3003/20

Шавкат Мирзиёев: Ишлаган одамга жамият эътибор қаратадиган замон келди

Давлатимиз раҳбари Яшнобод тумани раҳбарлари, маҳалла раислари, тадбиркорлар, мактаб ва соғлиқни сақлаш муассасалари вакиллари билан учрашув ўтказди. 


Президентимиз туманни обод ва осойишта намунали ҳудудга айлантириш, янги иш ўринлари яратиш, камбағаликка барҳам бериш, таълим сифатини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тинчликни таъминлаш борасида бир қатор ташаббусларини айтди, топшириқлар берди.


– Сизлар билан, халқ орасида юриб, ислоҳотларимизни амалга ошираётган одамлар билан суҳбат қилиб, мавжуд муаммо ва масалаларни очиқ-ойдин муҳокама қилгани келдим. Шунинг учун ёдланган гапларни гапирмасдан, кўпроқ савол бериб, таклифларингизни айтсангизлар, хурсанд бўламан, – деди Шавкат Мирзиёев.
 
01.jpg


Тумандаги 58 маҳаллада 240 минг аҳоли истиқомат қилади. 8300 фуқаро ишсиз, 10 минг одам ишлаш мақсадида бошқа давлатларга кетган. Демак Яшнободнинг 18 мингдан зиёд аҳолисига муносиб иш керак.


Давлатимиз раҳбари туманда ишсизликнинг олдини олиш, камбағалликка барҳам бериш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш ҳақида топшириқ берди.


– Бир банданинг оғирини енгил қилиш Худога ҳам ёқади. Камбағал кишининг ҳам фарзанди бор, ҳаётдан умиди бор. Шунча йил бу ҳақда гапирмадик, яшириб келдик. Энди бунга барҳам берайлик. Камбағалликни йўқотайлик, – деди давлатимиз раҳбари.
 
02.jpg


Бунинг учун, аввало, ёшларни бирон касб эгаси қилиб вояга етказиш, янги иш ўринларини кўпайтириш, Яшнобод туманидаги банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи “Ишга марҳамат” моно-маркази шаклидаги марказларни барча туманларда очиш ҳақида фикр билдирилди.


Бу борада Шавкат Мирзиёев туман ҳокимларига, бошқа дахлдор ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқ ҳам берди. Бунда қисқа вақтда коллежлардаги ўқув аудиториясининг бир қисмини кечки сменага ўтказиш, уларда маҳалла ёшларини касб-ҳунарга ўқитиш курсларини жорий этиш назарда тутилмоқда.


Давлатимиз раҳбари касб-ҳунар эгаллаган ёшларнинг иш унумдорлиги, оиласига, иқтисодиётимизга фойдаси ҳақида гапирди. Таъкидланганидек, саноатни ривожлантиришда ёшлар кучидан фойдаланиш керак. Бунинг учун улар замонавий дастгоҳларда ишлашни билиши талаб этилади. Шунда уларнинг ойлик маоши ҳам ошади.

Давлатимиз раҳбари соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида муҳим ғояларни айтар экан, тиббиёт коллежлари фаолияти, уларни битираётган ёшлар учун амалдаги ҳуқуқий асос ўзини оқламаётганини қайд этди.
 
04.jpg


Шу маънода, тиббиёт коллежлари негизида Ибн Сино техникумларини ташкил этиш ташаббусини йиғилиш иштирокчилари қўллаб-қувватлади. Техникум битирувчиларига тиббиёт шифокори, деган диплом берилади. Ўқитувчилар билими, савиясига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.


– Яна бир муаммо аҳолининг соғлом овқатланиш меъёрларига амал қилмаслигида, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. 
 
Нуронийларга, оилавий поликлиника шифокорларига маҳаллаларда кенг тарғибот ишларини олиб бориш вазифаси топширилди. Кўпроқ пиёда юриш тавсия этилди. Бу борада Яшнобод туман тажрибасини жорий қилиш ҳақида айтилди.


Йиғилишда маҳалла ва оила тизимидаги уйғун ислоҳотлар, жумладан, янги ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолияти ҳақида сўз борди. Маҳаллада жиноят содир этилишининг олдини олиш, ишсизликка, камбағалликка барҳам беришда маҳалланинг роли муҳимлиги таъкидланди.
 
05.jpg


– Президент сиёсатининг экан катта замини, бу – маҳалла тизими. Шу боис маҳалла раиси ва профилактика инспекторларини мажлисларга чақирмаймиз, керак бўлса маҳаллага келиб мажлис қилинади, – деди давлатимиз раҳбари.


Оилавий низоларга, ажрашишларга қарши курашни кучайтириш кераклиги бўйича гап борар экан, эндиликда эр-хотинни ажратишда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг рухсати олиниши шартлиги айтилди. Бу борада тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш бўйича топшириқ берилди.


Президент Шавкат Мирзиёев йиғилишда Яшнобод тумани мисолида давлат бошқаруви тизимига ўзгартириш киритиш ҳақида фикр билдирди. Шунингдек, камбағалликни камайтириш бўйича ҳам Сирдарё вилоятининг Боёвут ва пойтахтимизнинг Яшнобод тумани намуна бўлиши кераклигини айтди.
 
06.jpg


Бунда асосий эътибор кам таъминланган оилалар билан ишлаш, хотин-қизлар муаммоларига ечим топиш, бандликни таъминлаш, маҳаллардаги соғлом муҳитни мустаҳкамлашга қаратилади.



– Ишлаган одамга жамият эътибор қаратадиган замон келди. Тинчлигимизнинг қадрига етиб, пок ва ҳалол бўлиб ҳаракат қилсак албатта натижа бўлади. Эртанги кунимизга бефарқ бўлмайлик. Яшнобод ўз номига муносиб яшнаб туриши, қуйи тизимда ишни ташкил қилиш бўйича намуна бўлиши керак, – деди Президентимиз.