210/20

Мутахассис фикри: Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси афғонлараро тинчлик жараёнининг бошлаш нуқтаси бўлди

Доҳада (Қатар) Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш бўйича узоқ кутилган афғонлараро музокаралар бошланди. Кобул ҳукумат делегациясининг “Толибон” ҳаракати билан учрашуви Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун тарихий имконият сифатида баҳоланмоқда.

– Тўғридан-тўғри мулоқот сўнгги ўн йилликда биринчи бор бўлиб ўтмоқда ва афғон халқи учун тинч ҳаётни ўрнатишга ҳақиқий умид бахш этмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими Баҳодир Эгамов «Дунё» ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюсида. – Музокаралар бошланиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон расмий делегацияси, Қатар, АҚШ, Норвегия, Германия, Буюк Британия, Покистон, Япония ва бошқа мамлакатлар вакиллари қатнашди.

Афғонистонда тинчликка эришиш ҳақида сўз борар экан, Афғонистон вакиллари, шунингдек, Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш жараёнларига жалб этилган мамлакатлар сиёсатчилари ва экспертлари бунда Тошкентнинг муҳим ролини алоҳида эътироф этди. Бундан ташқари, айнан Ўзбекистон Президентининг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича ташаббуслари афғон музокаралари жараёнини қайта тиклашга ва ташқи иштирокчиларнинг вазиятга бўлган муносабатини тубдан ўзгартиришга ёрдам бергани ҳақида фикр билдирилди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, қандай сабабларга кўра Ўзбекистон сиёсати юқори баҳо ва эътирофларга сазовор бўлмоқда? Урушлардан азият чеккан мамлакатда тинчликка эришишда расмий Тошкент томонидан қандай ишлар амалга оширилди? Ўзбекистон Президентининг қандай ташаббусларини мисол сифатида келтириш мумкин?

Бунга Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими Баҳодир Эгамов қуйидагича жавоб берди:

Биринчидан, ҳаммамизга маълумки, 2018 йилнинг март ойида Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси ўтказилди. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган ушбу форум дунё ҳамжамиятининг Афғонистон Ислом Республикасида давом этаётган қон тўкилишига бўлган эътиборини қайтарди.

Ўша пайтда Президент Ашраф Ғани, Афғонистон тақдирига бефарқ бўлмаган деярли барча мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари, юқори мартабали дипломатлар Тошкентдаги форумда жамланди. Афғонистондаги муросасизликни тинчлик йўли билан ҳал қилишнинг асосий тамойилларини белгилаб берган Тошкент декларацияси қабул қилинди. Бир сўз билан айтганда, форумда мамлакатда тинчликни янада мустаҳкамлаш стратегияси бўйича келишувга эришилди.

Афғонистон инқирозини тинч йўл билан ҳал қилиш учун конференциянинг ўзи ҳам, Ўзбекистон раҳбариятининг саъй-ҳаракатлари ҳам алоҳида аҳамиятга эга эканини тасдиқлаш учун Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг шу йил март ойи сўнгида айтган қуйидаги фикрларини келтириш ўринли: “Бундан икки йил олдин Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ўтказилган Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал қилиш учун сиёсий жараённи бошлаш, манфаатдор томонлар ўртасида ўзаро мақбул мулоқот шакллари ва механизмларини излашда муҳим воқеа бўлди".

АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод ҳам Тошкент конференцияси аҳамияти ҳақида гапириб, "Конференция амалдаги амалий натижаларга эришиш учун мустаҳкам пойдевор яратди", деб эътироф этди. Маълумки, айнан шу анжумандан сўнг Америка томони билан “Толибон” ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар бошланди ва жорий йил 29 февраль куни Қатар пойтахтида АҚШ билан Толибон ўртасида шартнома имзоланди.

Унда мамлакатда тинчликка эришиш учун деярли барча муҳим шартлар – зўравонликларнинг камайиши, хорижий қўшинларнинг чиқарилиши, маҳбусларнинг озод этилиши ва афғонлараро ўзаро мулоқот бошланиши кўрсатилган эди.

Ушбу муҳим шартномани имзолаганлар, жумладан, “Толибон” ҳаракатининг Қатардаги сиёсий идораси раҳбари Мулла Бародар тинчлик жараёнини илгари суришда ёрдам бергани учун бошқа муҳим давлатлар қатори Ўзбекистонга ҳам самимий миннатдорлик билдирди.

Иккинчидан, Тошкентнинг Афғонистон йўналишидаги янгиланган сиёсати ва ташаббуслари бутун Афғонистонда – оддий халқ, расмий ҳукумат, турли сиёсий кучлар томонидан муносиб кутиб олинди.

Шуни таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон асосий афғон кучлари ва кенг аҳоли орасида ижобий обрўга эга.

Афғонистон томони Тошкентга ишонади ва ундан умидлари ҳам катта.

Покистон Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази мутахассиси Маҳмуд ул-Ҳасан бу муваффақиятни "Тошкентнинг Афғонистондаги сиёсати бошиданоқ амалий аҳамиятга эга формулага – Кобул билан "иқтисодий ҳамкорлик" орқали Афғонистон фуқаролари қалбини забт этиш, транспорт ва логистика ишларини муваффақиятли амалга ошириш, лойиҳалар, шунингдек, таълим дастурларини кенгайтиришга асосланган”и билан изоҳлайди.

