3003/20

Сенат ялпи мажлиси якунига етди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси якунига етди.



Сенат раиси Танзила Норбоева бошқараётган тадбирда сенаторлар, вазирликлар, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, масъул шахслар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.



Мажлисда 18 масала кўриб чиқилди. Кўрилган масалалардан 9 таси қонун бўлиб, улар орасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”, “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”, “Метрология тўғрисида”ги каби янги қонунлар бор. Сенаторлар 8 қонунни маъқуллади, фақат биттаси, яъни “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонун рад этилди.



Шунингдек, ички ишлар, ташқи ишлар вазирларининг ахбороти эшитилди.



Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва ногиронликни аниқлаш масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилди.



Ота-оналар қаровисиз қолган, “Меҳрибонлик” уйларида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувидаги долзарб масалалар тўғрисида ҳамда Давлат божхона хизмати органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ва Тошкент вилоятидаги чегара божхона постлари фаолиятини ўрганиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.



Бундан ташқари, Сенат ваколатига кирадиган бошқа масалалар кўриб чиқилди.



Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.