808/22

САЙЛОВ ЯНГИ УФҚЛАР, ЯНГИ ИСТИҚБОЛГА ЙЎЛ ОЧДИ

Жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўз мазмун-моҳиятига кўра, алоҳида тарихий аҳамиятга эгалиги билан ҳам халқимиз ва халқаро ҳамжамият эътиборини қозонди. Бундай дейишимизга етарлича асослар бор.

Биринчидан, Президент сайловини принципиал жиҳатдан янги сиёсий, ҳуқуқий ва ташкилий даражада ўтказиш мамлакатимиз барқарорлиги ва ривожланишини таъминлашнинг энг муҳим омили сифатида бўй кўрсатди.

Иккинчидан, сайловда халқимизнинг фаол иштироки кузатилди. Бу — фуқаролар ва ҳукумат ўртасида ишонч шаклланганининг ҳал қилувчи омили саналади. Ишонч эса барқарор ривожланиш, тинчлик ва тараққиёт гаровидир.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида, аввалги сайловлар билан таққослаганда, бу йил энг кўп халқаро ташкилотлар ва чет давлатлардан кузатувчилар, шунингдек, тўлақонли миссиялар таркиби иштирок этди. Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, Президент сайлови жараёнини 20 га яқин халқаро ташкилотдан, 50 га яқин давлатдан келган мингдан зиёд халқаро кузатувчилар, экспертлар бевосита кузатиб борди.

Тўртинчидан, Президент сайлови, халқаро кузатувчилар эътирофича, демократик руҳда, қонунийлик, шаффофлик, очиқлик тамойиллари асосида бўлиб ўтди.

Бешинчидан, ва энг муҳими, халқимиз ўзи муносиб, деб билган номзодга овоз берди. Бу ҳақиқий эркин танлов бўлди.

Гап Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва бу муҳим сиёсий жараённинг натижалари ҳақида кетар экан, ўтган беш йилликда биз эришган миллий тараққиёт йўлимизни яна бир бор таҳлил қилиш имконини берди.

Дарҳақиқат, Президент сайлови ва унинг натижаларига сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган, янгиланган ички ва ташқи сиёсатга баҳо берадиган референдум сифатида қараш мумкин.

Ислоҳотлар осон кечаётгани йўқ ва осон бўлмаслиги табиий ҳам эди. Ўз навбатида, жамиятимиз ва иқтисодиётимизни замонавийлаштиришдан ўзга йўл йўқлигини ҳам бугун ҳаммамиз яхши биламиз. Бу давлатимизнинг рақобатбардошлиги, қолаверса, ватанимизнинг ҳаёт-мамот масаласидир. Шу боис, Президентимиз таъбири билан айтганда, Ўзбекистондаги ислоҳотлар ортга қайтмас тус олди.

Президент сайлови Ўзбекистоннинг нуфузини янада оширишга замин яратди. Бу келажакда қилинажак ишларимиз асоси ҳисобланади. Энди халқ иродасига, халқ билдирган хоҳиш ва орзу-умидга таянган ҳолда барчамиз – ҳам ҳокимият, ҳам парламент, ҳам фуқаролик жамияти, ҳам оммавий ахборот воситалари – ҳар бир фуқаро шунга қараб ҳаракат қилишимиз керак. Бу сайлов Ўзбекистонга янги уфқларни, янги истиқболларни очди. Шубҳа йўқки, барчамиз ўзимиз сайлаган Президентимиз атрофида бирлашиб, Ўзбекистоннинг буюк келажаги учун хизмат қиламиз.

Таъкидлаш жоизки, Президент сайлови натижаси мамлакатдаги ислоҳотларни нафақат давом эттириш, шунингдек, барча йўналишлар, соҳалар кесимида янада фаоллаштиришга сиёсий замин яратади. Бу жараёнда юртдошларимиз ўз хоҳиш-иродасини намоён этгани ва келгуси беш йиллик тараққиётимиз учун биргаликда, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга тайёрлиги ҳам кейинги йилларда биз эришган ютуқларимиз омилидир.

