

Шу нуқтаи назардан, кўплаб давлатлар ва минтақавий иқтисодий блоклар «Шарқ-Ғарб» ва «Шимол-Жануб» йўналишлардаги халқаро трансчегаравий транспорт йўлаклари, шунингдек Хитойнинг «Макон ва йўл» ташаббуси доирасида ўзаро ҳамкорлик қилиш учун Туркий давлатлар ташкилоти билан ҳамкорликка қизиқиш билдирмоқда.

Шу билан бир қаторда, ушбу ҳамкорликнинг истиқболлари ва мазмуни кўп жиҳатдан миллий чегараларни транспорт воситалари орқали кесиб ўтиш жараёнини мураккаблаштирувчи турли хил тўсиқларнинг мавжудлиги билан белгиланади. Туркий ташкилотлар ўртасидаги чегараларда божхона ва чегара тартибларини соддалаштириш бизнес харажатларини камайтиради, халқаро савдо ва транзит ташиш ҳажмини оширади. Транспорт инфратузилмасининг такомиллашуви хориждан инвестицияларнинг сезиларли кириб келишига сабаб бўлади.

Бу дўстона алоқаларнинг янада кенгайишида муҳим аҳамият касб этади, шунингдек туркий давлатлар ўртасидаги муваффақиятли ҳамкорликнинг самарали механизми учун қўшимча туртки бўлиб хизмат қилади. Уларнинг геостратегик аҳамияти ошади, транспорт йўналишлари диверсификация қилинади. Бунинг натижасида туркий мамлакатлар глобал таъминот занжирларида янада чуқурроқ интеграциялашиш ва товарлар халқаро транзитида фаол иштирок этиш имкониятини қўлга киритади.

Энг муҳими – транспорт ўзаро боғлиқлиги товар айирбошлашни енгиллаштиради. Транспорт алоқалари ривожланишининг табиий натижаси сифатида туркий давлатлар ўртасидаги кооперацион ҳамкорлигини мустаҳкамланишига олиб келади.