2402/20

Президент Шавкат Мирзиёев Ромитан туманидаги “BCT Cluster” хорижий корхонаси фаолияти билан танишди

Қишлоқ хўжалигида кластер тизимини ривожлантириш борасидаги ишлар доирасида мазкур корхона учун 8 минг гектар ер ажратилган эди. 3 мингдан зиёд киши иш билан таъминланиб, пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш йўлга қўйилди. Биргина 2018 йилда 20 минг тоннадан зиёд хомашё етиштирилиб, уни қайта ишлаш натижасида 61,5 миллион долларлик даромад олинди. 



Эътиборлиси, корхонага дастлаб қарийб 75 миллион доллар инвестиция йўналтирилган эди. Яъни, сарфланган маблағ бир йилдаёқ ўзини салкам оқлади. 



Яна бир жиҳати: шунча пахта тола сифатида сотилганда 11,5 миллион доллар бўларди. Қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида сотилганда 50 миллион ёки 6 баробар кўп қўшимча қиймат яратилган. 



- Мана, кластерлар қандай бўлиши керак. Тадбиркорда манфаатдорлик ҳисси, янгича дунёқараш бўлса, албатта натижа қилади. Иқтисодиёт ишласа, ижтимоий соҳаларниям “тортади”. Кластер элга манфаат келтиради, одамларни иш билан, даромад билан таъминлайди. Энг катта мақсадимиз мана шу, - деди Шавкат Мирзиёев. 



Умуман, кластер пахта хомашёси етиштириш, уни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотларгача бўлган 8 та лойиҳани ўз ичига олади. Ип-калава ва мато ишлаб чиқариш, уларни бўяш, тайёр кийим тикиш фабрикалари қурилиши давом этмоқда. 

 
 
69d96186-87b3-0656-e1f4-1b9d0cad6b2f.jpg
 
Шунингдек, ёғ-мой заводи, чорвачилик комплекси ва озуқа ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этиш режалаштирилган. 



Шу ерда Бухоро вилоятида пиллачилик ва қоракўлчилик, балиқчилик, томорқачиликни ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, замонавий узумчилик, лимончилик кластерларини ташкил этиш, суғориш тармоқларини реконструкция қилиш, фермер хўжаликларини ёқилғи ва минерал ўғитлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштиришга оид ишлар ҳақида маълумот берилди.  



Хусусан, Қоровулбозор туманида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишнинг намунали тизимини яратиш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. “Қоровулбозор томорқа хизмати” МЧЖ томонидан лойиҳа доирасида 3 мингдан ортиқ хонадонда мевали боғ ташкил этиш, ихчам иссиқхоналар қуриш кўзда тутилган. Бундан ташқари 2 минг 500 дан ортиқ хонадонга қуён, парранда, наслли қорамол, шиншилла етказиб берилади.  



Президентимиз томорқа ерлардан самарали фойдаланишга оид режаларга алоҳида эътибор қаратиб, аҳолига амалий кўмак бериш зарурлигини, бу озиқ-овқат маҳсулотлари мўл-кўллиги ва арзонлиги, бозорларда нарх-наво барқарор бўлишида муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. 
 
32506ac3-004f-6218-1151-ee326776963b.jpg
 
e3eb32af-77c7-e6cd-8858-e38717af4edd.jpg
 
e7840eeb-8229-7a37-e514-bdd1ccc366d2.jpg