Бу йилги Президент сайлови мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий тизими учун 2019 йилги парламент сайловига қараганда анчайин жиддий синов бўлди. Бу, авваламбор, сайлов аҳолининг сиёсий фаоллиги ҳамда ҳаётимизда юз бераётган янгиликларга даҳлдорлик ҳисси сезиларли даражада ошиб бораётган шароитда ўтгани билан изоҳланади.

Сўнгги йиллардаги туб ислоҳотлар туфайли уйғонган мамлакатимиз жамоатчилиги, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари бутун сайлов жараёнини диққат билан кузатиб борди. Унинг ҳар бир босқичига баҳо берди.

Шу боис, сайлов янада очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик руҳида, оммавий ахборот воситалари фаоллиги тубдан юксалган шароитда бўлиб ўтди. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва блогерлар сайлов кампаниясининг энг фаол иштирокчилари бўлиши кўп жиҳатдан сиёсий жараённинг мазмун-моҳияти ва хусусиятини белгилаб берди.

Сайлов кампанияси юқори даражада ўтгани, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда пешқадамлиги ва етакчи давлатлар, халқаро ташкилотлар билан ўзаро алоқаларидаги мавқеини мустаҳкамлайди, инвестиция жозибадорлиги ошишига хизмат қилади.

Олдинги Президент сайловларидан фарқли ўлароқ, 2021 йилги сайловда номзодлар ўртасида ҳақиқий сиёсий рақобат бўлди. Улар орасида янги қиёфалар, сиёсатчиларнинг янги авлоди, жумладан, аёл номзоднинг ҳам бўлиши шу мақсадга хизмат қилди. Президент сайловида фуқароларимизнинг мутлоқ аксарияти 2016 йилда давлатимиз раҳбари бошлаган ислоҳотларни изчиллик билан давом эттириш ва уларни чуқурлаштиришга қаратилган ўз иродасини қатъият билан билдирди. Дарҳақиқат, бу, ҳеч муболағасиз, халқимиз, миллатимиз, ватанимиз тақдири, жамиятимиз тараққиёти учун тарихий аҳамиятга эга ҳодисадир.

Шуни айтиш керакки, Президент сайловида халқимиз, биринчи навбатда, ўтган беш йилликнинг катта ислоҳотларига муносиб баҳо берди. Фуқароларимиз 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган, мамлакатда дунёвий-демократик қонун устуворлиги ва бозор иқтисодиётига таянган жамиятни ривожлантиришга ўз мойиллигини билдиргани, албатта, катта ғалабадир.

Шу билан бирга, янги Ўзбекистон, жамият, сиёсий тузум учун ўзига яраша синов, имтиҳон бўлди. Хорижий ҳамкорлар ва кузатувчилар фикрига таянган ҳолда айтиш мумкинки, Ўзбекистон бу имтиҳондан муносиб ўта билди.

Барча кузатувчилар, баъзилари айрим камчиликларни кўрсатган бўлишига қарамасдан, якдиллик билан Ўзбекистондаги юқори сиёсий фаолликни қайд этди. Бу қандайдир сунъий эмас, балки табиий, одамларнинг юрагидан, онгу шууридан келиб чиққан сиёсий фаолликнинг намоён бўлган белгисидир. Бу ниҳоятда катта ютуқ.

Шунингдек, 80 фоиз юртдошимизнинг сайловда иштирок этгани Ўзбекистонда янги фуқаролик жамияти ва сиёсий фаол муҳит пайдо бўлганини англатади.

Сайловдан кейин АҚШнинг таниқли ҳуқуқшуноси, “White and Case” компанияси раҳбари Кэролин Лем хоним билан суҳбатлашганимда, у овоз бериш учун ҳеч бир давлатда узун навбатлар пайдо бўлганини кўрмаганини, Ўзбекистонда эса аҳоли ўз фуқаролик бурчини бажаришга ошиқаётгани ҳақида тўлқинланиб гапириб берди.

