1312/18

ЭЛЕКТР ЭНЕРГЕТИКА СОҲАСИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 октябрь куни электр энергетика соҳасидаги ишлар аҳволини чуқур таҳлил қилиш, тармоқни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилашга бағишланган йиғилиш ўтказди.
 
– Электр энергетикаси иқтисодиётнинг “мотори” бўлиб, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни, умуман ҳаётни бу соҳасиз тасаввур қилиб бўлмайди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Мамлакатимизда жами 14 минг мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд бўлиб, унинг 86 фоизи иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келади. 
 
Бироқ, иссиқлик электр станциялари қувватларининг 84 фоизи қарийб ярим аср аввал ишга туширилган бўлиб, улар ҳам 83 фоизга ишламоқда, холос. 
 
Ривожланган давлатларда 1 киловатт электр энергияси ишлаб чиқариш учун 240-260 грамм ёқилғи сарфланса, мамлакатимиздаги айрим станцияларда 2 баробар кўп ёқилғи сарфланади. 
 
Мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб 2030 йилга бориб 20 минг мегаваттга етади. 
 
Мамлакатимизда электр энергияси асосан табиий газни ёқиш эвазига ишлаб чиқарилади. Газ ресурслари чекланган бугунги шароитда 2030 йилга бориб уни янада кўпроқ сарфлаш – тикланмайдиган табиий ресурсларнинг жуда катта миқдорини увол қилиш деганидир. 
 
– Атом электр станциясининг ишга туширилиши ёқилғи сарфини қисқартириш бўйича мутлақо янги ечимлардан бири бўлади, бироқ бунинг учун ҳали 8-10 йил керак. Шунинг учун мавжуд муаммоларни тезроқ бартараф этиш ва тармоқни тубдан ривожлантириш, энг муҳими, қисқа вақтда тизимда сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш лозим, – деди Президентимиз. 
 
Йиғилишда 2030 йилга бориб қўшимча талаб этиладиган 12,5 минг мегаватт қувватларни яратиш чорасини кўриш, жумладан, буғ-газ қурилмалари, атом электр станцияси, гидроэлектрстанциялар барпо этиш ва мавжудларини модернизация қилиш, Сирдарё, Тошкент, Навоий, Тахиатош иссиқлик электр станцияларидаги энергоблокларни янгилаш, шунингдек, давлат-хусусий шерикликни электр энергияси тизимига ҳам жорий қилиш орқали зарур бўладиган қувватларни қоплаш бўйича вазифалар белгиланди. 
 
Шунингдек, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятига 3,9 минг мегаваттли буғ-газ ва газ-турбина қурилмалари ҳамда Ангрен шаҳрида ва Сурхондарё вилоятида кўмирда ишлайдиган иссиқлик электр станциялари, қуёш ва шамол электр станциялари қуриш чораларини кўриш бўйича тегишли топшириқлар берилди. 
 
Йиғилишда электр энергияси ишлаб чиқарувчи янги объектлар қуришни жадаллаштириш бўйича ҳам вазифалар белгилаб олинди. 
 
Шу муносабат билан келгуси йилдан электр энергияси сотишдан тушадиган маблағларнинг 15 фоизини инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ва кредитларни қайтариш учун йўналтириш лозимлиги таъкидланди. 
 
Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамиятига лойиҳаларни молиялаштириш манбаларини аниқлаш вазифаси топширилди. 
 
– Тизимда амалга ошириладиган модернизация ва реконструкция ишлари ушбу соҳага давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторни жалб қилишни тақозо қилмоқда. Лекин, на норматив-ҳуқуқий база ва на техник инфратузилма бунга тайёр эмас. Масалан, хусусий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини энерготизимга қабул қилиш масаласи ҳанузгача ҳал этилмаган. Оддий мисол, Туркияда 60 фоиз, Жанубий Кореяда 20 фоиз электр энергияси хусусий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилади, – деди Президентимиз. 
 
Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси ва "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамиятига халқаро экспертлар хулосалари асосида соҳага хусусий секторни жалб қилиш, шунингдек, давлат-хусусий шериклик механизмининг ҳуқуқий, институционал, технологик асослари ишлаб чиқилишини таъминлаш бўйича топшириқ берилди. 
 
Йиғилишда 30 йилдан кўпроқ вақтдан буён фойдаланиб келинаётган тармоқлар улуши 62 фоизни ташкил этиши, тақсимловчи тармоқларда линияларнинг 57 фоизи ва 39,6 мингта трансформатор пункти янгиланиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. 
 
2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурга асосан жорий йилда 34 минг километрлик электр узатиш тармоғи ва 7 минг трансформатор пунктида, 2019 йилда 7 минг километр электр узатиш тармоғи ва 2 минг трансформатор модернизация қилиниши лозим. 
 
Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамиятига дастурда белгиланган тадбирларни барқарор молиялаштириш манбалари билан таъминлаш юзасидан топшириқ берилди. 
 
“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятига инвестиция мажбуриятларини бажариши учун уни молиявий мустаҳкамлаш бўйича чоралар кўриш вазифаси юклатилди. Шу жумладан, "Ўзбекэнерго" акциядорлик жамиятига унинг 2019-2021 йилларда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига асосий қарзини қайтариш муддатини 3 йилга узайтириш бўйича енгилликлар бериш масаласи ҳам кўриб чиқилди. 
 
Етказилган электр энергияси бўйича қарздорликларни ундириш самарадорлигини янада ошириш зарурлиги таъкидланди. Мажбурий ижро бюроси электр энергияси бўйича қарздорликни камайтириш юзасидан кўрилаётган чоралар натижадорлигини янада ошириши кераклиги қайд этилди. 
 
Энергия ресурсларининг автоматлаштирилган ҳисобини юритиш тизимини жорий этиш пайсалга солиб келинаётгани танқид қилинди. 
 
Масалан, мазкур тизимни Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида жорий этиш бўйича чет эл компанияси билан имзоланган шартнома қиймати қайта кўриб чиқилиши сабабли уни амалга ошириш тасдиқланган режа-жадвалдан 15 ойга кечикмоқда. 
 
"Ўзбекэнерго" АЖ, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Бухоро, Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги 1,4 миллион истеъмолчини автоматлаштирилган тизимга улаш ишларини жадаллаштириши зарурлиги таъкидланди. 
 
Бошқа ҳудудларда 2019-2021 йилларда Осиё тараққиёт банки кредити ҳисобидан автоматлаштирилган тизимни жорий қилиш, автоматик бошқарув тизимининг ягона марказини ташкил этиш, келгуси 3 йилда 5,6 миллион дона замонавий электр ҳисоблагич ўрнатиш вазифаси юклатилди. 
 
Президентимиз қўшни давлатлар энергия тизимларига транзит хизмати кўрсатиш, бунинг учун улар билан музокараларни йўлга қўйиш, юртимизнинг транзит ва экспорт салоҳиятидан унумли фойдаланиш бўйича "Йўл харитаси" ишлаб чиқилиши юзасидан тегишли мутасаддиларга топшириқ берди. 
 
Энергия ишлаб чиқарувчи янги қувватлар барпо этиш учун замонавий технологиялардан фойдаланиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий қилиш “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятининг асосий вазифаси бўлиши зарурлиги таъкидланди. 
 
Йиғилишда электр энергетика соҳаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш зарурлиги қайд этилиб, соҳани жадал ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.