2701/22

Сайловчилар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш — долзарб вазифа

Аввал хабар қилинганидек, Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури тасдиқланди. Мухбиримиз Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Комилжон Адилов билан мазкур дастурнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида суҳбатлашди.

- Сайловлар фуқароларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришдаги иштирокининг асосий шакли, уларнинг сиёсий ҳуқуқларини рўёбга чиқариши, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалашини таъминлайдиган муҳим сиёсий тадбирдир. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, демократия ва сайлов тушунчалари доимо ёнма-ён юради, улар ўзаро бирлашиб кетган. Сайлов - демократия дегани. Демократия, бу - сайлов дегани. Бинобарин, сайлов жараёнида хилма-хил фикрлар, одамларнинг хоҳиш-иродаси, орзу-умидлари, ижтимоий кайфияти яққол намоён бўлади, - дейди К.Адилов. - Мазкур сиёсий тадбирни Конституция ҳамда қонунларимиз, умумэътироф этилган халқаро демократик стандартлар асосида ўтказиш кўп жиҳатдан фуқароларимизнинг сиёсий маданияти ва фаоллиги, гражданлик бурчини чуқур англашига боғлиқ. Сайловчилар жамиятимизда кечаётган демократик ислоҳотлардан кенг хабардор бўлган, бу жараёнга онгли равишда ёндашган, ўз овози жамият ҳамда давлат ҳаёти, мамлакатимизнинг келажаги учун нақадар катта аҳамиятга эга эканини англаб етган тақдирдагина сайловлардан кўзланган мақсадга эришиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури ўзида айни шу масалалар бўйича кенг қамровли вазифаларни акс эттириши билан муҳим амалий аҳамиятга эга ҳужжат ҳисобланади.

- Дастурни ишлаб чиқишда қайси жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди?

- Аввало, Марказий сайлов комиссияси фаолияти сайлов тизимининг демократик принципларини амалга оширишга кўмаклашиш, сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш имкониятини таъминлашга йўналтирилганини қайд этиш зарур. Бундай фаолият самарадорлиги, шубҳасиз, сайловчиларнинг электорал фаоллиги ҳамда ҳуқуқий маданиятига чамбарчас боғлиқдир.

Дастур “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2016 йил 9 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мазкур ҳужжат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Республика байналмилал маданият маркази, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамда давлат органларининг таклифлари асосида тайёрланди.

Дастурга мувофиқ, аҳолининг кенг қатламлари ўртасида истиқлол йилларида яратилган миллий сайлов тизими, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун, унга сўнгги йилларда киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг сайлов масалаларини тартибга солувчи қарорлари мазмун-моҳияти ҳамда сайловчиларнинг қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларини кенг тушунтириш бўйича аниқ ишлар олиб борилади.

- Тарғибот тадбирларига, асосан, кимлар қамраб олинаяпти?

- Юқорида айтиб ўтганимдек, тадбирлар аҳолининг кенг қатлами, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар, айниқса, биринчи марта овоз берадиган фуқаролар, нуронийлар, имконияти чекланган шахслар, ҳарбий хизматчилар, меҳнат жамоалари, қамоқда сақлаш жойларида вақтинча сақланаётган шахслар ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришга йўналтирилган. Умуман, бу кенг қамровли саъй-ҳаракатлар сайловчиларнинг барча қатламини қамраб олиб, уларнинг сайловда фаоллигини ошириш, сиёсий билим ҳамда онгини янада юксалтириш имконини беради, деб ўйлаймиз.

- Дастурда кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишда қандай амалий механизмлар, замонавий воситалардан фойдаланиш режалаштирилган?

- Тарғибот тадбирлари давра суҳбати, семинар, учрашув, бевосита мулоқот, конференция, тренинглар шаклида, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида мақолалар эълон қилиш, эшиттириш ва кўрсатувлар тайёрлаш, турли рисола, флаер ҳамда бошқа тарғибот материалларини тайёрлаш орқали амалга оширилади. Бунда асосий эътибор тарғиботнинг самарали технологияларидан унумли фойдаланишга қаратилаётганини айтиб ўтиш жоиз. Масалан, ёшларнинг сайлов маданияти даражасини ҳамда электорал фаоллигини янада юксалтириш учун “Менинг овозим - Ватаним келажаги” акциясини ўтказиш кўзда тутилаяпти. Бундан ташқари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан сайловчиларнинг бевосита яшаш ва ишлаш жойларида сайловларда овоз бериш қоидаларини тушунтиришга хизмат қиладиган учрашув, суҳбат, маъруза, савол-жавоблар ҳамда бошқа тадбирлар ўтказиш режалаштирилмоқда. “Мен шахсан ўзим овоз бераман”, “Бизнинг оиламизда ҳар биримиз ўз овозимизга эгамиз”, “Биз танлаш ҳуқуқига эгамиз”, “Сайловчилар рўйхатида бормисиз?” деб номланган акциялар ҳам шулар жумласидандир.

- Оммавий ахборот воситаларининг бу жараёндаги иштироки ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Сайлов кампаниясини очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида олиб бориш, қолаверса, сайловчилар ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситалари зиммасига катта масъулият юкланади. Чунки сайлов кампаниясининг барча босқичидан хабардор бўлган, сайловнинг аҳамияти, номзодлар дастурларининг мазмун-моҳияти, ўз сайлов ҳуқуқлари ҳақида етарли маълумот ва тушунчага эга бўлган фуқаро овоз беришга онгли равишда ёндашади, қонун талабларини бузмайди, фуқаролик назоратини амалга оширади. Шу нуқтаи назардан, дастурда аҳолининг сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича саводхонлигини ошириш,  сайловга оид мавзуларни кенг ёритиш юзасидан босма нашрлар, телевидение ва радио имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича ҳам аниқ вазифалар кўзда тутилган. Бу борада Марказий сайлов комиссияси билан мамлакатимизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари ўртасида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш тўғрисида имзоланган битимлар қўл келади, албатта.

Дастурда белгиланган вазифаларни ҳаётга изчил татбиқ этиш фуқароларнинг ҳуқуқий онги, сиёсий билими ва фаоллигини янада ошириш, пировардида жамиятимизда сайлов маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

«Халқ сўзи» газетаси