ЕХҲТ/ДИИҲБ, ШҲТ, МДҲ ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, ИҲТ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Туркий кенгаш Парламент Ассамблеяси ва бошқа нуфузли ташкилот вакиллари Ўзбекистонда бўлди ва ўз сўзини айтди. Уларнинг фикрича, Ўзбекистондаги Президент сайлови мамлакатда охирги 5 йил мобайнида олиб борилган ислоҳотларнинг узвий бир қисми. Бу сайлов демократик ислоҳотлар орқага қайтмас тус олганидан далолат беради.

Ўзимиз ҳам телевидение, ижтимоий тармоқлар орқали кўрдик, хорижий давлатларда, хусусан, Москва шаҳридаги сайлов участкасида навбатда турган ўзбекистонликлар ўз ҳуқуқидан фаол фойдаланаётганини кузатдик. Бу нима дегани? Авваламбор, халқимизда ислоҳотларга дахлдорлик, жамият, келажак учун масъулият ҳисси шаклланганини англатади. Шунингдек, халқимиз сўнгги йиллардаги ислоҳотлар туфайли уйғонганидан даракдир. Бу жиҳатлар нафақат аҳоли, балки сиёсий партияларнинг фаоллашганида ҳам кўзга ташланди.

Мен бир мисолни кўп келтираман: собиқ Совет ҳукумати даврида сайловлар бир қарашда Конституция талаблари асосида ўтарди, бироқ у жараённи сайлов, дейиш мумкинмиди?

Тошкент давлат университетида (ҳозирги ЎзМУ) ишлаб юрган пайтимизда ректоримиз, атоқли олим Тошмуҳаммад Саримсоқов аччиқ истеҳзо билан менга, “Содиқжон, шуям сайлов бўлди-ю, битта номзод қўйишади, унга овоз беришимиз керак. Сайловда бирнеча номзод ичидан биттасини сайлашимиз керак эмасми?” дерди. Албатта, бу совет даврига хос сайлов эди. Сир эмас, ўша даврларда сайловлар хўжакўрсинга ўтказиларди.

Эндиликда сайловларни октябрь ойининг учинчи якшанбасида ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Бу йил илк бор мамлакатимизда Президент сайлови ана шу янги тажриба асосида муваффақиятли бўлиб ўтди. Ўзбекистондаги куз фасли ўртаси халқаро кузатувчилар учун ҳам, халқимиз учун ҳам жуда қулай ва тароватли бир вақт саналади. Бу кунларда юртимизда илиқ об-ҳаво, айни пишиқчилик даври кузатилади, шу боис, халқимизнинг сайловда шахсан иштирок этиши учун барча қулайликлар бўлади.

Бу йил Президент сайловида илк бор сиёсий партиялар номзодлари ишончли вакиллари ўртасида дебатлар бўлиб ўтди. Демак, Ўзбекистонда сайловлар мазмун-моҳиятан демократлашиб бормоқда, жамият уйғонмоқда. Яъни сиёсий ҳаёт пайдо бўлди. Халқимиз турли партия вакилларининг қиёфасини, фаолиятини била бошлади.

Халқимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошишида, ҳеч шубҳасиз, оммавий ахборот воситаларининг ўрни ниҳоятда катта бўлди. Улар муаммоларни очиқ айта бошлади, бу кўпларга ёқмади, лекин журналистларимиз ортга қайтмади, ишонамизки, қайтмоқчи ҳам эмас.

ОАВ вакиллари Президент сайлови кампаниясини фаол ёритиб борди. Айрим ҳолларда танқидий фикрлар ҳам билдирилди. Шу туфайли Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қонунийлик, шаффофлик таъминланди, сиёсий жараён эркин ва очиқлик муҳитида ўтди.

Сайловнинг энг асосий натижалари сифатида шуни айтиш керакки, Ўзбекистон халқи ўз хоҳиш-иродасини билдириб, бошланган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга бел боғлагани, олиб борилаётган ташқи сиёсатни қўллабқувватлагани халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.