Президент Ашраф Ғани билан шахсий ва ишончли мулоқотнинг ўрнатилгани, кўплаб масалалар бўйича тўлиқ ўзаро тушунишга эришилгани расмий Тошкент муваффақияти сабабларидан бири бўлди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Афғонистондаги бошқа ички сиёсий кучлар, жумладан, “Толибон” орасида ҳам обрўга эга. Масалан, ҳаракатнинг Қатардаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Абдул Салом Ҳанафий Тошкент билан ҳамкорликка умидворлигини билдириб, "Толиблар ўз мамлакатларида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик манфаатлари йўлида ташаббусларни илгари сурган Ўзбекистон Президентининг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди", дея қайд этди.

Пандемиянинг оғир даврида Ўзбекистон яна бир бор ўзини афғон халқининг ҳақиқий дўсти сифатида намоён эта олгани, синовли кунларда ва қийинчиликларда уларни ёлғизлатиб қўймагани Афғонистон эътиборидан четда қолмади. Пандемия сабабли бошқа мамлакатлар Афғонистон билан чегараларини ёпган бир пайтда, Ўзбекистон афғонларга нисбатан биродарлик муносабатини намойиш этди. Ўзбекистон Президентининг қатъий тутуми туфайли чегарамиз ҳар доим барча транспорт юклари ташиш учун очиқ бўлиб келди. Озиқ-овқат маҳсулотлари, муҳим моллар, хомашё ва ёқилғи ортилган юк карвонлари Афғонистонга жўнатилиб, ушбу қийин пайтда мамлакатда меъёрий ҳаётни таъминлади.

Бундан ташқари, пандемия даврида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бир неча бор афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилди. Афғонистон шимолидаги Мозори Шарифга ун, гуруч, ўсимлик мойи, шакар, болалар кийимлари, тиббий ҳимоя ва гигиена воситалари ва бошқа кўплаб маҳсулотлар етказиб берилди.

Таъкидлаш жоиз, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Президент Шавкат Мирзиёевга минтақада пандемиядан азият чеккан давлатларга, шу жумладан Афғонистонга саховат ёрдами кўрсатишдаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди.

Шу боис бундай вазиятда Ўзбекистон томонининг тинчлик жараёнидаги иштироки, шубҳасиз, музокараларга ижобий таъсир кўрсатиши аниқ. Небраска университетининг Афғоншунослик маркази директори Шер Аҳмадзай таъкидлаб ўтганидек, “Афғонистон ҳукумати ва халқи Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг маъмурияти афғон масаласига алоҳида эътибор қаратаётганидан мамнун. Одамлар Ўзбекистон ҳукуматининг Афғонистон масаласидаги иштирокига ижобий муносабатда бўлмоқда".

Учинчидан, Ўзбекистон Президентининг сиёсий позицияси Афғонистонга янги нигоҳ билан қарашга, уни кенг миқёсли Марказий Осиёнинг ажралмас қисми сифатида кўриб чиқишга имкон берди.

Американинг «The Diplomat» нашри шарҳловчиси Жеймс Дюрсов Ўзбекистоннинг Афғонистондаги тинчликка қўшган ҳиссасига бағишлаб ёзган сўнгги мақоласида "Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йилда ҳокимият тепасига келиши минтақанинг Афғонистонга нисбатан қарашларини ўзгартирди ва бу мамлакатни Марказий Осиёнинг бир қисми сифатида тан олинишига ҳисса қўшди. Марказий Осиёдаги мамлакатларнинг Афғонистонни минтақа иқтисодиётига қўшилишига ёрдам бериши бу ерда ҳукуматни мустаҳкамлаб, фуқаролар урушининг олдини олишга имкон бериши мумкин", дея қайд этди.

Ўзбекистон раҳбарининг ушбу мамлакатни фақат таҳдид манбаи сифатида қабул қилишни тўхтатиш ва Афғонистонга имкониятлар нуқтаи назаридан қарашни бошлашга чақириғи халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланди. Ҳозирги кунда Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб қилиш зарурлиги тўғрисида умумий тушунча мавжуд.

Ушбу ғоя Тошкент конференцияси, шунингдек, 2017 йил ноябрь ойида Ашхободда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг еттинчи конференцияси ва 2018 йил май ойида Душанбеда бўлиб ўтган терроризм ва зўравон экстремизмга қарши кураш бўйича халқаро конференция иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди.

Бундан ташқари, иқтисодий ривожланиш дастурлари Афғонистонда миллий ярашувга эришиш учун бирлаштирувчи тамойил бўлиб хизмат қилиши ва Афғонистондаги вазиятни сиёсий жиҳатдан тартибга солиш жараёнининг ижтимоий-иқтисодий асосини ташкил этиши мумкин, деган тушунчага эришилмоқда.

Хусусан, Марказий Осиё бўйича етакчи немис мутахассиси Гюнтер Кнабе ана шундай фикрда. Унинг таъкидлашича, "Ўзбекистоннинг Афғонистон стратегияси иқтисодий ва сиёсий муаммоларни ҳал қилиш учун асос бўлиши мумкин ва урушлардан узоқ вақт азият чекаётган мамлакатда можарони тугатишга ёрдам беради".

Шу боис айтиш мумкин, бугунги кунда пайдо бўлаётган вазиятдан фойдаланиб, тинчлик жараёнининг давомийлиги ва тараққиётини таъминлаш, зиддиятли томонларни яраштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар билан бир қаторда, Афғонистоннинг иқтисодий келажагига сармоя киритишни бошлаш, Афғонистон ичидаги қарама-қаршиликнинг барча иштирокчиларига тинч ижодий меҳнат ва минтақавий ҳамкорликнинг ҳақиқий самараларини кўрсатиш жуда муҳимдир.

Ўзбекистон Президенти томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар айнан шу мақсадларга эришишга қаратилган ва афғонлараро ярашувни ривожлантириш, келажакда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун жуда муҳимдир.