Нима учун? Чунки ислоҳотлар натижасида янги Ўзбекистон пайдо бўлди. Бугун нафақат минтақада, минтақадан узоқ жойлардаги муаммоларни ҳал этишда ҳам Ўзбекистоннинг овози баралла янграмоқда ва катта таъсир кўрсатмоқда.

Савол туғилиши мумкин: халқаро кузатувчилар Ўзбекистонга нима учун келди? Уларнинг асосий хулосалари нимадан иборат бўлди?

Аввало шуни таъкидлаш керакки, биз учун энг муҳими, сайловга Ўзбекистон фуқаролари томонидан берилган баҳо. Чунки сайловлар ўз мазмун-моҳияти билан халқ ва ҳокимият ўртасида ишонч ўрнатишга, жамиятни жипслаштиришга қаратилган энг асосий омилдир. Кўп давлатларда кузатилган парокандалик ва инқирозлар айнан ноҳалол, ғирромлик билан ўтган сайловлар билан боғлиқ бўлган. Сиёсий партиялар ва ОАВ томонидан сайловлар синчиклаб кузатиб борилиши бежиз эмас, бу жуда муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, халқаро ҳамжамият фикри ҳам эътиборли. Бу, биринчи навбатда, Ўзбекистон рейтинги, мамлакатимизнинг дунёдаги имижи — янги қиёфаси учун зарур.

Биз буни тўғри тушунишимиз керак, эмин-эркин, ҳалол, халқаро стандартларга мос ўтказилган сайловлар натижасида Ўзбекистон рейтинги ортади. Бу эса, келаётган сармоялар, молиявий институтлар томонидан ажратилаётган маблағлар шартларини ҳам биз учун мақбул тарафга ўзгартиришга олиб келади. Яъни сайловлар нафақат сиёсий, шу билан бирга, иқтисодий омил ҳамдир. Бунинг натижасида халқимиз ҳаётига таъсир кўрсатадиган ижобий ўзгаришлар бўлиши шубҳасиз.

Сайловга келадиган кузатувчиларнинг сифат даражасини ҳам инобатга олиш керак. Улар орасида энг етакчи демократик давлатлар парламент аъзолари, йирик халқаро ташкилотлар делегациялари бор. Мен, масалан, ЕХҲТнинг Парламент Ассамблеяси аъзолари келиб бирон давлатда кузатув олиб борганини эслолмайман.

ЕХҲТ/ДИИҲБ, ШҲТ, МДҲ ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, ИҲТ, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, Туркий кенгаш Парламент Ассамблеяси ва бошқа нуфузли ташкилот вакиллари Ўзбекистонда бўлди ва ўз сўзини айтди. Уларнинг фикрича, Ўзбекистондаги Президент сайлови мамлакатда охирги 5 йил мобайнида олиб борилган ислоҳотларнинг узвий бир қисми. Бу сайлов демократик ислоҳотлар орқага қайтмас тус олганидан далолат беради.

Ўйлаймизки, Президент сайлови Ўзбекистоннинг нуфузини янада оширишга замин яратди. Бу келажакда қилинажак ишларимиз асоси ҳисобланади. Энди халқ иродасига, халқ билдирган хоҳиш ва орзу-умидга таянган ҳолда барчамиз — ҳам ҳокимият, ҳам парламент, ҳам фуқаролик жамияти, ҳам оммавий ахборот воситалари — ҳар бир фуқаро шунга қараб ҳаракат қилишимиз керак. Бу сайлов Ўзбекистонга янги уфқларни, янги истиқболларни очди. Шубҳа йўқки, барчамиз ўзимиз сайлаган Президентимиз атрофида бирлашиб, Ўзбекистоннинг буюк келажаги учун хизмат қиламиз.

 

Содиқ САФОЕВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари

“Янги Ўзбекистон” газетаси,

2021 йил 29 октябрь